ЎзА Ўзбек

16.09.2020 Чоп этиш версияси

«Ҳожибой ака, сизни Францияда ҳам танишади»

«Ҳожибой ака, сизни Францияда ҳам танишади»

Ўзбекистон радиосида ишлаб юрганлар кезларимда бир қатор таниқли олимлар, ёзувчи ва шоирлар, театр ва санъат арбоблари билан учрашиш, улар билан суҳбат қуриш бахтига муяссар бўлганман. Бундан доим ғурурланиб юраман. «Оқшом тўлқинларида» эшиттиришнинг якшанба дастурида «бизнинг меҳмон» саҳифаси бўларди. Унда таниқли геолог олим, академик Иброҳим Ҳамробоев, машҳур режиссёр Шуҳрат Аббосов, севимли ёзувчимиз Шукур Холмирзаевлар меҳмон бўлишган.

2007 йилнинг ноябрь ойлари эди. Анчадан бери кўнглимда қизиқчи Ҳожибой Тожибоевни дастурга таклиф қилиш нияти бор эди. Бунга Франция элчихонасида бўлган бир воқеа туртки бўлди.

«Сўнгги ахборот» эшиттиришига материал тайёрлаш учун Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонасида бўладиган семинарга боришга тўғри келди. Элчихонага айтилган вақтдан сал эртароқ борибман шекилли, элчихона администраторлари мени бироз кутиб туриш учун диванга таклиф қилиб, каҳва билан сийлашди. Парижга бормаган бўлсамда, ажойиб бир муҳитда бир муддат ўзимни гўё Париж каҳвахоналарида ўтиргандек ҳис қилдим. Стол устида Франция ҳаётига оид бир нечта журналлар қалашиб ётарди. Улар француз, инглиз тилида бўлганлиги боис фақат расмларни томоша қилардим халос. Чиройли муқовадаги «Нью Париж» журнали эътиборимни тортди. Уни аста секин варақлай бошлади. Шунда не кўз билан кўрайки, бош саҳифалардан бирида «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» Ҳожибой Тожибоевнинг расми билан мақола чоп этилган эди. Билишимча, журналининг бу саҳифаси Ўзбекистон маданияти ва санъатига бағишланган эди. Мақола ҳам анча катта ҳажмда эди. Семинардан сўнг элчихона вакилларидан шу журнални беришларини илтимос қилдим. Афсус, бу ягона нусха эканлигини, бироз фурсат ўтгач беришларини айтиб узр сўрашди.

Уйга қайтгач, Ҳожибой ака билан телефон орқали боғланиб, эшиттиришга таклиф қилдим ва бир «сюрприз» борлигини ҳам айтдим. Фақат бу сир, уни суҳбатлашганимиздан кейин билиб оласиз дедим. Ўшанда Ҳожибой аканинг кулимсираган овози ҳамон қулоғим остида жаранглайди. ”Ишқилиб, «Маҳаллада дув- дув гапга» ўхшаб, ана сюрпризу мана сюрприз – ана кир ювадиган машинаю мана телвизор бўлмайдими, дедилар аския қилиб. Бироз кулишдик.

Эртаси кун “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист" Ҳожибой Тожибоев «бизнинг меҳмонимиз» бўлди. Жуда мириқиб суҳбат қурдик. Афсус ўша пайтларда эшиттиришлар тасмага ёзилар эди. Уни кўчириб олиш ҳаёлимизга ҳам келмабди. Суҳбатимиздан кейин Франция элчихонасида кўрганларимни бирма бир гапириб, - Ҳожибой ака сизни Францияда ҳам танишаркан, дедим. Ўшанда у киши роса қувондилар, гап орасида «ҳалиги карам ҳақидаги ҳангома борку, ўшани Жак Ширак эшитган кўринади» деганларида бирдан ҳаммамиз хандон отиб кулиб юборгандик.

Ўша йилнинг 27-28 декабрь кунларида «Халқлар дўстлиги» санъат саройида Ҳожибой Тожибоевнинг концерт дастури бўлиб ўтди. Концертда Ҳожибой аканинг энг яқин қадрдонларидан бири ёзувчи Ашурали Жўраев саҳнага чиқиб, Парижда чоп этилган журнални кўрсатиб, Ҳожибой Тожибоевни Парижда ҳам танишади, деганда бутун зал гулдурос қарсакларга тўлиб кетганди. Биз ўшанда бу концерт, Ҳожибой аканинг сўнгги дастури эканлигини билмасдик.

У.Ҳамроқулов

5 292
ЎзА