ЎзА Ўзбек

04.07.2020 Чоп этиш версияси

Ўзини ўзи банд қилиш: тартиб, рағбат, натижа

Ўзини ўзи банд қилиш: тартиб, рағбат, натижа

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 июндаги «Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор ижроси бўйича Давлат солиқ қўмитаси томонидан “Soliq” мобиль иловаси орқали рўйхатдан ўтказиш усули ишлаб чиқилди. Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар шу пайтга қадар вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси бериш орқали фаолият расмийлаштирилган бўлса, эндиликда мазкур мобиль иловас орқали онлайн тарзда рўйхатдан ўтиб, қонуний фаолият кўрсатишлари мумкин бўлади.

Бунинг учун 2020 йил 1 июлдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш хабар бериш тартибида рўйхатдан ўтганликни тасдиқловчи матрицали штрих код (QR-код) берган ҳолда махсус мобиль илова ёхуд солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали амалга оширилади.

Тушунарли бўлиши учун мисол келтираман. Кўпинча репетиторлик фаолияти яширин даромад манбаи сифатида қаралиб, айнан даромад солиғи тўланмаслиги учун эътирозларга сабаб бўлар эди. Қарор билан мазкур фаолият тури ҳам ўзини ўзи банд қилиш ҳисобланади. Репетиторлик қилаётган шахс “Soliq” мобиль илова ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали ўзини ўзи банд қилган фуқаро сифатда рўйхатдан ўтади.

Солиқ идорасида рўйхатга олинган репетитор 2020 йил учун ижтимоий солиқни базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи ҳажмида тўлайди. Эътиборлиси, ушбу маблағ одатдагидек бюджетга эмас, тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилиб, тўловчи шахснинг келгусида ҳисобланадиган пенсия миқдорига таъсир этади. Пенсия якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган тартибда ҳисобланади. Демак, репетитор келажакда кўпроқ пенсия олишни истаса, белгиланган солиқни ўз ихтиёри билан кўпроқ миқдорда тўлаши мумкин.

Мазкур қарор билан ўзини ўзи банд қилиш бўйича фаолият турлари 67 тага етказилди. Жумладан, калитлар ясаш, чорва молларини ўтлатиш, уларга қараб туриш, жисмоний шахсларга компьютерларни таъмирлаш ва созлаш, лицензияланган дастурий таъминот ўрнатиш, велосипедни таъмирлаш, механизация воситаларини қўлламай бажариладиган юк ортиш-юк тушириш ишлари билан шуғулланувчи шахслар ўзини ўзи банд қилган фуқаро сифатида рўйхатдан ўтишлари мумкин.

Ушбу амалиёт орқали минглаб фуқароларнинг фаолияти қонунийлаштирилади, уларнинг келгуси пенсия таъминотига пойдевор қўйилади, боқимандалик кайфияти секин-аста йўқолиб, ишсизлик қисқаради. Деярли якка тартибдаги тадбиркор мақомига тенглаштирилган ўзини ўзи банд қилган шахслар даромадларини янада кўпайтириш устида излана бошлайдилар.

Давлат солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган мобиль илова ўзини ўзи банд қилган шахсларни фақатгина рўйхатдан ўтказиш билан чегараланмасдан, буюртмаларни қабул қилиш ва кўрсатилган хизматлар (товарлар) учун тўловларни амалга ошириш, юридик шахсларга хизматлар кўрсатишда (товарларни сотишда) электрон ҳисоб-китоб фактураларни тақдим қилиш, мобиль илова ёрдамида ихтиёрий асосда даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиш ҳамда ушбу маълумотлардан кейинчалик, шу жумладан кредит олиш ва (ёки) солиқларни ҳисобдан чиқариш мақсадида фойдаланиш, ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг товарларини, ишларини реклама қилиш хизматларини ҳам кўрсатади.

Албатта, дастлабки вақтларда ҳамма ҳам ҳар ойда тўланадиган 111 минг 500 сўм ижтимоий солиқ (ижтимоий солиқни базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи)ни тўлашдан оғриниб, ўз фаолиятини қонунийлаштирмаслиги мумкин. Аммо бу иш – энг аввало пенсия таъминотини ўз қўли билан йўлга қўйилади, фаолият давлат ҳимоясида бўлади. Яна бир муҳим жиҳат - Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромад жисмоний шахсларнинг жами даромадлари таркибига киритилмайди.

Ўзини ўзи банд қилиш – бугунги кун тақозоси. Бу фаолият дунё миқёсида ўзини оқлаган.

Вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан туманлар учун ўзини ўзи банд қилганларни рўйхатга олиш бўйича режа-график ишлаб чиқилган бўлиб, тарғибот-ташвиқот ишлари олиб бориляпти. Бозорлар, гавжум ҳудудлар, МФЙ идораларига ташқи реклама воситалари ўрнатилмоқда.

Шерали СУЛАЙМОНОВ,
Жиззах вилояти Давлат солиқ бошқармаси жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи.

5 051
ЎзА