ЎзА Ўзбек

06.03.2020 Чоп этиш версияси

“Ўзбекистон Қаҳрамони“ унвонини олган ўн олти нафар аёл (+сурат)

“Ўзбекистон Қаҳрамони“ унвонини олган ўн олти нафар аёл (+сурат)
“Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони ва олий нишон – “Олтин юлдуз” медали биринчи бор 1995 йилда берилган. Ушбу юксак давлат мукофотини юртимизда бир неча ўн киши олишга муяссар бўлган. Жамият ҳаётининг турли жабҳаларида фаол ва фидокорона меҳнат қилган, ёш авлод таълим-тарбияси, маънавиятини юксалтириш, саломатлигини мустаҳкамлаш, Ватанимизнинг халқаро миқёсдаги обрўси ва нуфузини оширишга муносиб ҳисса қўшган қуйидаги ўн олти нафар фидойи, фаол, ташаббускор аёл Ўзбекистон Қаҳрамони деган юксак номга муносиб топилган.

1-Муяссар Темирова.jpg
1. Муяссар Темирова. Олий даражадаги унвон таъсис этилган йили ушбу шарафга сазовор бўлган. Опа Бухоро шаҳридаги “Зардўз” акциядорлик жамиятининг юксак бадиий буюмлар тайёрлаш участкасининг катта устаси сифатида узоқ йиллар меҳнат қилган. Зардўзлик санъатини нозик дид билан тайёрланган санъат дурдоналари билан бойитган.

2-Кочкарова Айшахон.jpg
2. Ойшахон Қўчқорова. Наманган вилоят туғруқхонасида узоқ йиллар меҳнат қилган. Фаолияти мобайнида она ва бола саломатлигини асрашдек масъулиятли ишни сидқидилдан бажарган. (1996 й).

3-Манзура Мадалиева.jpg
3. Манзура Мадалиева. Қўқон шаҳридаги 10-умумтаълим мактабида математика фанидан сабоқ берган. Мамлакатимиз таълим тизимида замонавий усуллар, кўргазмали қуроллар билан дарс ўтишни бошлаб берган дастлабки педагоглардан. Муаллима ўтказган очиқ дарслар, математика кечалари мамлакатимиз бўйлаб намунали дарс сифатида кўрсатилган. Кўплаб шогирдлари бугунги кунда жамиятда ўзининг мустаҳкам ўрнини топиб улгурган. (1997 й).

4-Онесия Саитова.JPG
4. Онесия Саитова. Айни пайтда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий перинатал маркази акушер-гинекологи. Она ва бола ҳаёти хавфсизлиги учун масъул шифокор 3 мингдан ортиқ жарроҳлик амалиётини муваффақиятли бажарган. (1997 й).

5-Мавлуда Исматова.jpg
5. Мавлуда Исматова. Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 273-умумтаълим мактабида узоқ йиллар педагогик фаолият билан шуғулланган. Иқтидорли ўқувчилар билан тизимли ишлаш, ўғил-қизларнинг қизиқиш ва лаёқати, интеллектуал салоҳиятига қараб фанлар бўйича ихтисослаштирилган тарзда билим бериш методикасини амалиётга жорий этган. (1999 й).

6-Мартия Раҳматова.jpg
6. Мартия Раҳматова. “Бухоротекс” ҳиссадорлик жамияти 1-йигирув-тўқув фабрикасининг йигирувчиси сифатида узоқ йиллар фаолият юритган. Соҳадаги фидокорона меҳнати билан алоҳида эътирофга сазовор бўлган. (1999 й).

7-Вера Пак.jpg
7. Вера Пак. Хива шаҳридаги 20-Меҳрибонлик уйида узоқ йиллар меҳр-мурувватга интиқ, норасида болаларни тарбиялаш, уларни эл корига камарбаста инсонлар этиб камолга етказишга улкан ҳисса қўшган. Ўзининг 57 йиллик педагогик фаолияти мобайнида ота-она меҳрига ташна кўплаб болаларнинг юрагида ҳаётга, келажакка мустаҳкам ишонч уйғотган. Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари мустақил ҳаётга қадам қўйганидан сўнг ҳам уларни маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб, касб-ҳунар ўрганиши, оила қуриб, уй-жойли бўлишида йўлида жонбозлик кўрсатди. (2001 й).

