Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.11.2017 14:31 Чоп этиш версияси

Қадимий қўлёзмалар – тадқиқотлар калити

Қадимий қўлёзмалар – тадқиқотлар калити Президентимизнинг 2017 йил 24 майдаги “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори кўп асрлик маданий ва илмий ютуқларимиз акс этган ёзма ёдгорликларни сақлаш, ўрганиш ва тарғиб қилиш борасида олиб борилаётган ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамиятга эга ҳужжат бўлди.

Мустақил тадқиқотчи, манбашунос олим Аҳмад Убайдуллаев билан ЎзА мухбирининг суҳбати манбашунослик олдида турган муҳим вазифалар ва бу борада Наманган вилоятида олиб борилаётган ишлар хусусида бўлди:

– Манба ва манбашунослик тарих, маданият, санъат, адабиёт, шунингдек, табиий ва аниқ фанлар сингари бир қатор йўналишлар бўйича илмий тадқиқотларда калит вазифасини ўтайдиган муҳим соҳадир. Чунки, ёзув пайдо бўлиши билан инсоният тамаддуни жараёнини битикларда муҳрлаб қолдириш имконияти яратилди. Жумладан, тарихи бой халқимизга ҳам ўтмиш аждодлардан беҳисоб илмий, маданий ва ижтимоий мерос қолган. Илм-фаннинг барча соҳаларига доир нодир китоблар, турли даврларда ҳукмдорлар томонидан чиқарилган фармонлар, амалдор ва ҳокимларнинг васиқа ҳужжатлари, археологик топилмалар, ҳунармандлик буюмлари, меъморий обидалардаги нақшу нигорлар, қўйингки, ҳатто қабр тошларидаги битиклар каби ўз даври ҳақида қимматли маълумот берувчи бу бебаҳо мерос манбашуносликнинг асоси ҳисобланади. Уларни ўрганиш бўйича ҳали миллий манбашунослигимиз олдида улкан вазифалар турибди. Шу нуқтаи назардан, Президентимизнинг мазкур қарори соҳага қаратилган юксак эътиборнинг амалий ифодаси сифатида муҳим аҳамият касб этади.

Қадимий қўлёзма манбаларни тадқиқ қилиш фидойиликни талаб қиладиган жуда машаққатли иш. Шунинг учун ҳам бу соҳа мутахассислари кўп эмас. Бизнинг қадимий қўлёзма манбаларимиз ўрхун-енисей тошбитикларидан тортиб, кейинчалик асосан араб ва форс тиллари ва ёзувлари иншо этилган китобу саҳифалардир. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мустақилликка эришгунимизга қадар, хусусан, ўтган асрнинг 70-80 йилларида Тошкент давлат шарқшунослик институтини битирган мутахассисларнинг аксари ҳозирги замон араб босма ёзуви бўлган насх ёзувида билим олгани сабаб, қадимий қўлёзмаларни равон ва тўғри ўқий олмайди ёки юртимизнинг турли вилоятларида XХ аср бошларида йўлга қўйилган литографияларда настаълиқ ёзувида чоп этилган асарларни ҳам ҳижжалаб ўқийди. Бу манбашуносликдаги турғунлик муҳитига сабаб бўлиши табиий. Албатта, давлатимиз раҳбарининг қарорига асосан, Тошкент давлат шарқшунослик институти Тошкент ислом университети билан биргаликда қўлёзмалар билан ишлаш малакасига эга ёш мутахассислар тайёрлаш ва ёш кадрлар захирасини шакллантириш борасида амалга ошириладиган ишлар бу борадаги муаммоларни бартараф этади, иншоолло.

1.jpg

Наманган вилоятида ҳам манбашунос мутахассисларнинг илмий-тадқиқот олиб бориши учун манбалар етарли. Зеро, бир вақтлар Фарғона водийсининг ривожланган маданий марказлари бўлган Косон, Ахсикат, Поп, Чуст, Чодак каби қадимий масканларда тарихимизнинг қанча ўқилмаган саҳифалари мавжуд. Бу заминдан илм-фан ва маданият тараққиётида муҳим ўрин тутган Косоний, Ахсикатий, Коросконий сингари ўнлаб уламолар, шоиру хаттотлар етишиб чиққан. Наманган шаҳрида XVIII асрдан ХХ асрнинг 30-йилларигача ўттиздан ортиқ шоир ижод қилган ва уларнинг адабий мероси, афсуски, манбашунос мутахасисилар тақчиллиги туфайли ҳануз ўз тадқиқотчиларини кутиб ётибди.

