ЎзА Ўзбек

07.10.2019 Чоп этиш версияси

“Ўзбекистон халқ артистлари клуби” “Кўнгил туҳфаси”ни тақдим этди

“Ўзбекистон халқ артистлари клуби” “Кўнгил туҳфаси”ни тақдим этди

“Истиқлол” санъат саройида “Ўзбекистон халқ артистлари клуби” ҳамда “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан “Кўнгил туҳфаси” номли концерт дастури бўлиб ўтди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 3 август куни Ўзбекистон ижодкор зиёлилари билан бўлиб ўтган учрашувда “Ўзбекистон халқ артистлари клуби”ни ташкил этиш бўйича билдирган фикрлари ижросини таъминлаш мақсадида чоралар кўрилди. Истеъдодли ёш хонандаларнинг касбий ва маънавий камол топишига, малака оширишига имкон яратиш, шоир-бастакор-ижрочи учлигини доимий ҳамкорликда иш олиб боришига кўмаклашиш, ўз иқтидорини намоён этиши учун зарур ташкилий масалаларни ҳал этиш, яккахон ижрочилар ва ижодий жамоалар фаолиятини қўллашга доир амалий ишлар қилинмоқда.

Клубнинг асосий мақсади, миллий эстрада санъатини ривожлантириш, ёши улуғ санъаткорларнинг ёшларга ўрнак бўлиши, билим ва тажрибаларини ўргатиши, миллий эстрада санъатини ҳар қандай бегона таъсирлардан, айниқса, эндигина вояга етиб келаётган ёш истеъдод соҳибларини “оммавий маданият” руҳидаги оқимлар таъсиридан ҳимоя қилишга кўмаклашишдир.

Шунингдек, мазмунсиз, савияси паст куй-оҳанглар ва қўшиқларнинг пайдо бўлишининг олдини олиш, хорижий санъаткорларнинг ижроси ва хатти-ҳаракатларига тақлид қилиш каби салбий ҳолатларни бартараф этиш, миллий урф-одатларимиз ва одоб-ахлоқ қоидаларига тўғри келмайдиган, маънавий қадриятларимизга мутлақо ёт бўлган ҳаракатларнинг зарарли оқибатларини бартараф этиш каби муҳим вазифаларни амалга оширишдан иборат.

– “Ўзбекистон халқ артистлари клуби” ўз фаолияти давомида, юртимиз бўйлаб болалар мусиқа ва санъат мактабларида маҳорат сабоқлари ва ижодий учрашувлар ташкил қилиб келмоқда, – дейди “Ўзбекконцерт” давлат муассасасининг директори О.Абдуқаҳоров. – Мазкур маҳорат сабоқлари орқали ёш авлод қалбида эзгу ғояларни камол топтириш, ёшларнинг санъатга нисбатан бадиий савиясини ошириш, ўсиб келаётган ёш авлод вакилларини Ватанга муҳаббат, эл-юртга садоқат руҳида камол топтириш, уларни комил инсон сифатида тарбиялашга ҳисса қўшиш, миллий маданиятимизга ёт, вайронкор ва бузғунчи ғоялар таъсиридан ҳимоялаш каби масалаларга эътибор қаратилмоқда. Клуб аъзолари юртимиздаги нуфузли байрамлар, давлат тадбирларида фаол иштирок этиб, миллий ва замонавий қўшиқчилик санъати, опера ҳамда рақс йўналишларида яратилган ўз ижод намуналари билан халқимизни хурсанд қилмоқда.

“Кўнгил туҳфаси” номли концерт дастури “Ўзбекистон халқ артистлари клуби” аъзоларининг халқимиз олдидаги ижодий ҳисоботи ҳамда ёш авлод санъаткорларини қўллаб-қувватлашнинг бир намунаси бўлди.

Концертда Ўзбекистон халқ артистлари Озодбек Назарбеков, Фаррух Зокиров, Насиба Абдуллаева, Хайрулла Лутфуллаев, Зулайҳо Бойхонова, Ғуломжон Ёқубов, Замира Суюнова, Муножот Йўлчиева, Маҳмуд Номозов, Гулсанам Мамазоитова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Равшан Комилов, Алишер Файз, эстрада хонандалари Сардор Мамадалиев, Шоҳруххон, Рухшона, Муниса Ризаева каби санъаткорлар иштирок этди.

5 990
ЎзА