ЎзА Ўзбек

14.08.2019 17:56 Чоп этиш версияси

''Ёш китобхонлар'' танловида 10 мингга яқин мактаб ўқувчилари иштирок этди

''Ёш китобхонлар'' танловида 10 мингга яқин мактаб ўқувчилари иштирок этди

Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида Халқ таълими вазирлиги, Республика болалар кутубхонаси ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан мактаб ўқувчилари ўртасида ташкил этилган ''Ёш китобхонлар'' танлови бўлиб ўтди.

Танлов китобхонликни кенг тарғиб қилиш орқали ўқувчиларнинг маънавий дунёсини бойитиш, уларда мустақил ва танқидий фикрлаш кўникма ва малакасини шакллантириш, маънавий таҳдидларга нисбатан соғлом иммунитетни ривожлантириш мақсадида анъанавий ўтказиб келинади.

photo_2019-08-14_18-18-49.jpg

Бу йилги танловда 10 мингга яқин мактаб ўқувчилари иштирок этди. Республика босқичида эса ҳудудларда ғолибликни қўлга киритган 14 жамоа беллашди.

Иштирокчилар дастлаб ўқишга тавсия этилган 40 дан ортиқ бадиий асарга оид саволларга жавоб берди. Сўнгра актёрлик маҳоратини намойиш этди. Жамоаларнинг бадиий асарлар асосида саҳналаштирилган чиқиши ҳам томошабинлар олқишига сазовор бўлди. 

– Вилоятда ғолиб бўлганимиздан сўнг, республика босқичига 2 ой тайёргарлик кўрдик. Берилган адабиётларни қолдирмасдан ўқидик, шеърларни ёдладик, – деди наманганлик Маъсума Холматова. – Адабиёт ўқитувчимиз Шаҳзода Зулфиқорова ёрдамида томошабин олдида нутқ сўзлаш, роль ижро этиш маҳорати ва саҳна маданиятини ўзимизда шакллантирдик. Биринчи шартда 10 саволнинг барчасига тўлиқ жавоб бердик. Бу бизга янада шижоат бахш этди. Иккинчи шартда таниқли ёзувчимиз Ўткир Ҳошимов қаламига мансуб “Дунёнинг ишлари” асаридан парча ижро этдик. Бу чиқишимиз ҳам томошабинлар олқишига ва ҳакамлар эътирофига сазовор бўлганидан хурсандмиз.

photo_2019-08-14_18-18-51.jpg

Танловнинг республика босқичида Наманган, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳри иштирокчилари ғолиб деб топилиб, махсус диплом, кўрик-танлов статуэткаси ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Дилобар МАМАТОВА,Фарҳод АБДУРАСУЛОВ (сурат), ЎзА
4 585