Бу борада марҳум устозимиз Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, филология фанлари доктори Исматулла Абуллаевнинг илмий изланишларини алоҳида эътироф этиш жоиз. 1993 йилда Наманган давлат университетида араб тили кафедраси очилиши ва у кишининг мазкур кафедрага раҳбар этиб тайинланиши билан вилоятда манбашунослик фани ривожлана бошлади. Устоз Бобораҳим Машрабнинг “Мабдаи нур”, “Кимё” асарларини тадқиқ қилиб, эски ўзбек ёзувидан замонавий алифбога ўгирди. Илмий тадқиқотлари самараларини “Алифни дилга жо қилмоқни бисмиллоҳдин ўргандим” номли шеърлар тўплами ҳамда “Машраб ҳикматлари” рисоласи кўринишида нашр қилдирди. Шунингдек, ҳали кўпчиликка маълум бўлмаган Уйчи туманининг Жийдакапа қишлоғида яшаб ўтган шоир Мулла Йўлдош Хилватий, Наманган туманида яшаб ўтган шоир Кўҳий сингари мумтоз шеърият намояндалари ўз қўли билан битган қўлёзмаларни табдил қилиб, сўз боши, мукаммал луғат ва изоҳлар билан оммага тақдим этгани миллий манбашунослигимиз ютуқларидан бўлди.

Вилоят манбашунослигига муносиб ҳисса қўшган олимлардан яна бири марҳум филология фанлари номзоди Алихон Халилбековнинг бу борадаги фидойи меҳнатларини эътироф этмаслик мумкин эмас. Бу инсон Наманган давлат дорилфунунида ёшларга илм бериш билан бирга, умрини Наманган адабий муҳитини тадқиқ қилишга бағишлади. Ўзбекистон Фанлар академияси томонидан нашр этилган “Ўзбек адабиёти”, “Ўзбек адабиёти тарихи” китобларининг ҳаммуаллифи бўлган устозимиз манбашунослик изланишлари самараси сифатида 500 дан зиёд илмий-услубий мақолалар эълон қилди. Хусусан, “Наманган адабий гулшани” номли китоби миллий адабиётимиз тарихини ўрганиш борасидаги ишларга муносиб ҳисса бўлиб қўшилди. Китобда энг қадимги даврлардан бошлаб, ХХ аср охиригача Наманган адабий муҳитида алоҳида ўрин тутган 40 га яқин адиблар ҳаёти ва ижоди, асарларидан намуналар, уларнинг илмий тадқиқи жой олган.

Кейинги йилларда биз ҳам мустақил ижодий изланишлар олиб бориб, бир қатор қадимий қўлёзма манбаларни тадқиқ қилишга эришдик. Жумладан, Бобораҳим Машрабнинг илм аҳлига ҳам номаълум бўлган “Машрабнинг Нуротага сафари” қиссаси, “Баҳри тавили Машраби Шаҳид” номли асарининг қўлёзма нусхаси топиб ўрганилди ва эски ўзбек ёзувидан табдил қилиниб, нашрдан чиқарилди. Бундан ташқари, ҳозиргача фанга маълум бўлмаган Мавлоно Хожа Зиёвуддин Зиёий Намангонийнинг ўз қўли билан иншо этган девони, Қўқон адабий муҳитининг йирик вакили Муҳйи Ҳўқандийнинг 1900-1908 йилларда Наманганга қилган саёҳати маҳсули бўлган “Саёҳатнома” асари қўлёзмалари, Исҳоқхон Тўра Ибратнинг авлодлар шажараси, хорижга кетаётганида берилган араб, форс ва турк тилларидаги гувоҳномалари ўзбек тилига ўгирилди.

Мухтасар айтганда, манбашунослигимиз олдида ҳали жуда улкан вазифалар турибди. Президентимизнинг қарори билан бу соҳа истиқболи ёришди, тадқиқотчи мутахассислар учун кенг имкониятлар яратилди. Бу албатта ўз самарасини беради. Зеро, ушбу ҳужжат миллий ўзликни англаш, тарихий хотира давомийлигини таъминлаш, улкан ёзма меросни асраб-авайлаш, бойитиб бориш, маданий ва маънавий қадриятларни тарғиб қилиш, ёш авлодни ватанпарварлик, тарихга ҳурмат руҳида тарбиялаш, Ўзбекистоннинг жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган замин сифатидаги халқаро обрў-эътиборини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
4 098






Все о погоде - Pogoda.uz