ЎзА Ўзбек

21.05.2019 11:10 Чоп этиш версияси

Жиззахликлар америкача усулда пахта етиштиряптилар

Жиззахликлар америкача усулда пахта етиштиряптилар


Ўзбекистон ўз пахтасини ўтказиш учун Хитойга сотар экан, Хитой эса бу пахтани ўзиники сифатида дунё бозорига ўтказаркан...

1. 2019 йил 26 март куни ижтимоий тармоқларда қуйидаги ахборот тарқатилди: “АҚШ Меҳнат департаменти Ўзбекистонда етиштирилган пахтани мажбурий ёки болалар меҳнати воситасида етиштирилган маҳсулотлар «қора рўйхати»дан чиқарди”. 

Мазкур хабар Ўзбекистон келажаги учун қанчалар аҳамиятли эканини билган билади, билмаган эса...

Эҳ-ҳеееее!

Шахсан мен ўзим бу тадбир амалга ошишида асосий вазифани бажарган, дунёдаги машҳур 310 брендни бирлаштирган Cotton Campaign кампаниясининг Вашингтондаги йиғинларида уларнинг таклифига биноан 2014 йил 27 апрель – 3 май кунлари қатнашганман. Уларнинг қўлларида Ўзбекистонда пахта етиштиришга оид барча ҳужжатлар етарли эди. Ўша йиғинларда айтилган эдики, Ўзбекистон ўз пахтасини ўтказиш учун Хитойга сотар экан, Хитой эса бу пахтани ўзиники сифатида дунё бозорига ўтказаркан...

Хуллас, АҚШнинг ўзбек пахтасига бойкоти бизнинг иқтисодиётимизни ипсиз чандиб, бизнинг дунё бозоридаги ҳаракатимизни чеклаб ташлашган эди. Фақат амалдаги юртбоши Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари туфайлигина биз АҚШ расмийлари билан мазкур масалада мулоқотга киришдик ва... арзимаган бир, икки йилдаёқ сезиларли натижаларга эришдик.

Оқибатини, мана, кўряпмиз... Шу хусусда мен 2018 йил 8 август куни Жиззах вилояти Пахтакор туманидаги машҳур “Яз-Бекзод” фермер хўжалиги раҳбари Зокир Яхшибоев билан суҳбатимни эсладим. Ўша куни...

2. Эрталаб соат еттида “Навбаҳор” СИУ фермерлари йиғилишига етиб бордим. Негаки, шу маҳал фермерларнинг барчаси бир жойда кундалик ишларни маслаҳатлашиб олиш учун йиғилишади. Кечиксангиз, кейин ҳеч кимни тополмай, кунингиз самарасиз ўтиши тайин. Мен ўн кунлар олдин ҳам бу ерга ташриф буюрган, лекин Зокир Яхшибоевни тополмаган эдим. Негаки оқсоқол фермер Зокир Яхшибоев Америкага, фермерлар билан тажриба алмашиш учун кетган экан.

Гап шундаки, 2016 йил охиридан ўзбек пахтасини АҚШнинг қора рўйхатидан чиқариш йўлида астойдил, изчил ҳаракатлар бошланди. Шунинг натижасида дунёга машҳур Жаҳон банки қошидаги Халқаро Молия Корпорацияси Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорлик қилишга розилик бериб, тажриба тариқасида бир тадбир бошлашган. Тадбирга биноан Ўзбекистонда америкача пахта етиштириш усулини бошлаш тўғрисида ҳамкорлик қилишга келишишган. 2017 йил бошида шу тадбир доирасида Ўзбекистондан ўнта фермер танлаб олинган. Зокир Яхшибоевнинг “Яз-Бекзод” фермер хўжалиги ана шу тадбир қалдиргочларидан бири. 2018 йилга келиб, мазкур тадбирга 105 та фермер қўшилди. Уларнинг 30 таси Пахтакор, 20 таси Дўстлик туманидан, 55 таси Фарғона вилоятидан. Хуллас, 2018 йил ёзида ана шу тадбирнинг бир қисми сифатида “америкача” пахта етиштиришга ўтаётган фермерларнинг 10 нафари АҚШ фермерлари ҳаёти, меҳнати, турмуш тарзи билан танишиш мақсадида 15 кунга америкага сафарбар этилди.

