ЎзА Ўзбек

17.02.2020 Чоп этиш версияси

Ўқувчи-ёшларнинг халқ оғзаки ижодига қизиқишини ошириш мақсадида танлов ташкил этилди

Ўқувчи-ёшларнинг халқ оғзаки ижодига қизиқишини ошириш мақсадида танлов ташкил этилди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус доирасида Халқ таълими вазирлиги, Республика болалар кутубхонаси томонидан ўқувчи-ёшларнинг халқ оғзаки ижодига бўлган қизиқишини ошириш мақсадида танлов ташкил этилган эди.

“Мен эшитган эртаклар” танловига 2019 йилнинг 20 декабридан 2020 йилнинг 20 январигача 3 мингга яқин ижодий иш келиб тушди. Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, “Гулхан” ҳамда “Ғунча” журналлари мутахассисларидан иборат ҳакамлар ҳайъати Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани 15-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Ёрқинжон Ҳайитбоевни “Олтин кетмон” шеърий эртаги учун ғолиб, деб топди. Жиззах вилояти Жиззах шаҳри 23-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Мухлиса Тошпўлатова “Қуёш ҳақида эртак” эртаги билан иккинчи, Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош тумани 3-умумтаълим мактабининг 6-синф ўқувчиси Суғдиёна Юсупова “Алифбо” эртаги билан учинчи ўринни эгаллади.

photo5357200897320529455.jpg

photo5357361756730666335.jpg

Шунингдек, “Капалак“, “Бебаҳо бойлик“, “Саҳродаги жавоҳир“, “Ким зўр?“ сингари эртаклар муаллифлари “Энг ёш эртак муаллифи“, “Табиатни севишга ундовчи эртак муаллифи“, “Энг ибратли эртак муаллифи“, “Ватанни мадҳ этувчи эртак муаллифи“, “Сеҳрли эртаклар муаллифи“, “Дўстликни тарғиб қилувчи эртаклар муаллифи“ ҳамда “Қадриятларни тарғиб қилувчи эртаклар муаллифи“ номинациялари ғолиблари бўлди.

Республика болалар кутубхонасида тақдирлаш маросими ташкил этилиб, ғолиблар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Танлов ташкилотчилари илмга чанқоқ, зукко ўқувчиларга фаол иштироки учун миннатдорлик билдирди.

photo5357361756730666336.jpg

photo5357200897320529454.jpg

– Танловга келиб тушган ижодий ишларда болаларнинг ўзига хос ҳаёти акс эттирилган, ҳис-туйғулари ифодаланган – дейди Республика болалар кутубхонаси директори Дониёр Ўролов. – Болалар адабиётининг ўзига хос ушбу кўринишлари йирик бадиий асарлар учқунлари бўлса ажаб эмас. Муҳими, ўзига хос тарзда ёзилган эртакларда ҳар бир ёш ижодкорнинг айтмоқчи бўлган гапи, фикри бор.

4 201
Моҳигул ҚОСИМОВА, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА