Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.04.2018 12:09 Чоп этиш версияси

ҲАМЗАНИНГ БАДАЛИ

ҲАМЗАНИНГ БАДАЛИ
НИГОҲ 

Миллат ва Ватан эртаси учун фидойилик кўрсатган аждодларни келажак авлод ҳеч қачон унутмайди. Шу маънода www.uza.uz сайти улуғ мутафаккирлар, шоир ва ёзувчиларнинг хотирасини ардоқлаш, улар қолдирган бой адабий меросни тарғиб қилиш мақсадида туркум материалларни эълон қилиб бормоқда.

Жумладан, сайтда яқинда эълон қилинган Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ҳақида “Ҳамза янги ўзбек адабиёти асосчиларидан бирими?” номли материалга кўпчилик фойдаланувчилар ўз муносабатини билдиришди.Таҳририятга қўнғироқлар, ижтимоий тармоқларда илиқ фикрлар билдирилди. Ўқувчиларни адибнинг серқирра ижодидан кенгроқ таништириш мақсадида таниқли режиссёр Баҳодир Йўлдошев билан журналист Иқбол Қўшшаеванинг суҳбатини қуйида ҳавола қиламиз.

ҲАМЗАНИНГ БАДАЛИ

Атоқли санъаткор Баҳодир Йўлдошев Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий дунёсига бир неча бор саёҳат қилган режиссёр. “Бой ила хизматчи” спектакли сўнгги бор шу инсон талқинида саҳна юзини кўрди ва хайрлашди. “Паранжи сирлари” – ўзидан кўнгли тўлмас режиссёрнинг ноёб бешталигига кирган шоҳ асар. “Майсаранинг иши” эса Баҳодир Йўлдошевнинг арзандаси, ҳамон турли талқинларда яшаб келяпти. Шу боис узоқ йилларга чўзилган дилхуфтон сукунатни бузишга бу ижодкорнинг маънан ҳаққи бор деб ўйлайман...

— Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг ижодий ва инсоний қисмати ҳақида ўйлаганда, Самуил Маршакнинг мисраси ёдга тушади: “Мана сенга ажр, қачонлардир урф бўлганинг учун!”

Бунақа “урф” бўлиш ҳам, бу шон-шуҳратга бадал тўлаш ҳам унинг ўзига эмас, сиёсатга керак бўлди. Ҳолбуки, шоир ижодининг қандай қилиб бузилгани, “Яша Турон” “Яша Шўро”га айланиб қолгани аллақачон исботланганди.

Ҳамзанинг шоиру ёзувчилиги ҳақида адабиётшунослар гапиргани маъқул. Мен шоирнинг ўзи билан ишлаган актёрлардан у репетицияларга қандай қатнагани ҳақида эшитганман. Холида Хўжаева ва Шариф Қаюмовнинг ҳикоясида Ҳамза буткул бошқача одам бўлиб гавдаланарди. Китоблардаги Ҳамзага ўхшамасди. У ижтимоийлашган қизил арбоб бўлиб гавдаланмасди. Хуллас, эшитганларим ва кузатувларим асосида гапирадиган бўлсам, у аввало театр кишиси бўлган, деган фикрга келаман. Театр туфайли ёзувчиликка эҳтиёж сезган. Шоир, ёзувчи, мусиқачи Ҳамзадан драматург Ҳамза баланд туради. У ўзбек театрининг шаклини жуда яхши билган. Бугун Ҳакимзода орзу қилган ўзбекона шакл бузилган. Асл ўзбек театри – давра театри. Давра театрида томошабин спектакл иштирокчиси вазифасини ўтайди. Яъни, воқеага аралашиши, муносабатини билдириши мумкин бўлади. Ҳамза домла билганмилар ё йўқ, бу — Шекспир театри. Шекспир театрида ҳам бош қаҳрамон томошабин. Улар Ҳамлетни “ҳимоя қилиш” ҳуқуқига эга. Ҳамза Ҳакимзода Вахтангов мактабини битириб келган Маннон Уйғур билан Етим Бобожоновнинг кўп репетициясида қатнашган. Шоир буларнинг суҳбатини эшитиб, театр нималигини тушунган. Холида опа “Ним қоронғи залда узоқдан эски дўппи кўриниб турарди, шундан билардик, Ҳамза келганини”, деб эсларди. Кечгача ўтираркан.

Бир неча йиллар олдин эълон қилинган суҳбатингизда бугунги ўзбек театрини Ҳамза қутқариб келяпти дегансиз.

— Ҳалиям шу фикрдаман. Бизда Ҳамза билан бўйлаша оладиган драматург йўқ. Унинг ҳар бир пьесасидан тилни, воқеаларни бир-бирига қандай боғлашни ўрганиш мумкин. Одатда пьесалар ўқилади ёки кўрилади. Ҳамзани ҳам ўқийсиз, ҳам кўрасиз. Юморлари жуда нозик, аскиялар меъёридан ўтмаган. Масалан, яллачи Мастура сатанг қариб қуйилмаган эшоннинг аҳволини гапиряпти: “Эшонимиз “Витир вожиб”ни ўргатганлари ўргатган. Хабарлари йўқки, бир уйда биттасига бир киши “Витир вожиб” билан овора, тўртта уйда тўрттасига “ўтир вожиб” бўлиб чиқади”.

Шоир ўлганидан кейин Маннон Уйғурдан “Ҳамза олдингизга кўп келарди, мабодо пьесалари сизда эмасми”, деб сўрашади. “Чердакни кўринглар, бир тугун олиб келувди, мен ўша ёққа ташлаб қўйгандим”, дейди у. Шу билан “Бой ила хизматчи”, “Паранжи сирлари” ва “Майсаранинг иши” топилган. Агар ўшанда ахтариб келишмаса, умуман йўқ бўлиб кетарди. Бироқ бу пьесалар бизда нотўғри талқин этилган. Ҳамза кўникмаю қолипларга қарши ижодкор. Бой деганда семиз, баджаҳл башара деб тушунилади. Ҳамза “Бой ила хизматчи”да ёзадики, Солиҳбой элликка кирган, навқирон йигитдай одам. Қиличдек ўктам, новча. Ғофирни барваста, барно йигит деб ўйлаймиз. Йўқ, уни чўтир, паст бўйли деб ёзади. Агар кўркам йигит бўлса, Жамила нега ундан кета олмаслиги табиий ҳол. Ҳайратланарли жойи йўқ. Лекин асл вариантда Жамила камбағал, хунук эрини хушсурат бойга алишмайди! Ғофир ҳам камбағал, ҳам чўтир, ҳам паст бўйли одам. Демак, бу ерда муҳаббат бор. Квазимода каби Ғофирнинг кўнгли гўзал.

Ҳозир одам савдоси деб фоҳишалар ҳаётидан бўлар-бўлмас пьесаларни ёзишади. Ҳамза буни аллақачон ёзиб қўйган. “Паранжи сирлари” классик ва ҳамиша актуал асар. Қиз болани товар деб билиш, унинг ўғирланиши ва исловатхонага тушиши бутун драмаси билан кўрсатилган. Яллачи Мастура сатанг олдида тўқима мамарозалар ҳеч нарса эмас. Мастура “Бўлди мен ишимни ташлайман, Маккага бораман”, деса, эри кулади: “Шу ҳаром пуллар билан Маккага бормоқчимисан?” деб. “Майсаранинг иши”ни ҳам бузишган. Ҳидоятхонни баччавоз қилиб қўйганмиз. Баччавоз бўлса, Ойхоннинг ортидан югурадими? Аслида у кишим ниҳоятда нозиктаъб, шоиртабиатлар. Бу образга драматург фақат кулимсираб қарайди. Шу дастак бўлган. Масалан, “Бой ила хизматчи”да бойнинг уч хотини бор. Пошшойим 27 ёшда. Хонзода 24, Гулбаҳор 18 да. Энди бой 16 ёшлига уйланмоқчи. Хотинларинг шунақа ёш бўла туриб, нега яна ёш қизга кўз олайтирасан, бу аёлларингга нисбатан виждонсизлик-ку. Бироқ бизнинг саҳнада Пошшойимни эллик ёшли актриса, Хонзодани 40 ёшли актриса ўйнаб келган. Шунинг учун ҳам Ғофир “Бой ота, аввал уйдагиларнинг ҳисобини қилинг”, дейди. Домланинг Ғофирга айтган гапини эшитинг: “Сен бадбахтнинг бахтинг шундаки, бойнинг назари хотинингга тушибди”. Қаранг-а, “бахтинг шундаки”! Бунақа диалогни бошқа драматургда учратмайсиз. Комил Яшин ишлаган “Бой ила хизматчи”нинг тикланган вариантида Ғофир “Қози домла, хотинимнинг инон-ихтиёри ўзида. Бойга тегмоқчи экан, тегаверади. Мендан нима истайсиз?” дейди. Ахир, қанақасига? Ўзбек йигити шундай дейиши мумкинми? Нима эмиш, хотин ҳам инсон, ўз тақдирини ўзи ҳал қилади. Бу аёл учун ҳақорат-ку. Ҳамзада бу гап умуман йўқ. “Бой или хизматчи”ни қўяётганимда менинг маслаҳатчим Уйғур билан ишлаган Саъдихон Табибуллаев эди. Шу инсон мени “бузилган Ҳамза”дан иҳоталаб турган. Драматургнинг ўзи ҳам Солиҳбой ролини ўйнаган экан. Уни рус драматургияси билан таништириб, драматург сифатида шаклланишида рафиқаси актриса Мария Кузнецованинг ҳиссаси катта.

