ЎзА Ўзбек

26.12.2018 21:03 Чоп этиш версияси

200 дан ортиқ рангтасвир асарлари намойиш қилинмоқда

200 дан ортиқ рангтасвир асарлари намойиш қилинмоқда Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар залида анъанавий “Табиат ва рассом” кўргазмаси очилди.

Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маънавият тарғиботчилари, ижодкорлар, таниқли рассомлар, талаба-ёшлар, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Манзара – рассомлар ижодида муҳим жанрлардан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда романтик руҳият касб этадиган асарлари билан ажралиб турадиган рассомлар гуруҳи – Анвар Мирсагатов, Янис Салпинкиди, Серсенбай Бойбасинов, Евгений Гадецкий, Валерий Енин, Дилором Мамедова ва ёш авлод вакиллари манзара жанрида ижод қилмоқда. Мазкур анъанавий кўргазмада юртимизнинг манзара санъати усталарининг 200 дан ортиқ рангтасвир асарлари намойиш қилинмоқда.

– Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 3 август куни юртимиз ижодкор зиёлилари билан бўлиб ўтган учрашувида белгилаб берилган вазифалар рассомларимиз ижодида ўзининг яққол ифодасини топмоқда, – дейди Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуриддинов. – Бу жиҳатлар ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тасвирий санъатга меҳри баланд ўғил-қизларни янада кўпроқ илҳомлантириш, янги-янги ижодий марралар сари руҳлантиришга кўмаклашади.

Шунингдек, кўргазмада йил давомида Бадиий академия фаолиятини ёритишда, ривожлантиришда ҳамда қўллаб-қувватлашда яқиндан ёрдам берган давлат идоралари вакиллари, журналист, ижодкорларга сертификат ва эсдалик совғалар топширилди.

Кўргазма 2019 йилнинг 15 январигача давом этади.

24--faqat saytga.JPG

2.JPG

25-faqat saytga.JPG

10.JPG


Гулноза Бобоева, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА
5 485