ЎзА Ўзбек

04.06.2019 15:17 Чоп этиш версияси

Агар фарзанд ота-онадан бирининг ғазабини чиқарган бўлса...

Агар фарзанд ота-онадан бирининг ғазабини чиқарган бўлса...


Зулм қилсалар ҳам,

ота-онага яхшилик қилиш лозим

7 - عَنِابْنِ عَبَّاسٍ قَالَ: مَا مِنْ مُسْلِمٍ لَهُ وَالِدَانِ مُسْلِمَانِ،يُصْبِحُ إِلَيْهِمَا مُحْتَسِبًا، إِلَّا فَتَحَ لَهُ اللهُ بَابَيْنِ - يَعْنِي الْجَنَّةَ - وَإِنْ كَانَ وَاحِدًا فَوَاحِدٌ. وَإِنْأَغْضَبَ أَحَدَهُمَا لَمْ يَرْضَ اللهُ عَنْهُ حَتَّى يَرْضَى عَنْهُ. قِيلَ: وَإِنْ ظَلَمَاهُ؟ قَالَ: وَإِنْ ظَلَمَاهُ.

7. Ибн Аббосдан ривоят қилинади:

«Бир мўмин-мусулмон инсоннинг мусулмон ота-онаси бўлса, уларга яхшилик қилиб, унинг савобини кутган ҳолда тонг оттирган бўлса, Аллоҳ унга жаннатнинг икки эшигини очади. Агар фақат бири бўлса, биттасини очади. Агар фарзанд ота-онадан бирининг ғазабини чиқарган бўлса, ўша шахс рози бўлмагунича, ундан Аллоҳ рози бўлмайди».

«Ота-она унга зулм қилган бўлса ҳамми?» дейишди.

(Ибн Аббос) «Зулм қилган бўлсалар ҳам», деди».

Шарҳ: Бу ривоятда ҳам ота-онага яхшилик қилишнинг фазли ҳақида сўз бормоқда. Унда бу ишнинг охиратда берадиган самараси баён қилинмоқда.

Ота-онасига савоб умидида яхшилик қилиб тонг оттирган мусулмонга Аллоҳ таоло жаннатнинг икки эшигини очиб қўйиши таъкидланмоқда. Онасига яхшилик қилгани учун бир эшикни ва отасига яхшилик қилгани учун яна бир эшикни очиши эслатилмоқда.

Ота-онанинг иккиси бўлмай, фақат биттаси қолган бўлса ва фарзанд ўша қолганига савоб умидида яхшилик қилиб тонг оттирса, Аллоҳ таоло унга жаннатдан бир эшик очар экан.

Фарзанд зинҳор ота-онанинг ғазабини чиқармаслиги керак. Чунки «Агар фарзанд ота-онадан бирининг ғазабини чиқарган бўлса, ўша шахс рози бўлмагунича, ундан Аллоҳ рози бўлмайди».

Демак, Аллоҳ таолонинг розилиги ота-онанинг розилигига боғлиқ. Бу ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим.

Ҳаттоки ота-она фарзандга зулм қилиб турса ҳам, фарзанд уларнинг ғазабига сабаб бўладиган гап-сўз, ҳаракат ва ишларни қилмаслиги матлуб.

Ота-она зулм қилиб турибди, лекин агар фарзанд ўша зулм қилган ота-онанинг ғазабини чиқарган бўлса, Аллоҳ таоло ундан ғазабланар экан. Менга зулм қиляпти, деб ота-онасини норози қилса, бу бандадан Аллоҳ таоло ҳам норози бўлар экан.

Аммо ота-онанинг розилиги ва норозилиги Аллоҳ таолонинг ҳукмидан ташқарига чиқмаслиги шарт. Яъни Аллоҳнинг амрига мувофиқ ишлардагина ота-онага итоат қилинади. Аммо ота-онанинг гапи Аллоҳнинг амрига хилоф бўлса, уларга итоат қилиш вожиб бўлмайди.

Зулм қилсалар ҳам, ота-онага яхшилик қилиш ҳақидаги гап борасида машҳур ҳанафий олимлардан Мулло Али Қори: «Бу айни камолдир. Аммо жоизликнинг асли эътиборидан хотини билан ажрашиш ҳақида амр бўлса, уни талоқ қилиш лозим бўлмайди. Агар ота-она қаттиқ озор топсалар ҳам», деган.

