ЎзА Ўзбек

11.02.2019 Чоп этиш версияси

Жиззахда бизнес-инкубатор ташкил этилади

Жиззахда бизнес-инкубатор ташкил этилади

“Жиззах” эркин иқтисодий зонасида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этиладиган бизнес-инкубаторнинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимот “Илғор ҳудуд” лойиҳаси доирасида вилоят ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги томонидан ташкил этилди.

Президентимизнинг 2019 йил 3 январдаги “Жиззах вилоятини комплекс ривожлантиришни давлат томонидан тартибга солиш ва бошқаришнинг самарали моделини ишлаб чиқиш тўғрисида”ги фармонига асосан Жиззах вилоятида “Илғор ҳудуд” синов лойиҳаси амалга оширилиши кўзда тутилган. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги синов лойиҳасини тизимли ва самарали тайёрлаш ҳамда амалга ошириш учун масъул орган этиб белгиланган.

6.JPG

Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, вилоят хокимлиги, Абу Райҳон Беруний номидаги Бизнес ва бошқарув республика олий мактаби раҳбарияти ва мутахассислари, тадбиркорлар иштирокида ўтказилган тақдимот маросимида “Илғор ҳудуд” лойиҳаси доирасида Жиззах шаҳрида жорий йилнинг 1 мартида бизнес-инкубатор очилиши маълум қилинди.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида очилаётган бизнес-инкубатор Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг “Илғор ҳудуд” ёшлар ижтимоий ривожланиш дастурини ишлаб чиқишга қаратилган лойиҳаларидан биридир. Тадбирда Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошида тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга кўмаклашувчи бизнес-инкубатор ташкил этишдан кўзланган мақсад, унинг вазифалари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Ҳудуд иқтисодиётини муваффақиятли ривожлантиришнинг асосий, етакчи кучи, биринчи навбатда, тадбиркорликни ривожлантириш учун зарур шароит яратишдир. Шу мақсадда инвестицион лойиҳалар платформасини ташкил этиш ва уларни молиялаштириш тизимига эга бўлган узоқ муддатли стратегик дастур зарур.

Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги томонидан дастурни қўллаб-қувватлаш стратегияси ишлаб чиқилди. Бу стратегиянинг биринчи қадами Жиззахда бизнес-инкубатор ташкил этиш бўлди. Бизнес-инкубатор тадбиркорларга бизнес режа ишлаб чиқиш, молиялаштириш манбаларини топиш, инвесторларни жалб этиш, лойиҳа бўйича юзага келадиган хавф-хатарларни тўғри ҳисобга олиш, маҳсулотга бозор топиш каби барча масалаларда амалий ёрдам кўрсатади.

Бизнес-инкубатор расман очилмаган бўлса-да, унинг Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Жиззах шаҳридаги ваколатхонасида жойлашган идорасига ҳозирнинг ўзида тадбиркорлар мурожаат қилишлари мумкин. Шунингдек, унинг оммабоп мессенжерлар ва ижтимоий тармоқлардаги аккаунт ҳамда саҳифалари орқали ҳам мурожаат қилиш имконияти мавжуд.

8 388
Тошқул Бекназаров, ЎзА​​