ЎзА Ўзбек

24.07.2020 Чоп этиш версияси

«Ўзбекистон жаҳон фани ривожига салмоқли ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирлар ватани»

«Ўзбекистон жаҳон фани ривожига салмоқли ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирлар ватани»
Эътироф

2020 йил 16-17 июль кунлари «Самарқанд давлат университети – Улуғбек мадрасаи олиясининг вориси» мавзуида бўлиб ўтган онлайн халқаро конференциянинг нуфузли меҳмонлари ўз таассуротлари ва фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

photo_2020-07-24_10-52-07.jpg

Ҳалит Эрен,
ИРСИКА Бош директори, профессор (Туркия):


– Тарих ва бугунни боғлаш йўлида олиб борилган жуда кўп тадқиқотларни кўрганман. Лекин менинг назаримда энг мукаммал боғланиш ва узвийлик бу – Мирзо Улуғбек олий мадрасаси ва Самарқанд давлат университети ўртасидадир. Тўғриси, бу изланишлар бошланганига салкам чорак аср бўлди. Орадан ўтган вақт тарихий ҳақиқатларни очиш, янги-янги манбалар билан бойитиш, мустаҳкамлаш учун етарли, деб ўйлайман. Мен Самарқанд давлат университети жамоасини бутун Ўзбекистон халқини мазкур юбилей билан табриклайман. Ушбу масалага бағишланган халқаро конференция минбаридан фойдаланиб, ўзимни мурожаатимни йўллайман.

Дунёга машҳур ўзбек ҳукмдори ва астрономи Улуғбек 1420 йилда Самарқандда мадраса ва Расадхона ташкил қилди.Бу фан ва таълим тарихидаги олтин ютуқ эди.Улуғбек мадрасаси улкан салоҳиятга эга таълим муассасасига айланди ва Самарқанд давлат университети тимсолида ҳозирги давргача етиб келди.Таълим даргоҳларининг илмий изланишлар ва ўқитиш соҳасидаги анъаналари ва тажрибаси, асрлар давомида муассасанинг ўзига хос муҳитини сақлаган ҳолда,ўзгарувчан даврларда тараққиёт ва барқарорликка мослашувчанликни рағбатлантиради.Шу маънода,Самарқанд давлат университети мумтоз олий таълим даргоҳи ҳисобланмиш мадрасанинг замонавий университетга айланишига яққол намуна бўла олади.Бу даргоҳ илм,билим ва таълим узлуксизлигини сақлаган ўтмиш билан ҳозирги кун ўртасидаги боғлиқлик маҳсулидир.

Марказимиз кўп масалалар қаторида таълим муассасалари тарихини ўрганиш борасида ҳам изланишлар олиб боради. ИРСИКА Ислом ҳамкорлик ташкилотининг маданий органи бўлиб, 56 аъзо давлатга эга ҳукуматлараро тадқиқот маркази ҳисобланади.ИРСИКА тадқиқот ва нашриёт фаолияти билан ҳам шуғулланади,илмий конгресслар ташкил қилади,исломшуносликнинг барча соҳаларида тарихий ва замонавий маълумотлардан иборат кутубхона ва архивларни юритади,тадқиқотлар олиб боради ва эски китоблар, қўлёзмалар, тарихий асарлар ва меъморий меросни сақлаш бўйича машғулотлар ўтказади.

Ислом оламининг илмий пойтахтлари ўртасида билимлар алмашинуви бўлиб ўтган.Самарқанд расадхонасида тайёрланган Улуғбекнинг Зиж жадвали Усмонли астрономлари учун тақвимлар яратишда муҳим қўлланма бўлди.Самарқанд география ва астрономия мактаби ислом оламининг география ва картографияга оид билимлари учун асосий манбаларни етказиб берди.Қозизода Румий ва Али Қушчи каби Усмонли астрономлари Самарқандда Жамшид Коший каби ҳамкасблари билан биргаликда ишлаган ва дарс берган.Асрлар давомида мадрасалар жамият ривожида таълим марказлари сифатида ҳал қилувчи роль ўйнаган.У ерда илоҳиёт ва диний фанлар билан бир қаторда математика,геометрия,мантиқ,табиий фанлар,астрономия ва астрология бўйича маърузалар ўқилган.Ислом оламининг турли минтақаларидаги ХХ асрнинг бир қатор университетлари олдинги мадрасаларнинг ворислари ҳисобланади. Худди шу каби,замонавий Ўзбекистоннинг таниқли университети бўлган Самарқанд давлат университети ҳам Улуғбек мадрасасининг бевосита вориси саналади.

