ЎзА Ўзбек

09.09.2019 Чоп этиш версияси

“...яхшилар олдидаги қарз”

“...яхшилар олдидаги қарз”


Янги китоб

Балки кимдир бизни ҳам хотирлаб қўйса зимдан,
Парчалаб қабр тошин дермиз: “Лаббай!”, у замон.
Абдулла ОРИПОВ

Умрининг сурурли йилларида шоир шундай лутф қилганди. Тафаккурининг уммоний теранлиги инкишоф этганидек, тириклик бозорида кўп нарса унутилади, бироқ “унутилмас асло яхшилар олдидаги қарз”! Бугун тақдир ҳукми ана шу ёзуқни ўқиб турибди: шоир фоний дунёни тарк этди, энди унинг яхшиликлари эсланади: кимгадир кўрсатган илтифоти, инсоний ёрдами ва, албатта, миннатдор ўзбек халқи учун миллий адабиёт ривожи йўлида қилган яхшиликлари! Бинобарин, академик Акмал Саидов ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ғулом Мирзонинг “Сен баҳорни соғинмадингми?” хотиралар китоби ана шундай меҳр-оқибатнинг самарасидир, дейиш мумкин. Албатта, туйғулар изҳорини улуғ шоирдан ўтказиб ифодалаш қийин. Китоб номи ҳам Абдулла Ориповнинг машҳур шеъридан олинган.

Тўпламга ҳафсала ва дид билан тартиб берилган. Унда жамланган ҳар бир битик зоҳирий мавзу юзасидан ва шоир умрининг долғали йилларидаги ботиний ҳикматдан сўзлаётгандек бўлади. Зеро, унда соф расмий ёки дипломатик ёзувларнинг киритилиши ҳам маълум ҳақиқатларни далиллайди. Негаки, ўз даврида Абдулла Орипов нафақат шоир, балки йирик давлат арбоби сифатида ҳам улкан маҳобат кашф этганди. Бу табаррук исм-шариф тарихга доир кўплаб ҳужжатларда дарж этилган. Шу туфайли “Абдулла Орипов сийрати” деб номланган биринчи қисм ҳам, “Жондек азиз хотира” деб аталган иккинчи қисм ҳам тарози палласидек мантиқни ушлаб турибди. Умуман, давлат мадҳиялари ёки “Данте Алигьери” ҳақидаги теран мулоҳазалар ҳам, самимий ва эҳтиросли хотиралар ҳам ёрқин тимсолни яхлитликда тасаввур этишга самарали хизмат қилади.

Албатта, келажакда “ўтлуғ илҳом” билан ёзилган ҳар бир шеър турли ўлчамларда таҳлил қилинади, бу нодир санъатнинг сирини инкишоф қилишга уринилади, аммо шу изланишлар қаторида мустақил давлат мадҳияси яратилиши билан боғлиқ тафсилотлар ҳам янги тадқиқотларда, қолаверса, шоир ижодий оламини тасаввур қилишда асқотади. Ёки бир пайтда “Бугун демам у маним, маним” тарзида инкор этилган мавзунинг шоир ижодида ўзгача кўлам кашф этиш тадрижини тасаввур қилишда ҳам академик Акмал Саидовнинг мулоҳазалари йўлчироқ вазифасини бажариши мумкин. Шунингдек, шоир Абдулла Орипов ижодида анчайин дард ва шодумонлик кашф этган “Илоҳий комедия” таржимаси, Данте юртида кўрсатилган эъзоз ҳақидаги ҳароратли қайдлар ҳам Абдулла Орипов ижодининг умуминсоний моҳиятини англашда, ҳам шоир иқтидорининг энг қийин синовларга қандайин дош берганини эътироф этишда ҳужжатли далил бўлиб хизмат қилади. Таржимоннинг ўзи тан олганидек, Данте уни жаҳоний сарҳадларга олиб чиққан эди. Яна китобнинг қимматли томонларидан бири шундаки, муаллиф буюк итальян шоири маънавий дунёсини тўла тасаввур эта олган тадқиқотчи сифатида Абдулла Ориповнинг миллий Дантешуносликка қўшган ҳиссасини яхлит ва комил тарзда кўрсатиб бера олган. Бу мулоҳазалар шу йўналишдаги кейинги тадқиқотларда компас вазифасини бажариши мумкин.

Сермулоҳаза журналист ва эҳтиросли шоир Ғулом Мирзо китобда баралла “Буюк инсоний қалб соҳиби эди” дея рақам қилади. Муаллифнинг бу сидқидил эътирофи муҳтарам Абдулла ака билан учрашувлари тафсилотларида, шоирнинг ёлқинли лутфлари қайдида, ижодига мухтасар шарҳлар ва дилбар шеъриятдан ҳайратланиб, вулқондек портлаган таассуротларда ифода этилган. Айтиш мумкинки, Абдулла Орипов дастлабки шеърлари тилга тушиб, эътироф этилганидан сўнгги кунларигача шеър аҳлининг маёғига айланди, уларга устоз мақомида турди. Бугунги кунда ўзбек шеърияти янги ва мислсиз тўлқин билан тўлишгани эътироф этилмоқда. Бу ҳол, аввало, буюк Навоий соҳир нафасининг авлодларига етиб борганида зоҳир бўлса, иккинчидан, замондош шоир Абдулла Ориповнинг шеърга, унинг ҳар бир сатрига, энг майда унсурига ниҳоятда талабчанлик билан ёндашганлигининг ибрати сифатида тан олинмоқда. Абдулла Ориповда биронта бўш қофия, сакта сатр ёки юксиз қолган сўз йўқ. Шеъриятда бундай комилликка эришиш кам ижодкорларга насиб этади. Ҳозирги ёшлар ана шу талабдан келиб чиқиб, ўзларига баҳо бермоқдалар, таъбир жоиз бўлса, аввал Абдулла Ориповнинг имтиҳонидан ўтиб, кейин қалам тутмоқдалар.

Кўп асрлик шеъриятимизда Абдулла Орипов шеърий шаклни санъаткорларча сайқаллаган шоир эди, бугунги авлод ана шу юксакликдан парвозга шайланмоқда. Ғулом Мирзо эсдаликларида ана шундай муҳташамликка эришишнинг тўлғоқлари ҳақида сўз юритади, уларни жонли гувоҳ сифатида шарҳлайди. Хизмат юзасидан шоир билан ўтказган суҳбатларида эса тикланаётган юртимизда миллий адабиётнинг ривожланиши, бу жараённинг умумжаҳоний ва ички эврилишлари ҳақида жўяли фикрлар изҳор қилинади.

Тўпламга “Китоб нима учун шундай номланди?” деган мухтасар сўзбоши ёзилган. Унинг ҳар бир фаслига шоирнинг моҳиятни яна ҳам равшанроқ ифодалайдиган гўзал шеърлари берилган. Бу ҳол худди узукка кўз қўйгандек ярашган, ҳар бир саҳифадан гўёки шоир боқиб тургандек ва эътирофларга ўзи жавоб бераётгандек бўлади. Умуман, бу китобнинг юзага келиши миллий маданиятимизнинг буюк арбоби Абдулла Орипов дунёсини инкишоф этишда кўплаб янги далилларга бойлиги билан қимматли. Ўз даври адабий муҳитида пўртана юзага келтира олган мўътабар зот – “ўзимизнинг Абдулла акамиз” ҳақида ҳали кўплаб китоблар яратилади. Бу тўплам шу қаторда муносиб ўрин эгаллаши шубҳасиз.

Ҳаким САТТОРИЙ,

журналист


2 997
ЎзА