ЎзА Ўзбек

17.09.2020 Чоп этиш версияси

Ҳалоллик, ростгўйлик, пок виждон тимсоли

Ҳалоллик, ростгўйлик, пок виждон тимсоли
Адабиётимиз дарғалари

Миллий адабиётимизнинг забардаст чинорларидан саналмиш устоз Абдулла Қаҳҳор эндиликда тобора танқислашиб бораётган фазилат – ростгўйлик, ҳалоллик тимсоли эди.

Бу жиҳат адиб юрагининг асл кўзгуси – унинг асарларида яққол кўзга ташланади. Айни пайтда адабиётшуносларнинг ижодкор ҳаёт йўли, фаолияти билан боғлиқ хотираларини ўқиб, бунга қайта-қайта ишонч ҳосил қилиш мумкин.

Ҳақиқатни ҳаёт шиорига айлантирган ёзувчининг таваллудига 113 йил тўлди. Жамиятни, халқини иллату камчиликлардан ҳоли кўриш орзуси, она тилимизга улкан эҳтиром, сўз қудратини ҳис этиш, ижодкор масъулияти Абдулла Қаҳҳор асарларида барқ уриб туради.

Кўплаб тилларга таржима этилган "Сароб", "Қўшчинор чироқлари", "Синчалак", "Ўтмишдан эртаклар" каби асарларида давр руҳи, муҳитига ошно бўласиз. Адибнинг "Аяжонларим", "Шоҳи сўзана", "Оғриқ тишлар", "Тобутдан товуш" каби саҳна асарлари театрларимиз репертуарини бойитган, томошабинларни бефарқ қолдирмаган. "Анор", "Майиз емаган хотин", "Ўғри", "Ўжар" каби ҳикояларини ўқиб адибнинг сўз қадри ва масъулиятини нечоғли юксак билишига, топқирлиги, ҳозиржавоблигига яна бир карра иқрор бўламиз. Минг марта кўрсак-да, "Маҳаллада дув-дув гап" фильмининг меъдага тегмаслиги, халқона, завқли, самимий тили Абдулла Қаҳҳор маҳоратининг самараси эмасми?!

Ёзувчи Пушкин, Толстой, Гоголь, Чехов асарларини зўр маҳорат билан ўзбек тилига таржима қилган.

Абдулла Қаҳҳор номи, ижоди, фаолияти мумтоз адабиёт билимдони, ўзбек-тожик адабий алоқаларининг мустаҳкамлигига ҳисса қўшган зиёли инсон Кибриёхоним Қаҳҳорова билан чамбарчас боғлиқ. Фавқулодда ўткир зеҳн, кучли қувваи ҳофиза соҳибаси бўлган Кибриё ая устознинг наинки умр йўлдоши, балки энг яқин кўмакчиси, устозга маънавий-руҳий далда бўлган инсон эди.

Бугунги сўз эркинлигидан ҳар ким истаганича фойдаланаётган, кимлардир эса андишани қўрқоқ билиб уни суистеъмол этаётган бир пайтда устознинг жўяли, ҳақгўй, маърифатга йўғрилган кескир фикр ва қарашларининг қиммати кўпроқ билинади. Шундай экан, Абдулла Қаҳҳор ҳамон ҳалоллик, ростгўйлик, пок виждон тимсоли бўлиб қолаверади.

4 702
Назокат УСМОНОВА, ЎзА