3. - Ака, бугун сиз билан гаплашишга ҳеч кимнинг вақти йўқ, - деди “Навбаҳор” СИУ раиси Олим Норқулов, - ҳозир қишлоқ хўжалиги вазири вертолетда далаларимиз тепасидан учиб ўтади. Ҳаммамиз шунга ҳозирлик кўряпмиз. - СИУ раиси ёнида участка профилактика нозири, милиция майори кийимидаги шахс, яна бир нечта милиционерлар, фермерлар, механизаторлар ва бошқа шахслар турар, кундалик ишларини муҳокама қилишарди. – Биз ҳаммамиз вазирни кутиб олишга тайёрланяпмиз. Вазирнинг вертолети учиб ўтса, бир қанча камчиликлар аниқланади, натижада бир қанча раҳбарларнинг бошлари учиб кетиши аниқ. Хуллас... – СИУ раиси “бизни безовта қилмаганингиз маъқул” деган гапини шу тахлит тушунтирди. 

Ўз навбатида мен Зокир Яхшибоев Америкадан қайтиб келганини аниқладим ва ўша фермер даласини ўзим топиб боришга қарор қилдим.

Тошкент –Самарқанд бетонка йўлидан Зарбдор тарафга ўтиб, “Яз-Бекзод” фермер хўжалигига бурилган заҳоти ўз салоҳияти, ўз кучига етарли ва холис баҳо бера оладиган фермер томон келаётганимни тушуниб етдим. Йўл-йўлакай беш жуфт коттеж, кейин иккита, - яқинда қурилгани билиниб турган - катта-катта, ҳар бирининг узунлиги чамаси қирқ қадам келадиган молхона сарой, сарой ортида иккита катта-катта прессланган сомон ғарамлари. Бу ғарамлар беш юз бош қорамолни қишдан бехавотир чиқаришга етади. Ундан сўнг... эндиги, аксарият СИУлар орзу қиладиган катта гараж. Гаражда иккита универсал, улкан “Орион” голланд тракторлари омочлари тақилган ҳолда. Иккита “Клаас” русумли немис ғалла ўриш комбайнлари. Эскироқ “Кейс” ғалла ўриш комбайни ҳам қаторда мавжуд. Бир нечта “Беларусь-МТЗ-80, ТТЗ-80 тракторлари ва етарли даражада бу тракторларга тақиладиган мосламалар. Кейин билдимки, Зокир Яхшибоев қўлида қирқдан ортиқ одам ишлаяпти. Уларнинг 12 нафари механизаторлар. 

Хуллас, катта бир хўжалик. Ўз “заправкаси” ҳам бор. “Заправка”да уч,беш, ўн тонналик ёнилғи сақлайдиган темир идишлар. Механизаторлар улардан дизел ёнилғи олиб, тракторларига қуйишяпти.

Зокир Яхшибоев - пенсия ёнида бўлишига қарамасдан ҳамон тетик, бир дарахт соясида ўтирганча чой ичиб, ишларни ташкиллаштираётган экан. У билан учрашиб, энди суҳбатлашишга чоғлангандик ҳамки, бизга имкон беришмади. Бир аёл келди. Қўшни фермер экан. Трактори бузилиб қопти. Шунга ёрдам керак экан. Ёрдамни олиб қайтиб кетди. Аёлнинг ортидан Зокир Яхшибоев ерига туташ, қўшни Зарбдор тумани “Истиқлол” СИУ да иш бошлаган турк ишбилармони келди. Ҳақиқий Туркиялик турк. Қўшни хўжаликда ер олиб, пахта етиштираётган эмиш. 

