Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.10.2012 17:11 Чоп этиш версияси

Жарариқлик омилкорлар

Ғузор туманидаги Жарариқ қишлоғи тобора обод бўлиб бораётир. Бунинг замирида қишлоқ аҳлининг омилкорлик билан қилаётган меҳнати мужассам.

– Юртимизда қишлоқларни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор самарасида бугун чекка ва олис ҳудудларда ҳам аҳоли турмуш даражаси ва фаровонлиги муттасил ошиб бораётир, – дейди “Жарариқ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Хидир Бойсунов. – Қишлоғимиз аҳли меҳнатсевар, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг моҳиятини тўғри англайдиган янги замон одамларидир. Олти мингдан зиёд аҳолимизнинг аксарияти бирор фойдали ишнинг этагини тутган. Одамлар бир-бирига ҳавас билан қарайди. Ана шу ҳавас уларни ҳаракатга, яратувчанликка ундайди.

Қишлоқда шу йилнинг ўзида 25 тадбиркор ўз бизнесини ташкил этди, қарийб 250 иш ўрни яратилди. Янгиликка интилувчан тадбиркорлар мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиб, ҳам ўзига, ҳам қишлоқ аҳлига наф келтираётир. Хусусан, тадбиркорлар Отаназар Қодиров 50 миллион сўмлик кредит ҳисобига замонавий паррандачилик фермасини ташкил қилди. Айни пайтда бу ерда етти минг бош парранда парваришланмоқда. Яна бир тадбиркор Чори Орипов ҳам аҳолига парҳез гўшт ва тухум етказиб бераётир.

Жарариқлик Суюн Эшонқулов ернинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланадиган миришкорлардан. Суяги меҳнатда қотган бу одам ҳаётдан мамнунлиги, рўзғорининг баракасини ана шу ерга бўлган меҳрдан, деб билади.

– Ер бамисоли бир хазина, – дейди Суюн ака. – Иккита иссиқхонада лимон парваришлаб, яхшигина даромад оляпмиз. Лимон етиштириш кўп меҳнат талаб қилса-да, бу бизни чўчита олмайди. Жорий йилда яна иккита иссиқхона қурмоқчимиз.

Қишлоқ одамлари орасида иссиқхона қуриш, паррандачилик, асаларичилик каби сердаромад тармоқларни ривожлантиришга қизиқиш тобора кучаймоқда. Шу билан бирга, чорвачилик билан шуғулланаётган шахсий ёрдамчи хўжаликлар ҳам кўпайиб бораётир.

– Чорвачилик билан шуғулланиш туфайли рўзғоримиз бут, шинам уй-жойли бўлдик, машина олдик, – дейди чорвадор Шоймардон Баҳриев. – Мамлакатимизда чорвачиликни ривожлантириш, гўшт, сут етиштиришни кўпайтиришга қаратилаётган эътибор, хусусан, қишлоқ жойларда чорва озуқаси сотиш шохобчаларининг очилиши биз, чорвадорлар учун катта қулайликлар яратди. Бунинг самарасида аҳолига сифатли гўшт ва сут маҳсулотлари етказиб бериш имконияти кенгаймоқда. 


ЎзА, Ф.Холмирзаев
8 008