ЎзА Ўзбек

22.06.2018 20:38 Чоп этиш версияси

Бу юрак — тилсиз шоир

Бу юрак — тилсиз шоир
Тоғай Мурод хотирасига

Бу юракда нелар бор,
Очиб кўрар замон йўқ.
Бошимга дўнар бургут,
Кўзи очу қорни тўқ.

Манзил, ҳей, қандай манзил,
Юрак етилди оҳдан.
Ёшим қирққа етмасдан,
Қайтганмишман жангоҳдан.

Шамолга шалоқ бўлиб,
Эрмак бўлиб элакка.
Мени қўйинг, жўралар,
Тўзим тиланг юракка.

Отамнинг ҳасратига
Сандал каби исиниб.
Худонинг кенг уйида
Юрибманда қисиниб.

Бу юракда нелар бор,
Нелар йўқ бу юракда.
Тангрига хатлар ёзсам,
Қор ёғади фалакдан.

Галасидан айрилган
Бир бўрини кўргандим.
У менга ҳавас қилди,
Мен ҳам ҳавас қилгандим.

Исмини ҳам билмайман,
Балки бир номсиз банда.
У менга бахт тилайди,
Бахтсизлик кўрмаганда.

Бу юрак — тилсиз шоир,
Дод демас, жим кетяпти.
Қизим фалакда туриб,
Менга мактуб битяпти.

Дунё, чин исминг нима,
Матлабинг не, тириклик?
Балки, шу хароб умрим
Чумолига буюклик?!

Бу ланж, беор даврада,
Жонга май аро киргай.
Май баҳона сенга ҳам,
Қачонлардир сўз бергай.

Қўлга ўрганолмаган
Бўри — менинг юрагим.
Ўзимни мастга солсам,
Куйиб кетар кўкрагим.

Қўлга ўрганолмаган
Бўри увуллайди зор:
Очиб кўрар имкон йўқ,
Бу юракда нелар бор.

2011 йил
Шодмонқул Салом


6 898