-Толани олиб кетаман, лекин техник чигитни қолдираман. Шу ерда сотаман. Уни олиб кетсам даромадидан харажати катта бўлиб кетади. Туркиядан “Орион” тракторларга ўнта омоч олиб келмоқчиман. Тўрттасини ўзим ишлатаман. Қолганини сотаман. Бу омочлар Ўзбекистонда етти минг АҚШ долларига сотилаётган экан. Мен уларни арзонга, тўрт мингдан сотаман. Натижада ҳам омочларим тез сотилади, ҳам ўзимга қоладиган тўрт омоч менга текинга тушади, - деди турк тадбиркори. Кейин Зокир Яхшибоев билан ишларини битириб, ўз йўлига кетиши билан “Навбаҳор” СИУ директори Олим Норқулов ва участка профилактика нозири етиб келишди.

Афтидан, барча ерлардагидек, раҳбарлар Зокир Яхшибоев тусидаги фермерларни кўп хушлашмайди. Аммо улар билан ҳисоблашишга мажбур бўлишади. Эрталаб Олим Норқуловга учрашгандаёқ мен шунга амин бўлган эдим. Негаки, ўз қадрини биладиган, ўзини тутиб олган фермерлар ҳар кимнинг “ол-кетти”сига шаталоқ отиб югуравермайди. Зокир Яхшибоев хўжаликнинг эрталабки “наряд”ида қатнашмаётганининг ўзиёқ менга кўп нарсани англатган эди. Тўғри-да, қатнашиб нима қилади: ўзида барча турдаги техникалар мосламаси билан бўлса, “заправка”си бўлса, хўжаликдан бир илтимоси бўлмаса... Аксинча, хўжаликдагилар мунтазам равишда Зокир Яхшибоевдан техника ва бошқа нарсаларни илтимос қилишлари кўпроққа ўхшарди. Шунинг учун ҳам...

Хуллас, Олим Норқулов айтдики, соат ўн бирда министр ўтирган вертолет уларнинг даласи тепасидан учиб ўтади. Ўша пайт йўқ деганда Зокир Яхшибоевнинг иккита трактори пахта даласини культивация қилиб турган бўлиши шарт.

- Яхши, - деди Зокир ака, - даланинг бошига олиб бориб қўяман, ўша ерда туради.

- Ээээ, нима деяпсиз, Зокир ака, пахтанинг ичида юриб турган бўлиши шарт.

- Бўпти, пахтанинг ичида туради.

- Турмасин, юрсин. Зокир ака, ундай қилманг. Қўйинг, асабга тегманг.

- Нега энди?!. – Зокир ака бир нималар демоқчи эди, ўзини тўхтатди, кейин вазмин оҳангда: - Менинг пахтазорларимда трактор қиладиган иш йўқ. Ярми суғориляпти. Ярми эндигина сувдан чиқди. Уларга фақат нарезка киритишим мумкин. Аммо нарезка киритсам, эртага яна суғориш керак бўлади. Бу томонга сув етказиб бера олмаяпсизлар-ку! Ё 77 гектарли америка пахтазорига трактор киритайми?!

- Зокир ака, билганингизни қилмайсизми? Лекин соат ўндан тракторларингиз пахта даласига кириб, культивация қилиб турсин.

- Ўнда эмас, ўн бирда учади деяпсиз-ку! 

- Ҳеч бўлмаса ўн яримда далага кирсин!

- Ҳа, яхши, ўн яримда даланинг ичига киритиб, тўхтатиб қўяман. Вертолет учгандан сиз менга қўнғироқ қилсангиз, мен механизаторларга қўнғироқ қиламан. Улар тракторларини вертолет учиб ўтганча юритиб туради.

- Ака, ундай эмас, - Олим Норқулов қизишди. – Вертолет бир соатдан сўнг яна қайтиб учиши мумкин. Ўша пайт ҳам тракторлар пахтазорда юриб турган бўлиши керак.

- Ээ, Олим, бекордан бекорга трактор юраверсин, дейсиз, ахир уларга бекорчи соляркани қаердан оламан. Бўлмаса, вертолетлар учиб ўтиши учун солярка бериб қўйинглар, лекин... культивация мумкин бўлмаса, нарезка мумкин бўлмаса,.. сизлар ҳам инсоф қилингизлар. Бир ой ўтмай пахта териш мавсуми келади. Сизлар бугунни, фақат ҳозирни ўйлаяпсизлар, менга эртага пахта керак.

