ЎзА Ўзбек

17.10.2012 16:11 Чоп этиш версияси

Жаҳон бозорида ўзбек пахтасига талаб тобора ортмоқда

Тошкентда 17 октябрь куни VIII Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси очилди. Унда дунёнинг қирққа яқин мамлакатидан пахта бизнеси ва йирик тўқимачилик компаниялари вакиллари, соҳа мутахассислари, экспертлар ва олимлар иштирок этмоқда. ЎзА мухбирлари ярмарканинг айрим хорижий иштирокчилари билан суҳбатда бўлди.

Сирил Ванденберг, “Tisseray and Cie” компанияси савдо директори (Франция):

– Турли мамлакатларнинг пахта бозори бир-биридан кескин фарқ қилади. Бизга ҳаммасидан кўпроқ Ўзбекистонда пахта бизнеси билан шуғулланиш учун яратилган қулай шароит ва сармоявий муҳит жуда ёқади. Шу боис Ўзбекистон билан бу борада узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, мамлакатингиз ишбилармонлари билан биргаликда истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мақсадида келдик. Ўзбекистон пахта бозорида ўз ўрнимизни топишни истаймиз.

Олий сифатли ўзбек толаси энг яхши халқаро стандартларга жавоб беради. Бу эса, ўз навбатида, истеъмолчиларга жуда манзур бўлмоқда. Изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида Ўзбекистон жаҳон пахта бозорининг энг йирик иштирокчиларидан бирига айланди.

Аюб Ҳуссайн, “Rapid Inspection Services Limited” компанияси бошқарувчи директори (Бангладеш):

– Ўзбек пахтасининг сифати аъло даражада ва бу ҳақда бугун бутун дунё билади. Шу боис Бангладешда ўзбек пахтасига талаб йил сайин ошиб бормоқда. Биз узоқ йиллардан буён Бангладеш тўқимачилик саноатида ўзбек пахтасидан фойдаланиб келамиз. Ўзбекистон билан Бангладеш ўртасида пахтачилик соҳасидаги ҳамкорлик изчил ривожланаётгани бизни ғоят қувонтиради.

Компаниямиз пахта сифатини назорат қилиш билан шуғулланади. Айтишим жоизки, ўзбек пахтаси юқори сифати, пишиқлиги билан ажралиб туради. Шу боис жаҳон пахта бизнеси етакчиларидан бири бўлган Ўзбекистоннинг нуфузи халқаро бозорда йилдан-йилга ортиб бораётир. Юксак савияда ташкил этилган мазкур анжуманда турли мамлакатлардан келган етакчи компаниялар вакиллари, тадбиркорлар, пахта саноати мутахассислари, экспертлар ва таҳлилчилар қатнашмоқда. Иштирокчилар ўзбек пахтасининг юқори сифатини таъминловчи омиллар билан танишиш, фикр ва тажриба алмашиш имконига эга бўлаётир. Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси нафақат Ўзбекистон иқтисодиётини тараққий эттиришга, балки жаҳон пахта савдосини ривожлантиришга ҳам хизмат қилмоқда.

Терри Таунсенд, Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитаси ижрочи директори (АҚШ):

– Дунёда пахтага эҳтиёж йилдан-йил ошмоқда. 2005 йилдан буён ўтказиб келинаётган мазкур ярмарка жаҳон пахта саноатида жуда муҳим аҳамиятга эга. Шу боис унинг иштирокчилари сони йил сайин ортиб бормоқда. Дунёда Ўзбекистон пахта бозорига катта қизиқиш билан қаралади. Ҳар гал ушбу ярмаркага келганимизда, мамлакатингизда пахтачилик жадал ривожланиб, соҳада амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ўзининг юксак самараларини бераётганининг гувоҳи бўламиз.

Ўзбекистонда пахта етиштириш учун замонавий инфратузилма яратилган. Мамлакатингиз пахта саноатини ривожлантириш борасида юксак натижаларга эришмоқда. Ўзбекистонда истеъмолчиларнинг талабларига жавоб берадиган пахтанинг кўплаб навлари мавжуд. Толани сотиб олиш учун ҳам қулай шарт-шароитлар яратилган.

Жонг Вей Хианг хоним, “Sinotrans Landbridge Transportation” компанияси савдо менежери (Хитой):

– Ўзбекистон бугун жаҳон пахта бозоридаги етакчи мамлакатлардан бўлиб, пахта етиштириш бўйича олтинчи, уни экспорт қилиш бўйича учинчи ўринда туради. Давлатингиз раҳбари Ислом Каримов ташаббуси билан ўтказилаётган ушбу анъанавий ярмарка мамлакатингизнинг мазкур соҳадаги ўзаро манфаатли ташқи савдо ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётир. Ўзбекистонда ушбу тармоқларни модернизация қилиш ва техник қайта жиҳозлаш, замон талабларига мос пахта етиштириш, пахта толасини халқаро стандартларга мувофиқ қайта ишлаш ва сотиш комплексини ташкил этиш борасида кўплаб ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

“Sinotrans Landbridge Transportation” компанияси пахта етказиб бериш билан шуғулланади. Аъло навли ўзбек пахтасига Хитой пахта саноатчилари орасида талаб жуда катта. Айни пайтда юқори сифати бутун дунёда эътироф этилган ўзбек пахта толасига бўлган эҳтиёж жаҳон бозорларида ҳам мунтазам ортиб бораётир.

Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Ўзбекистонда пахтачилик соҳасини мунтазам такомиллаштириб боришга, ишлаб чиқаришни модернизация қилишга, селекция ишларини тўғри йўлга қўйишга, сифатли ва рақобатбардош пахта толаси тайёрлашга қаратилаётган доимий эътибордан ибрат олса арзийди.

Тринх Хоа, “Victory International Spinning Joint Stock” компанияси бош директори (Вьетнам):

– 2011 йили ўтган Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркасида беш юз тонна ўзбек пахта толасини харид қилган эдик. Бу йил ушбу кўрсаткични янада оширишни мўлжаллаяпмиз. Мазкур ярмарка пахта етказиб берувчилар ва харидорларнинг ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамлашга, ўзаро фойдали муносабатларни кенг йўлга қўйишга хизмат қилади.

Ўзбекистон пахтаси сифат жиҳатидан жаҳонда энг юқори ўринларда туради. Сўнгги йилларда ўзбек пахта толасининг сертификация даражаси сезиларли равишда ошганини алоҳида таъкидламоқчиман. Ярмаркада жаҳон пахта бозоридаги талаб, таклиф ва нархлар конъюнктурасидаги ўзгаришлар, турли мамлакатларда пахта саноатини ривожлантириш хусусиятлари ҳамда тўқимачилик саноатидаги сўнгги тенденциялар ҳақида маълумот олиш имкониятига эга бўляпмиз. Бу эса тадбирнинг барча иштирокчилари учун жуда фойдалидир.


ЎзА, Мадина Умарова, Нодира Манзурова, Ирода Умарова
9 341