ЎзА Ўзбек

09.12.2019 Чоп этиш версияси

Абдували Қутбиддиннинг энг сўнгги шеърлари

Абдували Қутбиддиннинг энг сўнгги шеърлари
ШОИРЛАР ЎЛМАЙДИ

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, севимли шоиримиз, “Халқ сўзи“ газетаси масъул ходими Абдували Қутбиддинов орамизни эрта тарк этди. 
Нозиктаъб ва юксак дидли шоир Абдували Қутбиддиннинг умрининг сўнгги дамларида ёзилган, сиёҳи қуримаган шеърларини сиз ўқувчиларга тақдим этмоқдамиз. 

***
Мен жуда ёлғизман,
Гўё қудуқда
Қовурғамгача сув, баданим оғу,
Билагим увушиб типирчилайди –
Мисли сўнгги нола, охирги ёҳу.

Мен жуда ёлғизман –
Қудуқдир жойим,
Безиллар, яшринар мендан чувалчанг,
Қурбақа, сен балки малаксан асли,
Не бўлар аслингга қайта олсанг.

Мен жуда ёлғизман –
Қўлимда нина
Тиламан, қазийман чуқурдан-чуқур.
Тепадан тош тўла пақир ташларлар,
Сўрарлар қилиб бер дея жавоҳир.

Мен жуда ёлғизман,
Азобим чексиз,
Қўлимда занглаган қадимий тақа.
Бўйнимга ёпишиб этар тавалло,
Аслига қайтолмай ётган қурбақа.

Мен жуда ёлғизман,
Тепадагилар
Кенгликда от суриб овлашар гуноҳ.
Мени тушунмаслар (фаҳм шарт эмас).
Аждарман
Ва исмим «Оҳ»дир менинг
«Оҳ».

***
Мен эскирдим,
шалтоғим чиққан,
Шаҳдим учган, қабоғим сўлган,
Бир зўр йигит ичимда ўлган…

Кулбамга ҳам сиғаман зўрға,
Хира тортдим,
Қулоғим оғир.
Ҳар кечқурун ютади тўрва,
Ҳар кундузи сўдрайди тақдир.
Ўйланмасдан қолганман. Бошим
Ғувуллайди.
Тўғриси бўм-бўш.
Гоҳи-гоҳи индамай титрар,
Тумшуқчаси синиб кетган қуш.

Мен эскирдим,
Шалтоғим чиққан.
Фойдам тегмас. Мум қотган энсам.
Кетай десам, товонда қурб йўқ,
Овозим йўқ бақирай десам.

***
Қабристон…
Бобом қабри…
Салом, сукутга чўмганлар…
Сув пуфаклар ёрилаётган булоқ…
Иллатлардан ҳоли балиқлар…
Вақт эккан чинор…
Бобом тинчмикин…

5 959
ЎзА