Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.03.2017 12:51 Чоп этиш версияси

Ўзимизнинг фермер опамиз

Сирдарё вилоятидаги кўп тармоқли фермер хўжаликларида ўтган йили 1 минг 300 дан зиёд лойиҳа амалга оширилиб, 2 мингга яқин янги иш ўрни яратилди.

Президентимиз раҳнамолигида кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор қишлоққа саноатни олиб кириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Янги тармоқларнинг ишга туширилиши хўжаликнинг ҳам, ишчиларнинг ҳам даромадини ошириш имконини бермоқда.

Оқолтин туманидаги “Оқолтин сардори” кўп тармоқли фермер хўжаликлари уюшмасининг умумий ер майдони 1000 гектар бўлиб, 6 фермер хўжалиги ва 2 масъулияти чекланган жамиятини ўзида бирлаштирган. Жамоа аъзолари ўтган йили давлатга 1 минг 380 тонна пахта, 1 минг 660 тоннадан зиёд ғалла, 1 минг 500 килограмм пилла сотиб, шартнома режасини ортиғи билан бажарди. Ғалладан бўшаган майдонларга иккиламчи экинлар экилиб, 80 тонна қовун, 25 тонна шоли, 6 тонна мош, 5 тонна кунгабоқар етиштирилди.

Уюшма аъзолари жорий йилда ҳам мўл ҳосил олиш мақсадида самарали меҳнат қилмоқда. Белгиланган меъёрдаги минерал ва маҳаллий ўғитлар солиниб, вақтида суғорилган 450 гектардаги ғалла майсалари баравж ўсмоқда. Яна 450 гектар майдоннинг шўри ювилиб, яхоб суви берилди. Чорва учун ажратилган 100 гектар майдондаги беда ривожи ҳам кўнгилдагидек.

– Айни пайтда уюшмамизда 120 киши доимий иш билан таъминланган, зарурат туғилганда 90-100 нафаргача мавсумий ишчиларни ҳам жалб этамиз, – дейди “Оқолтин сардори” кўп тармоқли фермер хўжаликлари уюшмаси раҳбари Қурбонгул Мамадалиева. – Ўтган йили пахтадан 400 миллион, ғалладан 350 миллион, бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотларидан 110 миллион сўм соф даромад олдик. Фермерликнинг дастлабки йиллари трактор у ёқда турсин, болаларнинг велосипеди ҳам бўлмаган. Мамлакатимизда яратилган кенг шароит ва имкониятлар туфайли бугун мен ҳам мулкдорман, бундан фахрланаман. Ҳозир ҳамма нарсамиз бор, ҳеч кимдан кам жойимиз йўқ.

Дарҳақиқат, Мамадалиевлар хонадонида бугун мамлакатимизда ишлаб чиқарилган замонавий автомобиллар бор.

Уюшмага қарашли транспорт саройида иккита “Магниум-255”, учта “Класс-Арён”, биттадан “Класс-Ахос”, “Класс-130” қишлоқ хўжалик машиналари, иккита “Невхолонд” комбайни, тўртта "ТТЗ-8011” чопиқ, иккита “ТТЗ-8011” ташув трактори, бир неча кран, самосвал, "Исузи” автобуси, юк машинаси мавсумга шай қилиб қўйилган. Шунингдек, тиркама, сеялка, барона, чизел, культиватор ва бошқа жиҳозлар ҳам етарлича. Буларнинг барчаси юртимизда яратилган шароитлар ва фидокорона меҳнат самараси сифатида ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради.

Уюшма таркибидаги “Аланга кўмак нур файз” масъулияти чекланган жамияти қошидаги таксо-паркда “Нексия” русумли 16 автомашина йўловчилар узоғини яқин қилмоқда.

– Аҳолига йўловчи транспорт хизмати кўрсатадиган таксо-паркдан ташқари, жамият қошида уй-жой қурилиши билан шуғулланадиган қурувчилар бригадаси ҳам мавжуд, – дейди “Аланга кўмак нур файз” МЧЖ раҳбари Дадахон Дадаев. – Жамоамизда 25 киши доимий иш ўрнига эга. Бундан ташқари, қурилиш ишларига 45-50 мавсумий ишчи жалб этилади.

Жамоа қурувчилари ўтган 6 йил давомида ҳудудда намунавий лойиҳалар асосидаги 20 уй барпо этиб, фойдаланишга топширди. Ўтган йили Гулистон шаҳрида барча қулайликка эга замонавий типдаги 12 хонадонга мўлжалланган кўп қаватли турар жой биноси ҳам ушбу жамият қурувчилари томонидан бунёд этилди.

Уюшма таркибидаги чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалигига Қурбонгул опанинг ўртанча ўғли Сафарбек раҳбарлик қилади.

– Ишни 20 бош қора мол, 20 бош қўй боқишдан бошлаганмиз, – дейди “Оқолтин томорқа сервис” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Сафарбек Мамадалиев. – Айни пайтда хўжалигимизда 120 бош соғин сигир, 14 бош “Галинштинг” зотли ғунажин, 2 йилқи, 450 қўй-эчки парваришланмоқда. Буларнинг барчасига 12 чўпон ва подачи масъул. Ўтган йили 54 тонна сутни қайта ишлаб, 42 миллион сўм соф даромад қилдик. Ўтган йил охирида Италиядан 30 зотдор қуён келтирган эдик. Жонивор жуда тез кўпаяр экан. Уч ойда улар сони 400 га етди. Энди қуёнхонани кенгайтирмасак бўлмайди.

Қурбонгул опа шу кунларда оила аъзолари билан бир қатор янги лойиҳалар устида ишламоқда. Тижорат банкидан кредит олиб, қуёнчиликни янада ривожлантириш, парҳез гўшти ва қимматбаҳо қуён териси етиштиришни кўпайтириш орқали янги ишлаб чиқаришни ташкил этишни режалаштирган. Опанинг айтишича, қайта ишланган маҳсулотни тўғридан-тўғри экспортга чиқариш олинаётган даромадни янада кўпайтиради. Айни пайтда 10 янги ишчи ўрни яратиш имконини беради. Мол, қўй гўшти ва терисини ҳам қайта ишлаб, колбаса ишлаб чиқариш, терини ошлаш цехи ташкил этиш, катта совутгич омборхона қуриш лойиҳалари ҳам режага киритилган.

– Маҳалламиздаги кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш, кексаларни эъзозлашни Қурбонгул опадан ўрганиш керак, – дейди тумандаги “Аҳиллик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳамдиёр Саидхонов. – Опа яшасин, маҳаллада етимларга тўй қилиб беради, уйлантиради, яна келинни ҳам, куёвни ҳам иш билан таъминлайди. Кексалар, ногирон ва кўмакка муҳтож фуқароларнинг уюшма ҳисобидан юртимиздаги санатория, дам олиш уйларида саломатлигини тиклашига ёрдам беради. Шу боис бўлса керак, бутун туман аҳли Қурбонгул Мамадалиевани “Ўзимизнинг фермер опамиз” дейди ғурур билан.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
984






Все о погоде - Pogoda.uz