ЎзА Ўзбек

05.09.2018 15:28 Чоп этиш версияси

Ўзи аччиқ, даромади ширин

Ўзи аччиқ, даромади ширин
Сурхондарё вилоятида жорий йилда 146 та фермер хўжалиги 165 гектардан ортиқ майдонда аччиқ қалампир парваришлаб, мўл ҳосил етиштирди.

Мутахассисларнинг фикрича, аччиқ қалампир сердаромад соҳа, ер танламайди, кўп меҳнат талаб қилмайди. Хориж тажрибаси асосида вақтида сув бериб, озиқлантириб борилса, гектаридан 20 тоннагача ҳосил олиш мумкин. Энг муҳими, жаҳон бозорида харидоргир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 январдаги «Республикада хориж тажрибаси асосида аччиқ қалампир етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, бу йил вилоятда илк марта аччиқ қалампир кенг майдонларда парваришланмоқда. Узун туманида икки фермер хўжалиги 32 гектар, Олтинсой туманида ўттиздан ортиқ фермер хўжалиги 22 гектар, Денов туманида 23 фермер хўжалиги 20 гектар майдонда аччиқ қалампир етиштирди.

4.jpg

Термиз туманида йигирма учта фермер хўжалиги 23 гектар майдонда маҳаллий «Марғилон» ва хорижнинг «Каян» навли қалампирларини парваришламоқда. Икки гектар ерда аччиқ қалампир етиштирган «Ғафур Ғулом» фермер хўжалиги деҳқонлари дастлабки йилдаёқ ниҳолларни мавжуд агротехник усуллар асосида парваришлаб, мўл ҳосил тўплади.

– Кўчатни баҳорда эккан эдик, – дейди тажрибали фермер Б.Омантурдиев. – Ҳозиргача саккиз марта сув бериб, икки марта озиқлантирдик. Баравж ривожланган аччиқ қалампир ҳосили пишиб етилмоқда. Уни чет элга экспорт қилишга ҳозирлик кўраяпмиз.

Вилоятнинг Жарқўрғон, Шўрчи, Музработ, Қумқўрғон каби туманларида ҳам аччиқ қалампирдан яхшигина қўшимча даромад олиш мўлжалланмоқда.

Х.Маматрайимов, Ж.Қўзимуродов (сурат), ЎзА
6 983