ЎзА Ўзбек

12.01.2018 06:44 Чоп этиш версияси

Адабиёт гулшани

Бир ғазал шарҳи

Алишер НАВОИЙ 


 ***
Эй навбаҳори оразинг субҳиға жонпарвар ҳаво,
Андин гулу булбул топиб юз барг бирла минг наво.

Тўбию шохи Сидрадур кўюнг гиёҳи, негаким
Ушшоқ ашку оҳидин ҳар дам топар сую ҳаво.

Заҳри фироқингдин қаю ошиқки бўлди талхком,
Нўши висолинг етмаса, Исо анга топмас даво.

Чун қозиюлҳожотсен, даъвои меҳринг қилғали,
Дарду фироқ андуҳидин келтурмишам икки гуво.

Қилмай қабул ижоднинг имкони йўқ, сўнгра яна
Мақбулини рад айламак лутфунгдин ўлғайму раво.

Зоҳид, кўнгулнинг хилватин матлуб ғайридин орит,
Сен сайр қилсанг қил, керак кўнглунгга бўлса инзиво.

Десанг, Навоий, жон аро маҳбуб бўлғай жилвагар,
Аввал кўнгул кўзгусидин маҳв айла нақши мосиво.


Луғат:

Ораз – чеҳра, юз.
Тўбий – жаннатдаги дарахтнинг номи.
Сидра – фалак ул-афлокдаги дарахт.
Ушшоқ – ошиқлар.
Талхком – оғзи аччиқ; маж: ўлим ҳолатига тушган.
Нўш – заҳарни қайтарувчи тарёк.
Қозиюл-ҳожот – ҳожатларни раво этувчи; Аллоҳнинг сифати.
Инзиво – хилват тутишлик.
Мосиво – Аллоҳдан чалғитувчи нарсалар.

Ғазалнинг мазмун-моҳияти:

“Бадоеъ ул-васат” девони “Фусулнинг хазони, тириклик боғининг баргрезининг нишони” бўлмиш ўрта ёшда ёзилган ғазаллардан таркиб топган бўлса-да, кузак фаслининг хусусиятларини Ягона Холиқ ва Барҳақ Маъбудга нисбат бериш мумкин эмаслигини билган мутафаккир ижодий умрининг серҳосил палласида ёзилган девонининг дастлабки ғазалини Мутлақ Муҳаббат мазҳарининг “навбаҳори ораз”и тавсифи билан бошлаб, оламнинг гўзаллиги, табиатдаги яралиш ва ижод жараёнининг асл Ижодкорига сано йўллашда энг нозик иборалар, янг чиройли ташбиҳларни қўллайди. Жумладан, эрта баҳор тонги пайти табиат қишки уйқудан бедор бўлиб, шарқ томонидан эсадиган майин шамол туфайли дов-дарахтлар, гулу гулзорлар яшнаши жараёнида Олий Қудратнинг мўъжизаларини мушоҳада этишга чорловчи мисраларда ҳам абадият оламининг таъсир нақшини сезиш қийин эмас. 

Иккинчи мисрада гул, булбул, барг ва наво сўзларининг бир неча маънода қўлланилиши туфайли тажнис санъатининг гўзал намунаси ҳосил бўлган. Барг ва наво сўзлари кўчма маънода мева, ҳосил, самара, ҳаёт кечириш учун энг керакли нарсалар эканини инобатга олсак, ҳусн мазҳари (гул) ҳам, ишқ тимсоли (булбул) ҳам Ваҳдат оламидан касрат оламига нурлар таралиши замонидан бери мумтоз адабиётимизнинг мажоз тилида навбаҳор – илк яралиш тимсоли, ораз – илоҳий зуҳурот рамзи, субҳ – ваҳдат нурининг таралиши замони, гул ва булбул – ҳусн ва ишқ мазҳарлари сифатида тушунилган. Байтдаги сўзларни истилоҳий маънода қўллайдиган бўлсак, вужуд оламининг барча ҳикмат ва сир-синоати фақат ва фақат Аллоҳ туфайли бўлиб, тирикликнинг моҳияти – Гўзаллик ва Муҳаббат ҳам илоҳий иноят шарофати-ла аён бўлади. Байтдаги етакчи тимсоллар – гул ва булбулни ўз маъносида шарҳлайдиган бўлсак ҳам, ажиб бир нуктадонликка дуч келамиз. Гап шундаки, гул форс тилида садбарг, булбул эса ҳазордастон деб ҳам аталади. Гул ва булбулнинг форсий муқобилидан фойдаланиб юз барг ва минг наво бирикмаларидан маҳорат билан фойдаланган Навоий байтда тўрт томонлама тажнис (устоз Нажмиддин Комилов таъбири билан айтганда, тажниси ширу шакар) яратишга муваффақ бўлган. 

