Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.03.2017 12:37 Чоп этиш версияси

Қадимшунос олимга эҳтиром

Қадимшунос олимга эҳтиром Термиз археология музейида япониялик археолог олим Като Кюдзонинг Сурхондарё вилоятидаги маданий ва тарихий ёдгорликларда олиб борган изланишлари чоғида топган ноёб экспонатлари кўргазмаси ташкил этилди.

Ўзбекистон ва Япония давлатлари ўртасидаги мустаҳкам дўстлик алоқалари бошқа соҳалар қатори илм-фан ривожида ҳам юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Ўзбек-япон археологик экспедицияси томонидан Сурхондарё вилоятидаги қадимий обидаларда амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ишлари бунинг яққол далилидир.

Япониялик профессор Като Кюдзонинг қадимий воҳанинг маданий-тарихий ёдгорликларида олиб борган кўп йиллик изланишлари ҳудуднинг бой ўтмиши, жаҳон цивилизациясига қўшган улкан ҳиссаси ва маданий-маънавий меросини дунёга янада кенг танитишга хизмат қилмоқда.

– Като Кюдзо узоқ йиллар Зартепа, Далварзинтепа, Эски Термиз, Фаёзтепа, Қоратепа каби қадимий ёдгорликларда археологик тадқиқот олиб боришда иштирок этиб, икки мамлакат илм-фани ўртасида ўзига хос кўприк яратди, – дейди Термиз археология музейи директори Зебунисо Алимардонова. – Қадимшунос олимнинг ҳамкорликдаги изланишлари аждодларимизнинг ҳаёт тарзи, бой маданий-маънавий мероси, савдо-сотиқ, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, ҳунармандлик ва бошқа соҳалар ривожи тарихи билан таништиришда муҳим манба вазифасини ўтаётгани билан аҳамиятлидир.

Като Кюдзо Сурхон воҳасида сақланиб қолган буддавийлик ибодатхоналари ва археологик ёдгорликларни чуқур ўрганиб, йигирмадан ортиқ монография яратди. 200 дан зиёд илмий мақола ёзди. 20 дан ортиқ илмий-тарихий асарларни таржима қилди. “Термиз ҳақида”, “Ўрта Осиёда Буддавийлик ёдгорликлари тарихи”, “Хоразм”, “Ўрта Осиё ёдгорликлари бўйлаб саёҳат” каби асарлар ёзди.

Олимнинг соҳадаги хизматлари Ўзбекистон ва Япония давлатлари томонидан муносиб тақдирланган. Ўзбекистонда амалга оширган илмий-тадқиқот ишлари, Ўзбекистон – Япония дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва мамлакатимизни дунёга танитишдаги самарали хизматлари учун давлатимизнинг юксак мукофоти – “Дўстлик” орденига сазовор бўлган. Ўзбекистондаги тарихий обидаларда олиб борган йигирма йиллик илмий-тадқиқот ишлари учун Япония давлатининг “Тўпбарггул ҳошияли тилла рангдаги муқаддас хазина” олтин ордени билан мукофотланган. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Санъатшунослик институти фахрий доктори унвонига сазовор бўлган. Термиз шаҳрининг фахрий фуқаролигига қабул қилинган.

– Ўзбекистонга учинчи марта келишим, – дейди Япониянинг Rissho университети профессори Ясуда Харуки. – Бу музейда аввал ҳам бўлганман. Мавзу жуда яхши танланган. Ушбу кўргазма Като Кюдзо номи ва хотирасини абадийлаштириш йўлидаги муҳим қадамдир. Бу ерда Қоратепа, Фаёзтепа, Далварзинтепа сингари ёдгорликлардан топилган айрим экспонатларни биринчи бор кўриб турибман. Бундай ноёб топилмалар қадимий воҳанинг бой ўтмишини чуқур ўрганиш ва тадқиқ этишда муҳим аҳамият касб этади.

Кўргазмада вилоят ҳудудидаги тарихий обидаларда қазиш ишлари олиб бориш чоғида япониялик археолог олим томонидан топилган милодий III-IV асрларга оид сопол қопқоқ, оҳактошдан ясалган устун асоси, сопол чироқлар, будданинг ўтирган ҳолатдаги ҳайкали, урчуқ бошлари, тангалар, посанги, сопол кўза ва бошқа кўплаб ноёб экспонатлар ўрин олган. Сурхон воҳасининг бой ўтмишини ўзида акс эттирган бу топилмалар ёш авлоднинг тарихимизни ўрганишга қизиқишини янада оширади, уларда қадимги аждодларимизнинг дунё тамаддунига қўшган улкан бунёдкорлик ишларидан фахрланиш туйғусини юксалтиради.

Кўргазмада ҳассос қадимшунос олим томонидан чоп этилган ва таржима қилинган китоблар ҳам жой олган.

Холмўмин Маматрайимов, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА
1 020






Все о погоде - Pogoda.uz