ЎзА Ўзбек

19.09.2020 Чоп этиш версияси

Қўшхотинли ота-ўғил жазоланди

Қўшхотинли ота-ўғил жазоланди
Маънавият

Али Комилов (исм-шарифлар ўзгартирилган) яхши орзулар билан Паризода билан оила қурди, 3 фарзанднинг отаси бўлди. Турмуш ўртоғи билан беш йил бирга яшагач, ундан ажрашмаган ҳолда вояга етмаган қариндоши Гулзода билан шаръий никоҳ ўқитиб, уни яшаб турган хонадонига олиб келди.

Алининг отаси Абдували Комилов ҳам шаръий никоҳида бўлган аёлини яшаш хонадонига олиб келади. У 8 фарзанднинг отаси. Фарзандлари бўйи етиб, уйланадиган-узатиладиган бўлган пайтда эркакнинг кўнгли янги аёл тусаб қолди. Топган аёли Заҳрони шаръий никоҳ асосида қонуний хотини ва фарзандлари билан бирга туришга кўндириб, битта ҳовлида яшашни бошлади. Аёл бу хонадонга келган вақтида ўгай ўғли аллақачон иккинчи хотинга уйланган, оилада турли тортишувлар бўлиб турарди. Заҳро иқтисодий таъминланган бўлса-да, кундоши билан келишолмагач, эри билан бир йил ҳам яшай олмай, ота уйига кетиб қолди.

Қўшхотинли ота-болалар иши Жиноят ишлари бўйича Олтинсой туман судида кўриб чиқилиб, иккала эркак ҳам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 126-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Уларга иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Бу ҳолат кишини чуқур мулоҳазаларга ундайди. Ўғилни ёш-да, ҳали кўп нарсани тушунмайди, десангиз, 8 фарзанди бор, оқ-қорани таниган отани нима жин урди? Аёллар-чи? Наҳотки, ўзгани бахтсиз қилиш эвазига бахтиёр яшаш мумкин эмаслигини тушунишмаган бўлса?

Халқимиз бекорга “Нима эксанг,шуни ўрасан” демайди. Жиноят қилдингми, унга жазо муқаррардир.

12 124
Б.Мелиқулова, ЎзА