ЎзА Ўзбек

13.12.2019 Чоп этиш версияси

10 миллион билан бой тадбиркорга айланган "муҳтож оила" ёхуд бир оилани қутқарган сомса...

10 миллион билан бой тадбиркорга айланган "муҳтож оила" ёхуд бир оилани қутқарган сомса...

Бир оилани асраб қолиш, муҳтожликдан қутқариш учун 10 миллион етишига нима дейсиз?..

Бу аёл билан Бухорода ўтказилган кўргазмадан танишдик. Камтар, камсуқум, бир четда турли таомлар ва сомса сотиб турган эди. Касбим юзасидан тадбиркорликни қандай бошлагани билан қизиқдим.

Институтда касбий таълим йўналишида таҳсил олган Насиба тумандаги касб-ҳунар коллежида дарс берар, турмуш ўртоғи ҳам икки фарзанди келажаги учун меҳнат қилиб юрган кунларида оила бошига ташвиш тушади. Оила бошлиғи Содиқжонда саратон касали аниқланди. Шу орада касб-ҳунар коллежлари тугатилиб, Насиба ҳам ишсиз қолди. Мактабдан иш сўраб борганда, дипломи тўғри келмаслиги қайта тайёрловга бориб ўқиб келишни маслаҳат берди. Қизи Ўзбекистон Миллий университетига, ўзи эса қайта тайёрловга шартнома асосида ўқишга кирди. 

Содиқжонни даволаш учун яхшигина маблағ керак, қизи ва ўзининг ўқиши учун ҳам тўлов қилиш керак. Оилада эса пул ҳисобли...

Тушкунликка тушган Насиба қаердан, кимдан ёрдам олишни, нима қилишни билмай қайғуга тушади. Маҳалла фаоллари унинг жонига оро кириб, Бухоро шаҳридаги “Ойдин нур“ ижтимоий мослашув марказига мурожаат қилишни маслаҳат берди.

Пул етишмаслиги, бемор эр, ишсизлик... Буткул тушкун аҳволдаги Насибага марказдаги психологлар ва мутахассислар яқиндан кўмак берди. Дардини тинглашди. Кичик лойиҳаларда иштирок этиб, кўмак олиш мумкинлигини тушунтирди.

Шу тариқа жорий йилнинг баҳорида ушбу марказга ўз бизнес-режасини топширган Насиба 20 кишилик овқатланиш шохобчаси учун жиҳозларга эга бўлди.

— Бизнес-режа тузаётиб, ўғлимни кичиклигида сомсачиларга шогирд бўлганини ҳисобга олиб, сомсахона очиш таклифини бердим, — дейди Насиба. — Бу ишончдан ўғлим ҳам хурсанд бўлди. Биринчи кун 30 дона “қоракўл сомса”ни аранг сотдим. Уни ҳам қариндош-уруғлар олди. Иккинчи кунида мижозлар кўпая бошлади. Ҳозирда 300 дона сомса ҳам камлик қилмоқда. Маҳалламиздаги учта аёлни ишга олдик. Ҳар куни турли овқатлар қиламиз. Маҳалладаги тўйлар бизнинг сомса-ю, патирларимизсиз ўтмайди.

Меҳнати қадр топганидан қувончи ичига сиғмаётган аёлдан бу жиҳозлар учун қанча пул тўлашига қизиқдик.

— Бизнесимни бошлаш учун 10 миллион сўмликдан қимматроқ жиҳозлар менга ёрдам сифатида ажратилган, — дейди Насиба. — Яқинда нолиб юрганимни кўрганлар, қандай қилиб ишим юришиб кетгани билан қизиқиб, кўп савол беришади. Уларга “Ойдин нур“ маркази ва ундаги грант ҳақида айтсам, ишонишмайди. Шунча нарсани бекорга бермайди, деб шубҳаланишади. Йил охирлаб бораётган бўлса-да ҳеч қандай тўлов қилмаганим, ҳаммаси беғараз ёрдам экани, бизнес-режа тузиб топширган одам ёрдам олишини тушунтирмоқдаман. Ҳозирда оиламизда моддий жиҳатдан қийинчилик йўқ. Дори-дармонлар харид қилишга ҳам, қизимни контракт пулини тўлашга ҳам қурбимиз етади.

Бир йилга қолмай ўзини тиклаб, маҳалласидаги қийналган уч аёл ва ўғли учун иш ўрни яратган Насибахон кейинги йилда ошхонани янада кенгайтирмоқчи.

Бир оилани қутқарган “қоракўл сомса”сидан биз ҳам харид қилдик.

6 943
Сайёра ШОЕВА, ЎзА