ЎзА Ўзбек

28.09.2018 Чоп этиш версияси

1000 дан зиёд китоб бепул тарқатилди

1000 дан зиёд китоб бепул тарқатилди “Болалар китоби” республика фестивали доирасидаги тадбирлар Андижон вилояти туман ва шаҳарларида, таълим муассасалари, “Болалар ижодиёти” марказларида юқори савияда бўлиб ўтмоқда.

Вилоят ҳокимлиги, вилоят матбуот ва ахборот, халқ таълими бошқармалари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамкорлигида Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида ташкил этилган фестивалда ёзувчи-шоирлар, адабиётшунос олимлар, ёшлар, китоб ихлосмандлари иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизда китоб тарғиботи орқали маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини, шунингдек, аҳоли, айниқса, ёшларнинг китобга қизиқишини ошириш, китоб маҳсулотлари чоп этиш ва тарқатиш фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

– Фестиваль доирасида адабий-бадиий ярмаркалар, китоблар тақдимоти, мушоиралар, ўқувчиларнинг ёзувчи-шоирлар билан учрашувлари, китоб тарғиботига бағишланган турли танловлар ва бошқа тадбирлар бўлиб ўтмоқда, – дейди вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи А.Султонов. – Бундан кўзланган асосий мақсад, ёш авлоднинг китобга муҳаббатини ошириш, маънавиятини юксалтириш, уларда мутолаа маданиятини шакллантиришга кўмаклашишдир.

Андижон вилояти “Китобсавдо” масъулияти чекланган жамияти тасарруфидаги савдо ташкилотлари томонидан ташкил этилган китоблар савдо ярмаркаси, Бобур номидаги вилоят кутубхонасининг китоблар кўргазмалари кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.

4.JPG

6.JPG

Ёш ижодкорларнинг янги китоблари тақдимотида мамлакатимизда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани самарасида жорий йилда юртимиздаги турли нашриётларда андижонлик ёшларнинг 10 га яқин янги китоб ва тўпламлари чоп этилгани таъкидланди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси билан ўтказилган ёш ижодкорлар мушоирасида Андижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф номидаги она тили ва адабиётини чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари ҳамда “Бобур издошлари” ёш ижодкорлар тўгараги аъзоларининг чиқишлари барчада катта таассурот қолдирди.

Вилоят ҳокимининг ташаббуси билан фестиваль тадбирлари давомида 20 миллион сўмлик 1000 дан зиёд китоб ўқувчиларга тарқатилди. Шунингдек, библиобус – махсус жиҳозланган кўчма кутубхона фаолияти йўлга қўйилди. Бундан буён ушбу библиобус режа асосида вилоятнинг чекка қишлоқларига бориб, китобхонларга, ёшларга хизмат кўрсатади.

5 883
Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат), ЎзА