ЎзА Ўзбек

07.02.2019 08:40 Чоп этиш версияси

​1440 дақиқа ёки 86400 сония

​1440 дақиқа ёки 86400 сония

Сарҳисоб керакми? Балки шусиз яшаш осонроқдир. Лекин бу ҳаётда ҳар бир ишнинг ўз ҳисоб-китоби, якуни бўлгани дуруст. 

Ҳамиша ҳам кўрсаткичлар аъло бўлмас, лекин ўз-ўзини тафтиш жуда яхши самара беради. Янада аниқроғи, вақтни жиловлашнинг ҳадисини олишда асқотади. Бенжамин бобо бу борада шундай дейди: «Ҳаётни севасанми? Севсанг, вақтни бой берма, чунки вақтдан ҳаёт деган мато яралади».

Инчунун, ҳаётни эъзозлаш, унинг ҳар бир фурсатини ғанимат билиш муҳим. Мана шунда биз олдимизга қўяётган улкан мақсадларга етишмоғимиз тайин. Хўп, айтинг-чи, бунинг синашта режа-амали борми? Айнан ўша дастурларни ҳаётга татбиқ этиб, муваффақият дарвозасини оча олганлар учрайдими? Балки! Ўтмишда сонияларни қадрлаб, ўз қарашлари устидан зафар қучганлар бордир. Аммо вақтни тизгинлаш сизу биз ўйлаганчалик жўн ҳодиса эмас. Унинг сир-синоатини пухта ўзлаштирмоқ лозим. Билъакс, вақт тескари саноққа ўтади. Хуллас, ҳаммаси Яратганнинг измида.

849c3072-2d88-49f1-a5aa-15570ff16265.jpg

Умримизнинг яна бир ойдин йилининг тағин бир мукаррам ойи ортда қолар экан, баъзан унга назар соламан; улгурмаган, имконим бўлмаган юмушлар қовоқ уюб, лаб гезартиради. Аммо ҳар не қилмай, «оҳим» етмайди. Қилган ишларимни чамалайман: гоҳо «аттанг» тавозе билан пешвоз чиқса, гоҳо хушнудлик дўстона қўл узатади «балли» дея. Яна янгидан-янги ишлар, муддаолар сари юз бураман. Улар бекатдаги йўловчидай фурсатини пойламоқда. 

Оламшумул ўзгаришлар, янгиланишлар бизни кутиб турмайди. У имкон бўлди дегунча истаган маконида бўй кўрсатаверади. Умумбашарий тараққиёт инсониятнинг вақт устидан минг машаққат билан қозонилган ғалабасидан нишонадир. Ўтган вақт оралаб биз қандай хайрли ишларга бош қўшдик; қай бир ҳаракатимиз ўзгалар томонидан алқанди ё танқидга учради. Виждон тарозида ақл тошлари билан ўлчамини олайлик-чи? Вазият қай йўсинда тус оларкан-а?

8045b689-dee2-4b82-998d-6544e4dbc7ab.jpg

Муқаддас она тупроғимиз бир-биридан ажойиб, кутилмаган туҳфаларга кўмилиб кетди, десак янглишмаймиз. Президентимиз улуғ минбарлардан туриб, у ҳақда бизга обдон уқтирдилар. Ишларнинг боришини, ўлда-жўлда қолиб кетмаслигини зимдан кузатиб, ҳар бир соҳа етакчиларини олдиларига чорлаб, йўл-йўриқ, тағин янгидан-янги кўрсатмалар бердилар. Ва, қонуний асос яратиб, «Мана йўл, мана мақсад, қани марҳамат», деб амалий дастурларни жорий эта бошладилар. Умри бино бўлиб, «каттаконлар» қадам босмаган йўллардан юрилди, халқ ҳасрати тингланди. Эл дардига малҳам бўлиш учун бор имконлар яратилди. Одамлар ҳайратда: тушимми ё ўнгимми?

Айтганча... Йил якунланиб бораётган бир палладаги Мурожаатнома эса юрак-юракларга ўт солди. Мен Ватаним учун нима қилишим керак, деган ўйни барчанинг қалбига муҳрлади. Айни ушбу Мурожаатнома инсон вақтдан унумли фойдаланса, тараққиётни қандай жадаллатиш мумкинлигининг исботидир. Ҳа, шундай Ватан учун жоним фидо деган киши шу аслиятда яшамоғи жоиз. Бугун тек турса, ўз-ўзига хиёнатдир.

