ЎзА Ўзбек

19.04.2019 Чоп этиш версияси

Ҳамкорликнинг янги қирралари

Ҳамкорликнинг янги қирралари

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигида Корея Республикаси Маданий мерос администрацияси раҳбари Чонг Жей Сук билан учрашув бўлиб ўтди. 

Маданият вазирининг ўринбосари К.Оқилова юртимизда маданий мерос объектларини асраш борасида амалга оширилаётган ишлар, олиб борилаётган археологик тадқиқотлар Ўзбекистон тарихининг турли даврларига оид маълумотларни бойитишга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Кўҳна Афросиёб деворларида Самарқанд ҳукмдорининг қадимги Корея – Чосон элчисини қабул қилиш маросими тасвири акс эттирилгани мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар илдизи узоқ асрларга туташ эканидан дарак беради. Ўзбек ва корейс халқларининг маданиятида ўхшаш ва уйғун жиҳатлар кўп. Халқимизнинг Ватанга садоқат, меҳнатсеварлик, бағрикенглик, меҳр-оқибат, каттага ҳурмат, кичикка иззат, сабр-матонат каби фазилатлари кореяликларга ҳам хосдир. Тақдир тақозоси билан бир пайтлар юртимизга келиб қолган корейслар ўзбеклар билан дўст-биродар бўлиб кетган, жамиятимизнинг фаол аъзоларига айланган.

– Ўзбекистондек кўп миллатли, меҳридарё ва бағрикенг халқнинг таркибида корейсларнинг ҳам борлиги диққатга лойиқ, – дейди Чонг Жей Сук хоним.– Уларнинг юртингизда ўтказиладиган барча ижтимоий ва маданий тадбирларда фаол иштирок этиши мамлакатингизда миллатлараро дўстлик ва тотувлик сиёсатининг яна бир ёрқин намунасидир. 

Учрашув ҳар икки мамлакатнинг маданий мерос объектлари ва археологик тадқиқотлар борасидаги ҳамкорлигини янада ривожлантиришга хизмат қилишига шубҳа йўқ. Учрашув давомида маданий мерос объектлари ва археологик тадқиқотлар борасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

1 968
Н.Усмонова, ЎзА