Сиз қўйган “Паранжи сирлари”да Римма Аҳмедова ижросидаги яллачи Мастуранинг руҳий талқини Лутфихоним Саримсоқованинг шўх-шаддод Мастурасидан буткул фарқ қилади....

— Улар спектаклни “Шарқнинг бахтсиз аёллари” ғояси устига қўйишган. Мен Ҳамзанинг ўзига таянганман. Ҳамзанинг ўзини ўқисангиз, ҳузур қиласиз. “Паранжи сирлари” парча-парчалардан иборат бўлган. Буни ҳам ҳукмрон мафкура истагига бўйсундириб, қайта ясашган. Илгари ўзимизда ҳам ўғирланган қизлар японларнинг гейшасидек тарбияланган. Улар шеър ўқиган, дутор чалган, рақсга тушган. Қизнинг номи сир тутилган. Масалан, Тўлахон Холисхонга айланади. У жойга дуч келган одам боравермаган. Поэзияни тушунган, куйни тушунган одамлар борган. Бойваччалар дам олиб кетишган. Ҳамза бунақа жойларни жуда яхши биларди. Бу пьесада оналар тақдири, сатанглар тақдири, қизлар тақдири бутун аянчи билан акс этган. Мастуранинг аёл боши билан қандай кўйларга тушишини кўрасиз. Мастура “Қора бўлган бу юзларимни байтуллога суркамай ўлсам, рўзи қиёматда қандай бош кўтараман”, дейди ва дўппи тикиб пул тўплайди. Мастура ўзининг кимлигини билган аёл. У шунчаки қўшмачи хотин эмас. Мазкур пьесадаги Норбойвочча бузуқ хотинбоз эмас, ҳусн шайдоси. Пичоқ шайдоси бор, от шайдоси бор, шеърият шайдоси бор. У ҳусн шайдоси. Аёл гўзаллиги нималигини билган эркак! Бу дардибало хилқатни юқори мақомда кўради. “Опа, қирқ кунлик шолипоямни бераман. Фақат қўлидан бир пиёла чой ичсам бас”, дейди. Ўша қизни олиб беринг демаяпти, қўлидан бир пиёла ичсам бас, деяпти. Ҳусн шайдосида жунун ёмон кечади, уни тўхтатиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам “Томоғимдан кўз ёшдан бошқа нарса ўтмайди”, деб арзи ҳол қилади. Ҳали Ҳамзанинг драматургиядаги сир-синотига етиб боролганимиз йўқ. Фақат соцреализм қаричидан чиқа олмай, оқ калтагу-кўк калтак қилиб ётибмиз. Энди қисматида шу кўргиликлар бор экан, Шекспирникига ўхшаб унинг руҳи ҳам кўп сарсон бўлди (Шекспирга ҳам қилинмаган туҳмату бўҳтон қолмади: бу ҳақда қанча қанча китоб чиқиб, пьесалар ёзилган, кинолар олиняпти).

