ЎзА Ўзбек

19.08.2020 Чоп этиш версияси

Адабиёт – инсон фаолиятининг ичкаридан олинган сувратларидир

Адабиёт – инсон фаолиятининг ичкаридан олинган сувратларидир

Озод кўнгил илҳомлари

Филология фанлари доктори Улуғбек ҲАМДАМОВ билан суҳбат.

– Ўзбекистон мустақил бўлганига яқинда 29 йил тўлади. Бир авлод туғилиб, вояга етиб, сафга тургулик, жамиятга аралашгулик фурсат бу. Айни дамда, катта авлодлар ҳам бу вақт мобайнида ўзгаришларнинг азим қозонида қайнади, қайнамоқда. Жамиятдаги ўзгаришлар, янгиланишлар ўлароқ, табиий равишда қарашлар, фикрлар, мулоҳаза, мушоҳадалар ҳам ўзгаради. Сиз қандай ўзгардингиз?

unnamed.jpg– 1989 йилда ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилиши билан миллий ўзликни англаш сари илк дадил қадам қўйилган эди. Афсуски, тил борасида пайсалга солишлар бўлди, айрим хатоликларга йўл қўйилди. Кейинроқ қабул қилинган лотин алифбосига ўтишда ҳам шу хил хатоликлар такрорланди. Шунга қарамай, бизнинг ҳаётимизда кўп нарса ўзгарди. Ўзгараётган дунё билан бирга дунёқарашлардаги занглар ҳам кўчди. Шу ўринда айтиш жоизки, мамлакатимизда она тилимизни изчил такомиллаштириш ва ривожлантириш, халқимизнинг миллий руҳини ўстириш, адабиёт, маданият ва санъатни баланд поғоналарга кўтариш том маънода бугунги кундалик ҳаётимизнинг дастурига айланди. Она тилимизга бўлган муносабат ҳам давлат сиёсати даражасига чиқди, 10 га яқин қарор, қонунлар қабул қилинди, Давлат тилини ривожлантириш департаменти, тил бўйича маслаҳатчилар лавозими жорий этилди, ва бу борада самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Натижада адабиёт учун ҳам энг муҳим воқеа содир бўлди – ижодкор бадиий тафаккуридаги қолиплар парчаланди, хусусан, у миллат менталитетига ёт мафкура асоратидан озод бўлди. Айни дамда, ижодкор бир томондан, собиқ иттифоқ замонида тақиқланган Қуръон, Инжил, Таврот, Забур каби муқаддас китобларни, муаззам Шарқ дурдоналарини, бошқа томондан, Ғарб ва умуман, бутун дунё фалсафаси ва адабиётининг ноёб битикларини ўқиб ўзлаштирди, ўзлаштирмоқда. Қолаверса, мавзу танлаш ва ифода қилиш эркинлигини ҳис этди. Натижада ижодкор тарихий вазият инъом қилган улуғ неъмат – озод тафаккур меваси ҳисобланмиш асарларини ёза бошлади. Бу асарларнинг асосийлари, албатта, анъанадан узилган ғуддалар эмас, аксинча, ўша силсиланинг давоми ўлароқ дунёга келди, келмоқда. Шу билан бирга, эркин бадиий тафаккур маҳсули сифатида ўзини (олам ичра олам, яъни бир бутун тизим ўлароқ) намоён қилаётгани кишини беҳад қувонтиради.

– Бугун юртимиз ижодкорлари ўз нуқтаи назарини, қадим Шарқ адабиётида бўлгани каби, олами суғро – мукаррам Инсонга, унинг қалбига қаратган. Ҳамда ботиндаги мураккаб жараёнларни баёнчилик йўли билангина эмас (чунки бундай усул бор, бўлади ва бу ғоят табиийдир), айни пайтда, умуминсоний ва умумзамоний мезонларга суянган ҳолда мажоз воситасида ҳам қоғозга туширмоқдалар, санъатга айлантирмоқдалар...

– Муҳими ҳам шу, аслида! Чунки адабиёт ўз табиатига кўра, масалан, тарих фани предметидан ажралиб туради. Тарих – давлатлар ва жамиятлар фаолиятининг, асосан, ташқаридан кўриниши солномаси бўлса, адабиёт кўпроқ ана шу давлатлар ва жамиятлар фуқароси – инсон фаолиятининг ичкаридан олинган сувратларидир. Шу маънода улар ўзаро бир-бирларидан қувват олганларидек, ўрни келганда, бир-бирларини тўлдирадилар ҳам. Бугунги истиқлол даври ўзбек адабиётининг умумий манзаралари нафақат оддий ўқувчини, балки соҳанинг энг талабчан мутахассисининг ҳам дилини равшан торттира олади. Чунки у ғоят хилма-хил ва умидбахшдир. Хилма-хиллиги – адабиётдаги турфа йўналишларнинг ўзаро бағрикенгликка асосланган уйғунликда яшаши бўлса, умидбахшлиги – ана шу ранг-барангликни вужудга келтирган ижодкорнинг озод тафаккури билан белгиланади.

