ЎзА Ўзбек

07.04.2020 Чоп этиш версияси

Жаҳон банки коронавирусга қарши курашиш учун маблағ ажратмоқда

Жаҳон банки коронавирусга қарши курашиш учун маблағ ажратмоқда

Жаҳон банки янги коронавирус – COVID-19 пандемияси муносабати билан қабул қилинган иқтисодий тангликка қарши дастур доирасида Ўзбекистон ҳукуматига ҳам кўмаклашмоқда. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича гуруҳи вице-президенти Сирил Мюллер ўртасида онлайн-учрашув ташкил этилди. Видеоконференция шаклида уюштирилган мазкур мулоқот давомида Мамлакатлараро ҳамкорлик платформаси доирасида Ўзбекистоннинг халқаро молия институтлари, жумладан, Жаҳон банки билан муносабатлари масалалари кўриб чиқилди. 

Томонлар, хусусан аҳолини коронавирусдан ҳимоя қилиш, корхоналарни, биринчи навбатда, кичик ва ўрта бизнес субъектларини, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни, хусусий тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган истиқболли қўшма лойиҳаларни муҳокама этишди. Шунингдек, Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий вазиятга глобал коронавирус пандемияси салбий таъсирини юмшатишда Жаҳон банки кўмагининг имкониятлари ва механизмлари келишиб олинди.

Айни пайтда ЖБ томонидан мамлакатимизга соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштириш, ижтимоий муҳофаза институтлари ва муассасаларини қўллаб-қувватлаш учун тезкорлик билан ёрдам кўрсатиш масаласи фаол кўриб чиқиляпти. Зеро, Мюллер Ўзбекистонга молиявий кўмак бериш масаласи тузилма кун тартибидаги устувор бандлардан бири сифатида эътироф этилганини қайд этган.

7 095
ЎзА