ЎзА Ўзбек

23.11.2012 20:03 Чоп этиш версияси

“Алпомиш” – халқаро танлов ғолиби

Жорий йилнинг август ойида Жанубий Кореянинг Кванжу шаҳрида Осиё достончилик санъати қўмитаси томонидан халқ оғзаки ижоди меросини асл ҳолича асраш ва келажак авлодларга етказиш мақсадида эртак, афсона ва эпослар сценарийлари халқаро танлови ўтказилган эди.

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигидан маълум қилишларича, ушбу танловга ўндан ортиқ мамлакатдан икки юздан зиёд киносценарий тақдим этилган. Мамлакатимиз киноижодкорларининг “Алпомиш” киносценарийси ушбу танловда энг олий мукофот – Гран-прига сазовор бўлди. Шунингдек, “Шаҳзода Шерзод саргузаштлари” киносценарийси танловнинг “Энг яхши киносценарий” номинацияси совриндори бўлди.

Ўзбек Миллий академик драма театрида мазкур мукофот муаллифларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда олимлар, санъат ва маданият намояндалари, талабалар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазири Т.Қўзиев, “Ўзбеккино” миллий агентлиги бош директори А.Исҳоқов, Корея Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Чон Де Ван ва бошқалар Президент Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистонда бебаҳо миллий қадриятларимизни асраш, номоддий маданий меросимизни чуқур ўрганиш, жаҳон миқёсида кенг намойиш этиш, кино санъатини ривожлантиришга доимий эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 7 октябрда қабул қилинган “2010-2020 йилларда номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни тизимли ташкил этишда муҳим омил бўлаётир.

Бебаҳо маънавий меросимизни тарғиб этишда кино санъатининг имкониятларидан кенг фойдаланилаётир. Қадрият ва анъаналаримиз акс этган кўплаб кино асарлар хорижда ҳам катта қизиқиш уйғотаётир.

Таниқли киноижодкорлар Жасур Исҳоқов ва Мастура Исҳоқова томонидан яратилган “Алпомиш” ҳамда “Шаҳзода Шерзод саргузаштлари” киносценарийлари миллий ўзлигимиз акс этган ана шундай асарлардандир. Уларнинг бош қаҳрамонлари қиёфасида ватанпарварлик, оилага ва қадриятларимизга садоқат туйғуси тараннум этилган. Киноасарларда халқимизнинг бебаҳо маданий мероси, кишилик жамияти тараққиётида ва баркамол авлодларни камолга етказишда тутган беқиёс ўрни хусусида сўз юритилади.

Мазкур киносценарийларнинг айнан шу жиҳатлари халқаро танлов ҳакамлари томонидан юқори баҳоланди. Тадбирда халқаро танлов ғолибларига мукофотлар топширилди.


ЎзА, Б.Хидирова
8 419