– Бугун мамлакатимизда ижодкорларга яратилаётган шароитлар, қулайликлар уларнинг буюртма асарлар ёзишига сабаб бўлади деб ўйлайсизми? Сизнингча, мустақиллик даври ўзбек адабиётининг муносиб намуналари яратилдими?

– Мен бугун юртимизда ёзувчига ижтимоий буюртма берилаяпти деб билмайман, аксинча, бадиий тафаккур эркинлиги бор, деб ишонаман ва буни чинакам ижод учун бирламчи шароит, деб ҳисоблайман. Худди шу эркин ижод иқлими негизида Мустақиллик даври ўзбек адабиётининг талай намуналари яратилди, яратилмоқда. Лекин улар қандай асарлар, мазмун-моҳиятию шаклу шамойили нимадан иборат, қайси булоқлардан сув ичиб, қайси ўзанларга қараб оқаяпти, – буларнинг барини чуқур ва кенг таҳлиллар асосида тушуниб олмоғимиз зарур бўлади. Ахир, ўтган қарийб йигирма-ўттиз йиллик адабиётимиздаги мазмуний ва шаклий изланишларга сарҳисоб нигоҳини ташлаб олмоғимиз керак. Бугун энг муҳими, адабиёт ҳақида, унинг муаммолари, тадрижи, қонуниятлари тўғрисида, кечаги ва бугунги манзараси, эртаси борасида олимлар дилидаги ўй-фикрларини бемалол изҳор айламоқда экан, мана шу эркинликнинг ўзи тенгсиз бир неъмат эканлигини чуқур тушунмоғимиз, унинг қадрига етмоғимиз керак, деб ўйлайман. Чунки ижодкор ва олим учун ўз фикрини эркин баён этишдан, асарларининг эса ўқилишидан ортиқ бахт йўқ бу дунёда. Қоғозларга, китобларга дарж этилгани эмас, балки тафаккурдаги озодлик бу – чинакам мустақиллик, дегани. Улуғ ўзбек адабиёти ва бу адабиёт ҳақидаги илм ҳам айнан мана шундай иқлимдагина ўсиб-унади, камол топади.

– Тафаккурдаги, адабиётдаги эркинлик – аслида масъулият! Соҳа табиати ва мантиғидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, эркин тафаккур авваламбор, миллатимиз ва адабиётимиз манфаатларига хизмат қилиши керак эмасми?

– Бироқ эркин тафаккур дегани хаёлга нима келса, шунинг барига эшикни очиб қўйиш дегани эмас. Турли мафкуравий курашлар жадал кечаётган бугунги зиддиятли дунёда чегарадаги аскар каби ҳушёр турмоқ, миллат руҳияти, анъаналари, урф-одатлари ва мақсад-муддаоларини ичдан емирадиган оқим ва уларнинг ғайриинсоний ғояларига қарши ўз миллий менталитетимиз ва қадриятларимизни ҳар томонлама қўриб-асрайдиган ҳамда қўллаб-кучайтирадиган тамойиллар ҳақида кўпроқ қайғурмоқ – давр талабигина эмас, виждон амри ҳам. Худди шу маънода, вилоятлардаги адабий учрашувлардан бирида адабиётшунос ва шоир Р.Раҳмат айтган мана бу гап менинг ёдимдан сира чиқмайди: “Навоийнинг этагидан маҳкам ушламаса, ўзини модернистман деяётганларнинг барчасини замонлар шамоли чирпирак қилиб учириб юборади”. Ҳаққу рост! Зеро, бадиий тафаккурдаги эркинлик дегани бу – собиқ иттифоқ давридаги социалистик реализм тушовларидан ва умуман, шу янглиғ бошқа қолиплардан, енгил-елпи “изм”ларга ўткинчи маҳлиёлик касалидан мустақил дегани, асло мумтоз Шарқ ва миллий адабиётимиз ҳамда уларнинг жонбахш анъаналаридан, хусусан, Навоию Бобур, Машрабу Огаҳий, Қодирию Чўлпон, Эркин Воҳиду Абулла Орифлардан мерос қолган ҳаётбахш адабиётдан мустақил дегани эмас! Айни пайтда бир қолипдан озод бўлиб, иккинчисига тутилишдан эҳтиёт бўлмоқ керак. Шу маънода бизга ранг-баранг адабиёт керак: у модернизм, постмодернизм ва ёки метамодернизм намунаси бўладими ёки анъанавий реализм, қатъий назар, юксак бадиий маҳорат билан битилган, инсонни чуқур мушоҳадага, фикрлашга ундайдиган ҳар қандай санъат асарига бағримиз очиқ бўлсин, деймиз. Зеро, чинакам истеъдодлар яратган адабиёт бу – миллатнинг ҳур кўнгли ва эркин бадиий тафаккурининг тарихи бўлиб ёдларга муҳрланади, китобларга дарж этилиб, авлоддан-авлодга ўтиб яшайди. Биз миллат сифатида кўнгил тарихимизнинг юксак ва боқий бўлишини хоҳлаймиз.

ЎзА мухбири
Озода БЕКМУРОДОВА
суҳбатлашди


6 988
ЎзА