Жаҳон тан олган адиблардан бири Сомерсет Моэм «Тезкор вақт, қайтиб келмайдиган вақт инсоннинг энг қимматбаҳо бойлигидир, бинобарин, уни елга совурмоқ бориб турган талон-тарожликдир», дейди хавотирланиб. Чинданам вақтни елга совуриш густоҳликдир. Айшу ишрат «трюк»ларига маҳлиё бўлмай, дадил олдинлаш иймон белгисидир. Хўш, бу самарали ҳаракатларда йўлимизга нималар тўсиқ бўлаётир? Юракка чанг солаётган ўкинчнинг боиси не? Муддао-чи?

time-2160154_960_720.jpg

Башарият тарихи кўз кўриб, қулоқ эшитмаган юксалишларга эврилмоқда. Ер аҳли ўзга сайёраларга эмин-эркин саёҳат уюштиришни йўлга қўяётир. Катта-катта салтанат соҳиблари бошқа олам ҳудудларини ҳам ўзаро тақсимлашаётир. Чегара, қўриқ қўйишга шайланишган. «Тасаддуқ, бор бўл-е», дегинг келади. Ахир, бу ғоятда шараф-ку инсоният учун. Вақтлар аро кезувчи машина ихтиро қилинмаса-да, вақтни серу¬нум қилиб, ишга барака ёғдурувчи технологиялар дунёсида ривожланиш авжига минган. Эҳ-ҳе, уларнинг қай бирини санашни ҳам билмайсан киши. Бизда-чи?

Сал оғриқли, бироқ жўяли сўров. Қанақадир илмий изланишлар олиб борилаётгани бор гап: аммо жаҳон донишларини ир¬ғитиб, ларзага сололмайди. Негаки, устозлардан ўтишга ийманади шогирд, ниманидир ўзгартиришга эса юраги бетламайди. Бори шу! Бундай шогирдларнинг қилган илмий ишлари архивларда муз қотади. Кимга керак унвон, шуҳрат учун қилинган амаллар? Ношуднинг ўзига сийлов, албатта.

Хорижий тилларни ёд туширган, одобу ахлоқда намуна, сара ихтиро ўзанида турганларнинг эса иқтисодий қуввати камроқ. Оила, уй-жой, машина, майда-чуйда жиҳозларга соҳиб бўлай деб вақтини ўшаларга сарфлайди. Пулдор, чаламулла бўлиш иштиёқида бўлганларнинг илмий ишини тунни тонгга улаб, не-не машақатларда қоралайди. Бирим икки бўлсин, деб тирикчиликка андармон бўлади. Ҳозирча ўзга йўл йўқ: начора. Ёғдуланаётган келажагимиз бу иллатларга, албатта, барҳам беради. Ишончим комил.

Parkour.jpg

Билингки, ҳар куни бизга 1440 дақиқа ёки 86400 сония қарзга берилади. Уни қанақа тарзда тақсимлаш ўзимизга боғлиқ. Шу ўринда ибратли бир ривоят¬ни келтириб ўтай. Тўққиз юз эллик йил умр кўрган пайғамбар Нуҳ (а.с.) ҳузурига ўлим фариштаси Азроил (а.с.) келиб, сўради: «Эй пайғамбарлар ичида узоқ умр кечирган зот, дунё ҳаёти ҳақида қандай фикрдасан?» У зот бундай жавоб бердилар: «Мен учун бу дунё гўёки икки эшиги бор ҳовлига ўхшайди. Биринчисидан кириб, иккинчисидан чиқиб кетмоқдаман...» Демак, ҳар бир соатимиз ўтган сари вақтимизни янада кўпроқ қадрламоғимиз лозимдир. Ўтаётган онларимизда миллатга нафи тегадиган юмушларни қилмоқлик лозимдир.

...Балки шу ўтган фурсатлар ёниқ масадларга дастмоя бўлар. Қиш фаслининг феъли айниб турган эса-да, қалбимизда илиқ ҳарорат ҳукмрон. Кўнглимизга иштибоҳ солган турфа қарашлар тин олмоқда. Биз белгилаб олган катта марралар олдида ожиз қолди. Ҳайратдан мум тишласа не ажаб! Чунки, биз даставвал ислоҳотни ўзимиздан, ўзлигимиздан бошлаётирмиз. Бетартиб ҳаётимизни интизомга чорлаб, даккиладик ҳам. Энди сира орқага қайтиш мумкин эмаслигини такрор айтдик. Келинг, қадрдон, сиз ҳам шундай қилинг! Бундан битта шараф бор: Ватанимизнинг кўкка бўй чўзишида жиндай бўлса-да, муносиб улуш қўшмоқлик. Эҳ-ҳе, ёзишимиз, айтишимиз, баҳслашмоғимиз даркор бўлган зарур гаплар талайгина. Лекин ҳозирча шу етарли! Хусрав Деҳлавий бобо битганидек:

Ўтиб кетган кунингдан топ-чи бир кун,
Бугун қайтиб келурму кечаги кун?!

Ғайрат Ширинов, ЎзА
3 547