ЎзА Ўзбек

14.07.2020 Чоп этиш версияси

Ўзини ўзи банд этиш тизими норасмий сотувчиларга маъқул бўлди

Ўзини ўзи банд этиш тизими норасмий сотувчиларга маъқул бўлди

Жиззах вилояти Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Юнусжон Насимжонов «Эски шаҳар» деҳқон бозорида кунлик иш билан тирикчилик қилувчи фуқаролар билан учрашди.

Норасмий «мардикор бозор»да ўз хизматини таклиф этувчи турли касб эгалари, одамларнинг оғирини енгил қилувчи аравакаш-ҳаммоллар аввалига бироз ётсираб турган бўлсада, вилоят бош солиқчиси уларнинг дардини эшитиш, ёрдам бериш ниятида келганлигини билгач, суҳбат самимий тус олди. Бошқарма бошлиғи улар билан суҳбатда карантин пайтида таваккал қилиб кўчага чиқишининг сабаби, муаммолари билан қизиқди.

Суҳбат давомида бозорда кунлик даромад манбаи билан шуғулланувчи кишиларга аввало карантин қоидаларига қатъий амал қилиш лозимлиги эслатилди. Мулоқотнинг асосий мавзуси ўзини ўзи банд қилиш бўйича тушунтириш-тарғибот бўлди.

– Ўзини ўзи банд қилиш учун қайсидир идорага бориб овора бўлишнинг ҳожати йўқ. Қўл телефонингиз орқали солиқ идорасидан рўйхатдан ўтасиз. Қулайлиги шундаки, рўйхатдан ўтган кунингиздан бошлаб сизга иш стажи ёзилади. Бунинг учун ижтимоий солиқнинг белгиланган суммасини тўлаб бориш керак. Пенсия ёшига етганингизда Сиз учун стаж ва пенсия таъминоти жамғариб борилган бўлади, – деди ДСБ бошлиғи.

Бу янгилик кўпчиликка маъқул бўлди.

– Кўп йиллардан бери аёлим билан бозорда ўз томорқамизда етиштирилаётган маҳсулотларни сотамиз, – дейди сабзавот сотаётган Санақул Рўзимуродов. – Даромадимиз рўзғорга етиб турибди. Аммо фаолиятимизни қонуний қилиб йўлга қўйиш учун имконимиз бўлмаган. Бугун ўзини ўзи банд қилиш ҳақида тушунчага эга бўлдик. Бу бизга жуда мос экан. Сабаби иш стажимизнинг йўқлиги, қариганда пенсия ололмаслик ҳақида кўп ўйлаб қолардим. Бугун билдимки, давлатимиз бизга ўхшаб ўзини ўзи иш билан банд қилганларга иш стажи тўплаб, пенсия олишлари учун имконият яратибди.

Учрашув давомида ўзини ўзи банд этиш бўйича яратилган имкониятдан айримлар бутунлай бехабар, айримлар хабардор бўлишсада моҳиятини тўлиқ англаб етмаган ёки беэътибор қараб келаётган экан. Бу ҳақда вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг шахсан ўзи тушунтириб бериши кўпчиликнинг муносабатини бутунлай ўзгартириб, бу аввало ҳар бир одамнинг фақат бугун эмас, кексайган чоғида моддий таъминланиши учун зарурлигини англаб етишига сабаб бўлди.

Бошлиққа ҳамроҳлик қилган мутахассислар қизиққанларга “Soliq” мобил иловаси орқали ўзини ўзи банд қилиш рўйхатидан ўтиш йўлларини ўргатди.

Карантин талабларига риоя қилинган ҳолда бундай тарғибот ишлари вилоятнинг барча ҳудудларида олиб борилаётир. Тарғибот тадбирлари давомида ҳозиргача аҳолига ўзини ўзи банд қилиш мавзусидаги 1 минг 500 тадан зиёд буклетлар тарқатилди.

4 630
Т. БEКНАЗАРОВ, ЎзА