- Пахтангиз бор, Зокир ака! Қўйинг ака, гап талашманг! Бу топшириқни сизга мен бераётганим йўқ-ку! Тракторингиз бирон бир мослама билан пахта оралаб турмаса иложи йўқ. Менинг каллам кетади.

- Бўпти, - Зокир Яхшибоев муросага ўтди. – Нарезканинг учларини тескари тақиб, пахтазорга киритиб қўямиз. Вертолет учгандан хабар берсангиз, улар юриб туради. Қайтиб учадиган бўлса, яна хабар қилинг, яна юритаман.

- Яхши, фақат соат ўндан...

- Яхши, ўнда далага киритиб қўяман... Эҳ, сизлар! Америкага бориб келганларингда... биз фермерларни тинч қўярмидинглар...

- Зокир ака, бу гапингизни менга эмас, бизларни ҳам зир югуртираётган катталарга айтинг...

Олим Норқулов ва участка нозири кетди. Уларнинг ортидан ЙПХ ходими келди. Транспорт тракторлари ва тележкаларнинг пахта теримига ҳозирлигини текшириш учун. Барчаси тахт, фақат тележкаларнинг ортида тунги чироқлар ёки уларнинг ўрнини босадиган акс-чироқлар (отражатель) йўқ экан.

-Агар пулини тўласангиз шунақа чироқларни келтириб бераман, - деди ЙПХ ходими.

-Тўлайман, жон деб тўлайман. Неча пул бўлади? –Зокир ака киссасидан пул олди.

- Олдин опкелай, Зокир ака, пулини кейин берасиз, - дея ЙПХ ходими кетди. 

Ундан сўнг Пахтакор “Элита” чигит заводидан икки нафар мутахассис келди. Бири айнан америкача пахта бўйича мослашган агроном Зафар Жавлонов, иккинчиси завод директори Бозорбой Қўшбоқовнинг шахсий вакили экан. Шак-шубҳасиз ҳар иккиси Зокир акани вертолет учаётган пайт қоровуллаб, тракторларни далада юргизиб туришини таъминлаш учун келишгани билиниб турарди.

4. “Яз-Бекзод” фермер хўжалигининг 315 гектар суғориладиган ери бор. 151 га пахта, 164 га буғдой. Шундан 77 гектари америкача усулда пуштага экилган.

Гапни мухтасар қиладиган бўлсак, ўша куни Зокир акани ўртага олиб, бир амаллаб, вертолет учаётган пайт тракторларини далада юргизиб туришига эришдилар.

Лекин... асосий гап бунда эмас... Асосий гап... бизга америкача усулнинг кириб келгани. Бу усулда пахта бир марта комбайнларда териб олинар экан. Койбайнлардан ерга тўкилган пахта ерда тупроққа қоришиб қоларкан ва ўғитга айланаркан...

Асосий гап: биз америкача усулга ўтаяпмиз. Америкача усулда ер ҳайдалмайди, чопиқ қилинмайди, культивация қилинмайди. Чигит пуштага экилади. Нуқул харажатсиз пахта етиштирилади. Лекин шунга қарамай, америкалик фермерлар пахтанинг даромадидан норози. Улар даромади яхши, дея писта етиштиришга ўтмоқдалар...

Хуллас, гап кўп. Яхшиси, бу ҳақда кейинги мақоламизда батафсил маълумот берганимиз маъқул кўриняпти. Мазкур ҳикоя эса... биз эскича усулларга жуда ёмон ўрганиб қолганимиз, улардан воз кеча олишимиз қийин бўлгани ҳақда. Қолаверса, бу табиий жараён...

Вертолетда учган вазирни яхши биласиз. У 2018 йил кузида бир жанжал сабаб бошқа ишга ўтказилган. Унинг номини айтмаганим сабаби: у вазифасини бошқага бўшатиб бергани билан, ўша эски усуллар ҳамон яшовчанлиги, яшаётганлиги, ва бунинг мутлақо табиий эканини таъкидлашдан иборат.

Абулқосим МАМАРАСУЛОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзоси.


ЎзА
5 252