ЎзА Ўзбек

14.05.2019 14:28 Чоп этиш версияси

Жорий йилда 374 та лойиҳа амалга оширилади

Жорий йилда 374 та лойиҳа амалга оширилади

Президент ташрифидан сўнг...

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев шаҳар ва туманларда тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказмоқда.

Бугунги кунда вилоятда 29 мингдан ортиқ кичик бизнес субъекти фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йилнинг ўзида тадбиркорлик соҳасини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан барча молиялаш манбалари ҳисобидан 2,7 триллион сўмлик кредитлар ажратилган. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, томорқадан самарали фойдаланиш, уй хўжалигида даромадли меҳнат билан банд бўлиш мақсадларига эса 317 миллиард сўм кредит берилди.

Давлатимиз раҳбари жорий йил 6-7 май кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида аҳолини иш билан таъминлаш, даромадларини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида ўз бизнесини бошламоқчи бўлган оилаларни аниқлаш, икки-уч ой ичида уларга белгиланган миқдордаги имтиёзли кредитларни тўлиқ ажратиш зарурлигини таъкидлади. Айни кунларда бу борада амалий ишлар бошлаб юборилган.

Ташриф чоғида белгилаб берилган топшириқ ва вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 2019 йилда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича шаҳар ва туманларда янги иш ўринлари яратиш манзилли дастури ишлаб чиқилди. Шаҳар ва туманларда ўтказилаётган учрашувларда тадбиркорлар учун яратилган имконият ва имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот берилмоқда.

Бешариқ туманида бўлиб ўтган учрашувда тадбиркорларни қийнаётган муаммолар ўртага ташланди. Аҳоли фаровонлигини ошириш учун тадбиркорликни ривожлантириш муҳимлиги таъкидланиб, ишбилармонларга бу борада берилаётган имтиёзлар хусусида атрофлича сўз юритилди.

– Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та ташаббусдан бири айнан хотин-қизларни иш билан таъминлашдир, – дейди вилоят ҳокими Ш.Ғаниев. – Шунинг учун сектор раҳбарлари мазкур масалага алоҳида аҳамият қаратиши лозим. Ташаббус, янги лойиҳалар қўллаб-қувватланади, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги муаммоларга иложи борича ечим топилади.

Бешариқ туманида жорий йилда 374 та лойиҳа амалга оширилади. Тўртта сектор ҳудудида 25 минг иш ўрни яратиш кўзда тутилмоқда. Тикувчилик, тўқувчилик, жун ва чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш, гилам тўқиш, дўппидўзлик, кўрпа тикиш, каштачилик, гуллар ва декоратив дарахтлар етиштириш, заргарлик буюмлари тайёрлаш, иссиқхона ташкил этишга оид лойиҳалар манзилли дастур асосини ташкил этиб, уларнинг амалга оширилиши бешариқлик аёллар бандлигини таъминлайди.

Туманнинг турли ҳудудларидан 1000 гектар ер майдони ажратилиб, “Бешариқ ипаги” МЧЖ томонидан тут плантациялари барпо этилади, пилла етиштирилади.

– Пиллани ўзимиз етиштириб, шу ерда қайта ишлаймиз, – дейди тадбиркор Мақсуджон Қосимов. – Йилига 400-500 минг долларлик маҳсулотни экспорт қиламиз. Асосийси, лойиҳамиз амалиётга татбиқ этилиши билан 14 мингта янги иш ўрни пайдо бўлади, аёллар бандлиги таъминланади.

Учрашувда ўз бизнесини бошлаш истагида бўлган фуқароларга тавсия ва маслаҳатлар берилди, тадбиркор ва ҳунармандларга яратилаётган имтиёз ва имкониятлар ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Аҳоли, айниқса, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилган бу каби учрашувлар барча шаҳар ва туманларда ўтказилмоқда.

М.СУЛАЙМОНОВ, ЎзА
1 306