Марказимизнинг фан тарихи бўйича лойиҳалари ва нашрларида Самарқанд расадхонаси ва мадрасаси тўғрисидаги маълумотлар кўплаб келтирилган.1994 йилда ИРСИКА ва Ўзбекистон Фанлар академияси ҳамкорлигида «Ислом дунёсидаги фан ва технологиялар» мавзуида халқаро симпозиум ташкил этилди.2004 йилда Самарқанд давлат университети профессори Ботурхон Валихўжаев қаламига мансуб «Улуғбек даври мадрасалари» асарининг турк тилидаги нашри ИРСИКА томонидан чоп этилди.Бизнинг Ўзбекистон ҳукумати ҳузуридаги маданият идоралари ва Ўзбекистон университетлари,академик институтлари билан кенг ва фаол ҳамкорлигимиз Ўзбекистоннинг Ислом дунёсида маданият ва маърифат ривожига қўшган ҳиссаларини ўрганиш учун кўплаб контекстларни таклиф қилади.

Самарқанд давлат университети жамоасини юбилей билан самимий табриклайман.Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ҳамда Самарқанд вилоят ҳокимлигига ўз миннатдорлигимни изҳор қиламан.

photo_2020-07-24_10-52-15.jpg

Криста Пиккат,
ЮНEСКО Марказий Осиё Кластер ваколатхонасининг раҳбари:


– Самарқанд давлат университети Улуғбек мадрасасининг вориси мавзусига бағишланган халқаро онлайн-конференцияда иштирок этаётганимдан жуда хурсандман. Конференция дастурига киритилган маърузалар Мирзо Улуғбек мадрасаси ва замонавий таълим тизимига асос солинган сананинг 600 йиллигига бағишланган. Дастурдан кўриниб турибдики, илмий анжуманда бой тажрибага эга йирик мутахассислар қатнашмоқда.

Қадимги Шарқ цивилизациясининг марказларидан бири бўлган Марказий Осиё ва унинг «юраги» Ўзбекистон жаҳон фани ривожига салмоқли ҳисса қўшган буюк алломалар ва мутафаккирларнинг ватанидир.

Буюк математик ва астроном, давлат раҳбари,илм-фан, маънавият ва маърифат фидойиси, қомусий олим Мирзо Улуғбек ушбу мутафаккирлар қаторида алоҳида ўрин эгаллайди.

Амир Темур ва Темурийлар Ренессансининг шаклланиши ва ривожланишида Марказий Осиёдаги қадимий маданият ва маърифат марказларидан бири бўлган Самарқанд шаҳри муҳим аҳамият касб этади.

Шарқ кўлёзмаларини таҳлил қилганда, Ўрта асрлар даврида илм-фан ривожи жадал ривожлангани кўзга ташланади. Ўша пайтдаги илм-фан ва таълим жараёни ҳолатини таҳлил қилган Мирзо Улуғбек жамият равнақи ва барқарор ривожланишида замонавий таълим ва таълим олиш ҳуқуқига барча фуқаролар эга бўлиши муҳимлигини англаб минтақада бир қатор мадрасалар қуришга киришган.

Манбаларда кўрсатилганидек, Улуғбек мадрасаси – мадрасаи олия мақомига эга бўлиб, унга туташ яна бир нечта мадрасалар ўз фаолиятини ҳамкорликда олиб борган.

ЮНEСКО фаолиятида ҳамкорликда ташкил қилинган кафедралар алоҳида эътиборга сазовор. Шунинг учун Самарқанд давлат университетида ЮНEСКО шафелигида Самарқанд тарихи кафедрасини ташкил қилиш мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман ва ташкилотимиз томонидан амалий ёрдам кўрсатишга тайёрмиз.

Мазкур кафедра ходимлари бир қатор нуфузли университетлар жамоалари билан ҳамкорлигида минтақадаги илм-фан, таълим, маънавият ва маърифат тарихини ўрганиб ушбу жараёнларнинг бугунги кунга мос ютуқларини чуқур таҳлил этиб, университетларда қўллашлари мумкин бўлади.

ЮНEСКО фан ва таълим тарихига бағишланган изланишларни, лойиҳаларни ҳар доим қўллаб-қуватлайди. Мазкур йўналишда тадқиқотлар олиб бораётган олимларнинг ишларига бефарқ эмас.

Тарих – бу бизнинг келажагимиз ҳаётимизга бўлган тўғри муносабатимиз.

Мен Самаркыанд давлат университети профессор-ўқитувчиларини, талабаларини СамДУнинг 600 йиллиги билан табриклайман. Ушбу йўналишдаги ишлар давом этишига, янги-янги маълумотлар ва мактаблар топилишига ишонаман.

8 706
ЎзА