Кейинги байтда шоир диний адабиётларда кўп қўлланиладиган Тўбий ва Сидра (Сидрат ул-мунтаҳо) образларини келтиради. Манбаларда келтирилишича, Тўбий (Тубо) бутун жаннатга соя соладиган, битта шохи соясидан чиқиш учун бир отлиқ етмиш йил кечаю кундуз юриши керак бўладиган азим бир дарахт бўлиб, унда дунёдаги жамийки дарахтлар меваси ва ўсимликлар намунаси мавжуддир. Сидра дарахти эса фалак ул-афлок – еттинчи фалакка жойлашган дарахт бўлиб, бу дарахт Борлиқ оламининг ниҳояси ҳамда фаришталар ва жамийки мавжудот илмининг охирги чегараси ҳисобланади. Ошиқларнинг кўз ёши ва дардли оҳидан озиқланган ҳар бир гиёҳи Туби ва Сидрадек азим ва азиз, мукаррам ва муҳтарам бўлган бу даргоҳ ҳар қандай шарафланишга лойиқ. Аммо бу даргоҳдан висол шаҳдини топмай, айрилиқдан азият чеккан ошиқ дардига ўликка жон бағишловчи Исо Масиҳнинг нафаси ҳам чора бўлолмайди. Исо Масиҳ агар жисмга жон бағишласа, Ёри азалнинг висоли руҳни тирилтиради, унга абадийлик ва мангу маърифат чашмасидан сероб қилади: 

Заҳри фироқингдин қаю ошиқки бўлди талхком,
Нўши висолинг етмаса, Исо анга топмас даво.

Тўртинчи байт Навоийнинг 20-жилдлик мукаммал асарлар тўпламида ҳам, 10 жилдлик тўла асарлар тўпламида ҳам қуйидаги шаклда келтирилган:

Чун қозиюл ҳожот сен, даъвои маҳринг қилғали,
Дарду фироқ андуҳидин келтурмишам икки гуво.

Дастлабки кўринишда байт тўғри ўқилгандек, қози, маҳр, икки гувоҳ ўртасида мантиқий таносуб бордек таассурот қолдиради. Аммо маҳр – никоҳ пайти тўланадиган маблағ эканлиги, бу байт эса, ҳамд мавзусидаги ғазал таркибида келтирилгани, Аллоҳга нисбатан оиласи бор, дейиш мумкин эмаслигини ҳисобга олиб, қуйидагича ўқиш лозимлигини тавсия қиламиз:

Чун қозиюлҳожот сен, даъвои меҳринг қилғали,
Дарду фироқ андуҳидин келтурмишам икки гуво.

Демак, Навоий ҳожатларни раво этувчи Зотга муножот қилиб, унинг меҳри йўлида эканлигига икки гувоҳ – дард ва фироқ андуҳини шафе келтиради. Меҳрибонликнинг асосий шарти – дардкашлик ва кўнгил маҳрамига талпинишдир. Кўнгли синиқ, аммо ўзгалардан беҳожат зотлар Худонинг чин дўстлари эканлигини билган ва бир умр шунга амал қилган шоир муножотлари Илоҳнинг лутфу иноятига сазовор бўлишини истаб ёлворади:

Қилмай қабул ижоднинг имкони йўқ, сўнгра яна
Мақбулини рад айламак лутфунгдин ўлғайму раво.

Олтинчи байтда Навоий анъанавий образлардан бири – зоҳидга мурожаат қилиб, ҳақиқий хилват – кўнгил хилвати эканлигини таъкидлайди. Гап шундаки, руҳий тарбиянинг усулларидан бири – хилват ва узлат бўлиб, унга кўра, зуҳд ва тариқат йўлига кирган киши дунёвий шуғллардан воз кечиб, ёлғиз ҳолда ибодат қилиши буюрилади. Абубакр Варроқ Термизийга кўра, ҳақиқий зуҳд уч рукндан – зеб-зийнат тарки (з), ҳою ҳавас тарки (ҳ), дунё ва унга бўлган муҳаббат тарки (д) дан иборат. Ҳақиқий зуҳдга эришиш ҳамда тамаънинг орадан қўтарилиши, ғийбат, риё, фитна ва ҳасаддан омон қолиш учун буюриладиган хилват фақат кўнгил саломатлиги ҳолатида фойда берилади. Қачонки, кўнгил кўзгуси Аллоҳдан ўзга нақшлардан пок бўлса, нақшбандий авлиёлар каби “хилват дар анжуман” орқали ҳам руҳ сафоси ва нафс поклигига эришиш мумкин:

Зоҳид, кўнгулнинг хилватин матлуб ғайридин орит,
Сен сайр қилсанг қил, керак кўнглунгга бўлса инзиво.

Кўнгил кўзгуси – Ҳақ назаргоҳи. Ҳақ нури жилвагоҳи бўлиши учун бу кўзгудан дунёвий ҳаваслар, нафсоний истаклар, башарий хоҳишларни сидириб ташлаш, поклаш лозим бўлади. Ўшанда тажаллий нуридан мунаввар кўнгил вужудга сакинат ва оромлик бағишлаб, бундай кўнгил соҳиби ҳақиқат сирридан баҳраманд бўлиб, барча ишларга басират кўзи билан назар солиш саодатига эришади. Ҳазрат Навоий ана шундай буюк қалб эгаси эдилар:

Десанг, Навоий, жон аро маҳбуб бўлғай жилвагар,
Аввал кўнгул кўзгусидин маҳв айла нақши мосиво.

Олимжон ДАВЛАТОВ,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори.

ЎзА
14 101