ЎзА Ўзбек

06.12.2018 18:20 Чоп этиш версияси

“Қаҳрамон“ бадиий фильми хитойликлар билан суратга олинади

“Ўзбеккино” миллий агентлигида агентлик ва “Uzbekistan film holding” компанияси таклифига биноан мамлакатимизга келган хитойлик кинопродюсер Ло Хао ва “Hunan Heguang Media Co Ltd” кинокомпанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

“Ўзбеккино” миллий агентлиги бош директори Фурқат Зокиров ва бошқалар ўзбек кино саноати янги ривожланиш босқичига қадам қўйгани ҳамда соҳадаги халқаро тажрибани ўрганиш ва амалиётда қўллаш борасида самарали ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Президентимизнинг жорий йил 24 июлдаги “Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида“ги қарори кино саноатини янада ривожлантириш, кинематография соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш, замонавий технологияларни қўллаган ҳолда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини ошириш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда дастуриламал бўлаётир. 

Ҳужжатда “Учта шаҳар” ва “Қаҳрамонлар” лойиҳаларини амалга ошириш белгиланган. Мазкур вазифалар ижроси юзасидан ташкил этилган учрашувда “Ўзбеккино” миллий агентлиги ва делегация аъзолари ушбу лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан музокаралар олиб борди. Ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасида келишувларга эришилди. 

Шундан сўнг мазкур ҳамкорлик масалалари юзасидан пойтахтимиздаги Ёшлар пресс-клубида матбуот анжумани ташкил этилди. Журналистларга ташриф тафсилотлари ва келгуси режалар хусусида батафсил маълумот берилди. 

– Куни кеча Самарқанд шаҳрида бўлдик. У ердаги қадимий обидалар делегация аъзоларида катта таассурот қолдирди, – дейди кинопродюсер Ло Хао. – Менда биргина Регистон майдонининг ўзидан туриб бир нечта ҳужжатли, бадиий фильмлар олиш фикри туғилди. Айтмоқчиманки, юртингизнинг бой маданий мероси, тарихи ҳар қандай ижодкорни бефарқ қолдирмайди. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар кино соҳасини ҳам четлаб ўтмагани жуда қувонарли. 

Тадбирда “Ўзбеккино” миллий агентлиги раҳбариятига “Orange Sky Golden Harvest Group” ва “Hunan Mango Studios” Хитой кинокомпанияларида ишланган фильмлар тақдим қилинди. Маълумот учун: ушбу машҳур кинокомпаниялар Брюс Ли ва Жеки Чан иштирокидаги фильмларни суратга олган. 



Моҳигул Қосимова, ЎзА
2 183