Имом Тоҳавий:

«Фарзанд мубоҳ нарсаларда бўйсунади. Наҳий қилинган нарсаларда эмас», деган.

Тоҳир Фатаний:

«Агар икковлари дунёвий ишларда унга зулм қилишса, кўнади ва бўйсунади, охират ишларида эмас», деган.

Иззуддин Абдуссалом:

«Фарзандга иккисининг итоати ҳар бир амрда ва ҳар бир наҳийда вожиб бўлмаслигига уламолар иттифоқ қилганлар», деган.

Имом Ғаззолий:

«Кўпчилик уламолар ота-онанинг итоати шубҳали нарсаларда вожиблигини айтганлар. Тўлиқ ҳаромда вожиб бўлмайди,чунки шубҳани тарк қилиш вараъга киради. Ота-онанинг итоати эса мажбурийдир», деганлар.

Уламолар яна қуйидагиларни айтадилар:

«Агар ота-онанинг ҳаққига бараварига риоя қилиш мумкин бўлмай қолса, улуғлаш ва эҳтиром маъносида ота устун қўйилади, чунки насаб ундандир. Хизмат ва инъом юзасидан онанинг ҳаққи устун қўйилади. Мисол учун, ота-она ташқаридан кириб келганда ота учун ўриндан турилади. Фарзанд бирор нарса ҳадя қиладиган бўлса, онасидан бошлайди. Фарзанд ота-онадан фақат биттасига нафақа беришга қодир бўлса, онасига беради.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Ота-онага яхшилик қилиш зарур экани.

2. Ота-онага яхшилик қилган киши охиратда мукофот олиши.

3. Ота-онага яхшилик қилган кишига жаннат эшикларидан икки эшик очилиши.

4. Ота-онадан бирига яхшилик қилган кишига жаннатдан бир эшик очилиши.

5. Ота-онанинг ғазабини чиқарган одамдан Аллоҳ таолонинг ғазабланиши.

6. Ота-она розилигини топган одам Аллоҳ таолонинг розилигини топиши.

7. Ота-она зулм қилган бўлса ҳам, фарзанд уларга яхшилик қилишда бардавом бўлиши лозимлиги.

Отага яхшилик Қилиш

5 - عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَقَالَ: قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ، مَنْ أَبَرُّ؟ قَالَ:«أُمَّكَ»، قَالَ: ثُمَّ مَنْ؟ قَالَ:«أُمَّكَ»، قَالَ: ثُمَّ مَنْ؟ قَالَ:«أُمَّكَ»، قَالَ: ثُمَّ مَنْ؟ قَالَ:«أَبَاكَ».

5. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули, кимга яхшилик қилай?» дейишди.

«Онангга», дедилар.

«Сўнгра кимга?» деди.

«Онангга», дедилар.

«Сўнгра кимга?» деди.

«Онангга», дедилар.

«Сўнгра кимга?» деди.

«Отангга», дедилар».

Шарҳ: Демак, онага яхшилик қилгандан кейин боланинг яхшилигига иккинчи ўриндаги ҳақдор инсон ота бўлар экан. Бу ҳақдасал юқорида батафсил гапириб ўтдик.

6 - عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ: أَتَى رَجُلٌ نَبِيَّ اللهِrفَقَالَ: مَا تَأْمُرُنِي؟ قَالَ:«بِرَّ أُمَّكَ»، ثُمَّ عَادَ، فَقَالَ:«بِرَّ أُمَّكَ»، ثُمَّ عَادَ، فَقَالَ:«بِرَّ أُمَّكَ»، ثُمَّ عَادَ الرَّابِعَةَ، فَقَالَ:«بِرَّ أُمَّكَ»، ثُمَّ عَادَ الْخَامِسَةَ، فَقَالَ:«بِرَّ أَبَاكَ».

6. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Бир одам Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Мени нимага буюрасиз?» деди.

«Онангга яхшилик қил», дедилар.

У саволини қайтарди.

«Онангга яхшилик қил», дедилар.

У саволини яна қайтарди.

«Онангга яхшилик қил», дедилар.

У саволини тўртинчи марта қайтарди.

«Онангга яхшилик қил», дедилар.

У бешинчи марта қайтарганида:

«Отангга яхшилик қил», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадисдан ҳам ота-онага яхшилик қилиш ҳар бир фарзанднинг бурчи эканини тушуниб оламиз.


ЎзА
2 916