ЎзА Ўзбек

11.08.2020 Чоп этиш версияси

Алишер Навоий асари асосида яна бир мультфильм суратга олинади

Алишер Навоий асари асосида яна бир мультфильм суратга олинади

“Ўзбеккино” миллий агентлиги буюртмасига асосан, айни пайтда “Хасис баққол” деб номланган мультипликацион фильмни суратга олиш ишлари бошланди.

“Мультипликацион фильмлар студияси” ДУК ва “Astir Animation” МЧЖ билан ҳамкорликда яратилаётган мазкур фильм Алишер Навоийнинг “Лисонут-тайр” достонида келтирилган ҳикоят асосида суратга олинмоқда. Эслатиб ўтамиз, айни пайтга қадар Навоийнинг “Шер билан Дуррож”, “Фарҳод ва Ширин”, “Сабъаи сайёр” асалари асосида мультфильмлар яратилган.

– Мақсадимиз жажжи томошабинларимизни буюк бобокалонимиз Ҳазрат Навоий ижоди билан янада яқиндан таништиришдан иборат, – дейди фильм режиссёри Абдулатиф Ҳайдаров. – Ушбу мультфильмда хасислик, очкўзлик сингари иллатлар қораланади, аксинча меҳр-оқибат, бағрикенглик сингари инсоний фазилатлар улуғланади. Биз илгари “Сайёҳ”, “Автосаргузаштлар” сингари фильмларни тақдим этганмиз. Мазкур янги фильм ҳам томошабинларга манзур бўлади, деган умиддамиз.

Мазкур фильмда қаҳрамонлар шакл-шамойили шарқ миниатюра санъати, хусусан, Камолиддин Беҳзод ижод намуналари асосида яратилади. Ушбу мультфильм келгуси йили Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги арафасида томошабинлар ҳукмига ҳавола этилади.

7 059
Р.ЖАББОРОВ, ЎзА