ЎзА Ўзбек

29.06.2018 18:35 Чоп этиш версияси

Абай мероси: илм йўли – адолат йўли

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 13 мартдаги "Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида"ги қарори Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини янги босқичга кўтаришда, икки қардош халқнинг ажралмас адабий меросини ёш авлод билан биргаликда ўрганишда ғоят муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Абай ижоди билан танишган ҳар бир ўқувчи шеъриятнинг олтин асоси – инсонийлик эканини фаҳмлайди. Шоир ўқувчиларни ноёб ва асл ахлоқий ғоялар сари етаклади. Абай шеърларининг ҳикматга, афоризмга айланиб кетишининг сири ҳам шунда. Зеро, бугунги замонавий қозоқ шеъриятидаги маъно ва мазмун билан боғлиқ изланишларда, ифода йўсинларида Абай тарғиб қилган ўша инсоний фазилатларни, ақлу фаросат жилваларини, ор-номус софлигини, муҳим инсоний хислатларни пайқаб қувонамиз.

Шоирлар инсон кўнглини – хазиналар тўпланиб турган сандиққа менгзайдилар. Поэзиянинг шунга тил бағишлайдиган сеҳри – инсон вужудидаги энг асл, энг азиз ва юксак туйғулар томирини босиб, ташхис айта олишида бўлса керак. У инсонга – инсон деган номига лойиқ талаб қўяди, шу билан юрак оловини ловуллатади, туйғуларига қанот бағишлайди, эзгуликлар сари етаклайди. Биз Абай шеъриятида мана шундай фазилатларга дуч келамиз. Айниқса, унинг ёшларни илм эгаллашга ундаган шеърлари теран маъно-мазмунга, маърифий аҳамиятга эга:

Ёшликда илм бор деб эсга олмадим,

Фойдасин кўра-била текширмадим.

Эр етгач, тушмади илм ҳовучимга,

Қўлимни муддатидан кеч сермадим.

1886 йили Абай “Илм топмай мақтанма”, “Интернатда ўқийди” каби шеъларни ёзди. У дастлабки шеърларидаёқ устоз шоир сифатида кейинги авлод вакилларига маърифатли ёшлар бўлиб етишишни васият қилади:

Илм топмай мақтанма,

Ўрин топмай бопланма.

Хуморланиб шодланма

Ўйнаб, бекор кулишга, –

дейди. Унинг айтишича, илм йўли – адолат йўли. Илм-фанга эришиш учун эски, қолоқ дунёқарашлардан тозаланиб олиш керак. Илм ўрганаётган ёшлар маърифатсиз, саводсиз қавмдан ўзгача, илғор бўла олишини истайди.

Абайнинг бу даврдаги ёзган шеърларида халқ манфаатини тушуниб етган асл азаматнинг қиёфаси кўриниб туради, у тарихий тараққиётни, ижтимоий ҳаётни яхши тушуниб етган шоир сифатида ижод қилди. Энг аввало, Абай сўз санъатини – улкан ижтимоий куч, жамиятдаги курашларнинг асосий қуроли эканини тушуниб етди. Абай ижодининг ўлмас жиҳатларидан бири – ўз халқини дунё маданиятининг илғор намуналари билан, фалсафий теран фикрлари билан танишишга чорлаган ҳамда халқини дунё фалсафаси, маданияти намуналари руҳида тарбияланишга ундаганидадир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 13 март куни чиқарган тарихий қарори эндиликда абайшунослар учун дастуриламал, ўзбек-қозоқ адабий алоқаларини янги босқичларга олиб чиқишда эса кенг имкониятлар эшигини очувчи асосий омил бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Ақан Ташметов,
журналист, таржимон.

ЎзА
4 603