8-Дилбар Акрамова.jpg
8. Дилбар Акромова. Ўзбекистон “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамғармаси Наманган вилояти бўлими бошқаруви раиси сифатида 1996 йилдан умрининг охиригача фаолият юритган. Жамғармага раҳбарлик қилганида Поп туманида 100 гектарга яқин ташландиқ ерни олиб, “Меҳр-шафқат” фермер хўжалиги ташкил этган. У ерда балиқчилик, шоличилик, буғдой етиштириш билан шуғулланди. Олинган даромад ногиронларга, кам таъминланган оилаларга тарқатилди. (2002 й).

9-Анора Маҳмудова.JPG
9. Анор Маҳмудова. Хоразм вилояти Гурлан туманидаги 5-мактаб директори. Математиканинг нечоғли жозибадор ва мафтункор фан эканини ўқувчиларга исботлаган. (2004 й).

10-Малика Абдуллахўжаева.jpg
10. Малика Абдуллахўжаева. Республика патологик анатомия маркази директори сифатида узоқ йиллар меҳнат қилиб, юртимиз тиббиёти ривожига муносиб ҳисса қўшган. Қаҳрамон опа Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, тиббиёт фанлари доктори, профессори унвонларини олган. (2006 й).

11-Халчахон Мирзаева.jpg
11. Холчахон Мирзаева. Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги “Хадича ая” фермер хўжалиги раиси. Тадбиркорлик, ердан зар ундиришнинг ҳадисини олган қишлоқ хўжалиги соҳасининг фидойиларидан. (2007 й).

12-Сиёсатхон Абдуллаева.JPG
12. Сиёсатхон Абдуллаева. Андижон вилояти Олтинкўл туманидаги “Олтинкўл водий гулшани” фермер хўжалиги раҳбари. Ишбилармон аёл сифатида ҳамқишлоқларининг турмуш фаровонлиги, юрт маъмурчилигига қўшган фаол ҳиссаси билан барчанинг ёдида мангу муҳрланган. (2008 й).

13-Патилахон Эргашева.JPG
13. Патилахон Эргашева. Фарғона вилояти Бувайда туманидаги “Патилахон” фермер хўжалиги раҳбари. Тунларни тонгларга улаб тиним билмаган онахон ҳалол меҳнат инсонга чин зийнат бағишлашини амалда исботлаган. Юртимизда биринчилар қаторида фермер хўжалиги ташкил қилган. (2010 й).

14-Суйима Ғаниева.jpg
14. Суйима Ғаниева. Атоқли навоийшунос олима. Ўзининг қарийб 60 йиллик илмий-педагогик фаолияти давомида ўзбек мумтоз адабиёти бўйича фундаментал тадқиқотлар олиб борди. Мустақиллик йилларида адабиётимиз ва маданиятимизни ривожлантириш, миллий адабиётимизнинг жаҳон маданий цивилизациясида тутган ўрнини халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга катта ҳисса қўшди. Илмий фаолияти давомида яратган 14 та монография, 350 дан зиёд илмий-назарий мақолалар мамлакатимиз ва халқаро илмий нашрларда чоп қилинган, 20 дан ортиқ ўқув-методик қўлланмалари республика олий таълим муассасалари ўқув жараёнига татбиқ этилган. (2015 й).

15-Муҳаббат Шаропова.jpg
15. Муҳаббат Шарапова. Қарши шаҳридаги 2-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаб-интернатининг математика фани ўқитувчиси. Унинг кўплаб ўқувчилари халқаро миқёсдаги фан олимпиадаларида муваффақият қозонган. (2016 й).

16-Лола Муротова.JPG
16.Лола Муродова. Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги “Нурли обод” фермер хўжалиги бошлиғи. Кўп йиллар давомида тракторчи, оддий ишчи, механик, табелчи, бригадир, бўлим бошлиғи, хўжалик раиси сифатида меҳнат қилди. Хусусан, Марказий Фарғонанинг чўл-дашт ерларида пахта, бошоқли дон етиштириб, фермерликда ўзига хос тажриба ва маҳорат мактаби яратди. (2019 й).

29 662
ЎзА суратлари.