ЎзА Ўзбек

11.12.2019 Чоп этиш версияси

50 ёшини нишонлаган шоир ва журналист

50 ёшини нишонлаган шоир ва журналист

Куни кеча 50 ёш юбилейини нишонлаган шоир ва журналист Сафар Оллоёр 1969 йил Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида туғилган. ЎзМУнинг журналистика факультетини битирган. У 1997 йили “Йилнинг энг яхши журналисти” танлови совриндори.

Сафар Оллоёр 1998 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси. Унинг “Ишқ йўли” “Умид ўзани” “Нафис идрок” “Омад кўзи” шеърий тўпламлари нашр этилган. Шунингдек, “Муҳожир” (баллада), “Армон изи” (баллада), “Чақмоқтош” (поэма), “Тийрак тилсим”, “Безавол олмос”, “Харитадаги осмон”, “Инсон” номли достонлар ва бошқа кўплаб бадиий асарлар муаллифи.

Нома

Асрий булоқларнинг кўзин очгансан,
Муаззам тоғларнинг кўкрагин керган,
Мафтункор боғларга бағрини берган,
Очиқ қалб, бағри кенг, мафтункор, Ватан!

Жўшқин дарёларга йўл очган ўзинг,
Аму, Сир, Зарафшон… — баётинг-сўзинг.
Ўзбек камолига тикилган кўзинг,
Дарёдил, собитсўз, улуғвор, Ватан!

Мағрур бургутларга бахш этиб парвоз,
Некбин турналарга бўлган жўровоз,
Қуёшу ойларга кўзгуваш пардоз,
Сарпарвоз, саровоз, сервиқор Ватан!

Беадоқ уммондай дарёваш диллар,
Меҳрингдан баҳраманд нурли кўнгиллар.
Ай мушфиқ оналар, опа-сингиллар,
Сиз каби меҳрда барқарор, Ватан!

Гарчанд дилдошдирман, келар ҳавасим:
Кўнгилга ҳамоҳанг эсар ҳур насим,
Етти ёт ҳадикдан оллоҳ асрасин,
Барча дилбандингнинг бахти бор, Ватан!!!

Ҳикмат дарчаси

Вазият ўзгача: руҳми уйғонган,
Туйғулар жилваси нурчан, теранроқ.
Ажиб куй таралмиш муаззам тонгдан,
Заминга чўт эмас бир зайл тебранмоқ.

Тасанно ибтидо шамойилига,
То абад асрагай синоатини!
Илло не дард инган инсон дилига,
Ўзи ўқий олмас ўз дастхатини.

Асрий зимистонда юз очмиш кўнгил,
Қия очилганда ҳикмат дарчаси.
Ажаб, шамсдай ёрқин нур сочмиш кўнгил,
Оламга ёйилмиш бу ёғду саси.

Ки аҳвол ўнгланмиш эмди мутлақо,
Китобдай жамланмиш ҳаёт мазмуни.
Инсонга самимий дил ёрмиш бақо,
Валекин тингланмас, англанар уни.

Шу заҳот ўзгармиш хизмат ила иш:
Узлатга чекинмиш ғараз, кин, кадар…
Фақат тўкис умр кечирар эмиш
Ана шу ҳикматни англаётганлар!..

Оқиш шашти

Панд бериб қўймаса танланган ўзан,
Олис манзилларда кутар саф пайғом.
Ҳеч қайси тўсиққа тобе эмассан —
Шуни талаб қилар дарё деган ном.

Сенга етолмаган жилғалар бисёр,
Бири боққа, бири пайкалга сингган.
Оқиш нима билмас кўлмаклар ҳам бор,
Селдан пайдо бўлиб бир жойда тинган.

Бетавфиқ тинишдан наф йўқдир гарчанд,
Димоқни эзғилар қора лой ҳиди.
Кучингни бўлсада ҳар қайси сарбанд,
Беҳад шавққа тўла оқиш мавриди.

Худо сабот берсин, эй дарёжоним,
Курашга лойиқсан собитлик учун!
Сенга боқиб жўшар ор-ҳаяжоним,
Гаштимиз айрою шаштимиз уйғун.

Алҳол, замон улуғ, имкон етарли,
Теграмда дўстлар кўп оркаш, дарёдил.
Кўнглим қирғоғингда бир сўз айтарди:
– Сувингдан ичганга шашт бахш айлагил!

Оқиш гашти

Эй, қалб, дарёлигинг муборак сенга,
Асрий булоқлардан жамлагансан куч.
Бақамти ёр бўлгай бу юрак сенга,
У муқим қирғоқдир, шу ўзанни қуч!

Оқиш нелигини билмаган қанча,
Турғун ҳолатидан бамисли мағрур.
Ажаб, сенда ҳислар сузар чалқанча,
Ғаввосдай шўнғиб ҳам топишар ҳузур.

Кундузи фараҳбахш зилолинг билан
Роҳат улашасан чанқоқ дилларга.
Тунда кўксингдаги ҳилолинг билан
Ғоясан табиат отлиғ асарга!

Шарқироқ оҳанглар, жўшқин қўшиқлар
Мавжларинг авжидир собит ва номдор.
Муҳаббат талаблар йўлингга чиқар,
Барининг кўксида инжа умид бор.

Уларнинг раъйига бўйсунма, асло,
Ўз номус-шаънингга тушурмагил доғ.
Ўзлигингда фақат эзгу ҳислар жо,
Ташрифингга илҳақ барча боғу роғ!

Йўлга кузатаркан, вазмин чўққилар
Сафарингга омад ва бахт тилайди.
Дарёлар истаса чўлни йўқ қилар,
Зотан оркаш шаҳдни тангри қўллайди.
Эй, қалб! Дарёлигинг муборак сенга!..

Яшаш шавқи

Яшасанг, одамга ўхшаб яшагин –
Кўнгил кошонангни безаб яшагин.
Аждодлар орини cақлаган бўлса,
Ғурурли отангга ўхшаб яшагин.
Устуни мустаҳкам айвонда яша,
Туйнуксиз чодирлар –
бетавфиқ гўша.
Собитлик – энг улуғ зийнат,
Ҳамиша
Мусулмон одамга ўхшаб яшагин.
Ариққа боқсанг-чи, сойин севади,
Ҳатто қаро тунлар ойин севади.
Чин инсон туғилган жойин севади,
Покдомон одамга ўхшаб яшагин.
Бу юртнинг шаънини
шамоллар сийлар,
Мадҳини ҳумою булбуллар куйлар.
Юракдан куйлайди зўр муғаннийлар,
Бегумон одамга ўхшаб яшагин.
Ғамнинг ўлчами кенг,
куйнинг – кўлами,
Дилларга малҳамдир элнинг ўлани.
Ҳолбуки, бу дунё – синов олами,
Беармон одамга ўхшаб яшагин!..


2 585
ЎзА