Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.03.2018 17:12 Чоп этиш версияси

Алишер Навоий ғазалларига бағишланган янги китоблар тайёрланди

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси шеърият кенгашининг 2017 йилдаги фаолиятига бағишланган ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон халқ шоирлари, ёзувчилари, газета-журналлар вакиллари, нашриётларнинг ижодий ходимлари ва ёш ижодкорлар иштирок этди.

Президентимизнинг 2017 йил 3 августдаги Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан бўлиб ўтган учрашуви адабий ҳаётдаги энг муҳим воқеа бўлди. Айни шу учрашувда Ёзувчилар уюшмасининг янги биносини қуриш таклифи илгари сурилган эди. Мана орадан бир йил ўтмасдан муҳташам бино ижодкорлар ихтиёрига топширилиб, ҳақиқий адабиёт масканига айланди.

Зулфия, Ибройим Юсупов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф ижод мактаблари ташкил этилди. Кенгашга тақдим этилган юздан зиёд турли савиядаги шеърий тўпламлар муҳокама қилинди. Айрим муаллифлар кенгаш билдирган фикрлардан сўнг тўпламларини қайта ишлаб, муҳокамага берди.

Ўтган йил давомида кенгашга кичик шеърлар, шеърий туркумлардан тортиб катта ҳажмдаги шеърий асарлар ҳам келиб тушди. Масалан, қашқадарёлик ижодкор Жумақул Ражабов Алишер Навоийнинг “Ҳазойин-ул маоний” номли тўрт девонидаги барча ғазалларга боғланган ҳар бири 1500 саҳифадан иборат тўрт китобини тақдим этди ва китоблар муҳокама учун Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ўзбек тили ва адабиёти институтига таҳлил ва тақриз учун тавсия этилди.

Тадбирда сўз олган адабиётшунос олимлар ўз маърузаларида бугунги кунда китоб ҳолида нашр этилаётган, газеталар саҳифаларида эълон қилинаётган шеърларнинг бадиий савияси ҳақидаги таҳлилий ва танқидий фикрларини билдирди.

Инобат Аҳатова, ЎзА мухбири
7 735