Ўйлаб туриб, қазои қадар адолатига ҳайрон қоласан. Шоирнинг ўзлигидан мосуво этган “шунос-шунос”лару замонасоз ижодкорларнинг узоқ умргузаронлик қилишганида, сиёсий врилишларнинг гувоҳи бўлишганида ҳикмат кўраман. Шунинг ўзи ҳам юнон трагедиялари билан бўйлаша оладиган шекспирона драма эмасмикан?

Ҳамзашунослар кўргилиги алоҳида фожиа. Адабиёт аҳли инсофли одам бўлиши керак. Давр деб бир ёзувчининг умрига завол бўлмаслик керак. Қўй, ёзма, буюртмани бажарма, унвонингни олма. Бу касаллик фақат ҳамзашуносликка ёки шўро давригагина тегишли иллат эмас. Ҳамзашунослар кўргилиги — илоҳий ҳақиқат, самовий сабоқ. Худо замонасозлик оқибатини, нима қилиб қўйганингни ўз кўзинг билан кўр, деб уларга узоқ умр берган. Бу жазо эди. Сени бир вақтлар қилган “хизмат”инг учун Ҳамза неларга дучор бўлганини кўргин, деган. Мен даврни эмас, давр лаббайгўйларини айблайман. Агарда мен ҳамзашунос бўлсам, шоир номини дарсликлардан ўчирилиши, ҳайкалларининг қулатилиши, асарларини театр репертуарларидан олиб ташланишига, бузилган пьесалари ва шеърлари қандай фош этилишига гувоҳ бўлиш юрагимни суғуриб олгандек оғриқли кечарди. Ахир бутун бир умринг ўтган-а! Мен барибир ич-ичимдан ишонардим, мафкурабозлар ҳар қанча чиранмасин, Ҳамза номини ўзбек маданияти тарихидан ўчира олишмасди! Ҳамзаники оёқости қилдик, ўзбек театри шу даражага тушди. Биз нонкўрликка бордик. У театрдан ҳатто ўз номини ҳам олиб кетди, бу жой менга муносиб эмас, деб. Ислом маданияти марҳумлар ҳақида эҳтиёт бўлиб гапириш керак, деб бежиз уқтирмайди. Чунки руҳлар тинч қўймайди. Лекин Ҳамзага аҳмоқона ҳукм ўқишган маҳалда ҳам мен барибир “Майсаранинг иши”га мурожаат этдим, студия тингловчиларига драматург Ҳамзани таништиришдан чекинмадим. Беҳуда гапларга эътибор қилмадим, шукрки, менга ҳам эътибор қилишмади. Бир ўйлаб кўринг-а, ҳар қанча тайёргарликларга қарамай, 2014 йили театрнинг юз йиллик юбилейи нега бу қадар рангсиз, муваффақиятсиз ўтди? Чунки Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийга жуда катта адолатсизлик қилинганди. Президентнинг табригида ҳамманинг номи бор, фақат у зот эсланмади. Ўзбек театри Ҳамзасиз юзга кира оларканми?! Бу театр етмиш йил давомида мавсумни “Бой ила хизматчи” асари билан очди. Маннон Уйғурни Маннон Уйғур қилган, Етим Бобожонни Етим Бобожон қилган, Обид Жалиловни Обид Жалил қилган Ҳамзанинг пьесалари-ку. Аброр Ҳидоятов, Шукур Бурҳон, Сора Эшонтўраева, Холида Хўжаеваларнинг биографиясини бойитиб турган ҳам шу Ҳамза! Биргина у зотнинг унутилиши, қаранг, театр тарихидаги қанча улуғларнинг умрини кул қилаёзди!

Иқбол Қўшшаева суҳбатлашди

P/S: Азиз ўқувчи. www.uza.uz сайти таҳририяти Сиздан тарихий шахслар билан боғлиқ хотиралар, материаллар бўлса кутиб қолади.

Telegram-UzA.jpg


13 931