Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

22.09.2017 19:39 Чоп этиш версияси

Жиззахда янги қўшма корхона қурилмоқда

Жиззах шаҳрида "Silk Expert prcessing” ипак етиштириш ва қайта ишлашга ихтисослашган Ўзбекистон – Буюк Британия қўшма корхонаси пойдеворига тамал тоши қўйилди.

Шу муносабат билан ўтказилган маросимда “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ходимлари, Буюк британиялик инвесторлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Мамлакатимизда ипакчилик тармоғи ва тўқимачилик саноатини янада ривожлантириш, соҳага илғор технологияларни жалб қилиш, илм-фан соҳасидаги инновацион ишланмаларни амалиётга татбиқ этишга қаратилаётган доимий эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Президентимизнинг жорий йил 29 мартдаги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда. Қарорда тармоқ нуфузини ошириш учун озуқа базасини жадал ривожлантириш, сифатли ипак қурти уруғи етиштириш тизимини кенг йўлга қўйиш, саноатбоп пилла хомашёси етиштириш ва пиллани қайта ишлаш корхоналарининг тўлиқ қувват билан ишлашини таъминлаш баробарида тайёр рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш ва соҳанинг экспорт салоҳиятини юксалтириш бўйича аниқ тадбирлар белгиланган. Бунинг натижасида 2021 йилга бориб умумий етиштирилган пилла ҳажмида пиллани қайта ишлаш улуши 50 фоизгача оширилади, янги иш ўринлари яратилади, маҳсулот экспорти ҳисобидан валюта маблағи тушуми кўпаяди.

Жиззах шаҳри Сайилжойи маҳалласида барпо этилаётган қўшма корхонанинг лойиҳа қиймати 5 миллион долларга тенг. Корхона биринчи босқичда йилига 144 тонна қуруқ пиллани қайта ишлаш қувватига эга бўлади. Бу кўрсаткични 2021 йилга бориб 576 тоннага етказиш режалаштирилган. Шунингдек, йилига 374 тонна хом пилла қайта ишланади. 2021 йилга бориб бу қувват 1 минг 498 тоннага етказилади.

Корхонада пиллани қайта ишлаш баробарида хомашёни шу ернинг ўзида етиштириш режалаштирилган. 2017-2018 йилларда 48 тонна, 2021-2022 йилларга бориб йилига 192 тонна пилла етиштириш йўлга қўйилади, ипак қурти боқиш 25 минг қутига етказилади.

Мамлакатимиз ипакчилик саноати ривожида яна бир муҳим қадам бўладиган янги қўшма корхона аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам салмоқли ҳисса бўлиб қўшилади. Янги корхонада 240 янги иш ўрни яратилади.

– Янги корхонада пиллага ишлов беришдан тортиб экспорт учун мато, кийим-кечак ва гилам ишлаб чиқариш жараёнлари тўлиқ амалга оширилиши режалаштирилган, – дейди корхона раҳбари Умиджон Икромов. – Тайёр маҳсулотнинг асосий қисми хорижга экспорт қилинади.

Корхонани қуриш ишлари бошлаб юборилди. Анъанага кўра, тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, қурувчилар, хорижлик меҳмонлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида заводнинг асосий иншооти пойдеворига келажакка битилган мактуб солинган капсула жойлаштирилди.

Тадбирда Жиззах вилояти ҳокими У. Узоқов сўзга чиқди.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
2 738






Все о погоде - Pogoda.uz