ЎзА Ўзбек

08.04.2019 17:47 Чоп этиш версияси

Амир Темурнинг қош толалари, Улуғбек белбоғи парчалари қаерда сақланади?

Амир Темурнинг қош толалари, Улуғбек белбоғи парчалари қаерда сақланади?

Темурийлар тарихи давлат музейида Соҳибқирон Амир Темурнинг қош толалари, Шоҳрух қабридан чиққан мато, Мироншоҳ қабридан чиққан мунчоқ бўлаклари, Улуғбек белбоғидан парча, Бибихоним қабридан чиққан тақинчоқ сақланади. Ушбу экспонатлар Халқаро пресс клубнинг сессияси орқали илк бор кенг оммага намойиш этилган.

– Маълумки, 1941 йил Қори Ниёзий бошчилигидаги комиссия томонидан Соҳибқирон қабри очилган ва мутахассислар томонидан ўрганилган, – дейди музей фонд бўлими мудири Наргис Холова. – Унда Соҳибқирон Амир Темурга тегишли қош толалари топилган. Дунёда ягона экспонат бизнинг музейимизда сақланади. Музейда сақланаётган экспонатлар орасида Мирзо Улуғбекнинг ипакдан тўқилган белбоғи парчалари ҳам бор.

Шунингдек, экспонатларимиз орасида Амир Темур кафанининг парчаси ҳам бўлиб унда сура ёзилган, у сув таъсири ҳисобига анчайин эскирган. Бундан ташқари, музейимизда Шоҳрух қабридан чиққан мато бўлаги, Мироншоҳ қабридан чиққан мунчоқ бўлаги, Бибихоним қабридан чиққан тақинчоқ ҳам сақланади. Уларнинг барчаси Амир Темур мақбарасидан топилган ва 1996 йил тегишли буйруқ билан музейга келтирилган. Музей таъмирланаётган вақт экспонатлар бир муддат музей фондидда сақланган ва яқинда яна экспонатлар қаторидан жой олди.

Мазкур экспонатларга музейга ташриф буюрувчилар, айниқса, хорижлик меҳмонларда қизиқиш катта.

Ушбу экспонатлар сабаб музейга ташриф буюрувчилар сони ошмоқда. Маълумот ўрнида айтиш мукинки, 2018 йил музейга жами 171 мингдан ортиқ киши келган ва уларнинг 23 мингдан зиёди хорижлик меҳмонлардир. Музейга 18 ёшгача бўлган болалар сешанба ва жума кунлари бепул киришлари мумкин. Ўтган йил музейга жами 70 мингдан ортиқ киши бепул кирган бўлса, уларнинг 60 мингга яқини мазкур имтиёздан фойдаланган ёшлардир.

photo5284979360085944990.jpg

photo5284979360085944991.jpg

photo5284979360085944992.jpg

photo5284979360085944993.jpg

photo5284979360085944994.jpg

photo5284979360085944995.jpg

photo5284979360085944996.jpg

Инобат Аҳатова, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
11 685