Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

03.08.2018 23:01 Чоп этиш версияси

Жанубий Корея Фарғонада йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширади

Жанубий Корея Фарғонада йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширади
Фарғона вилояти ҳокими бошчилигидаги делегация Корея Республикасида бўлиб, қатор инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришди.

Вилоятда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, чет эллик инвесторларни жалб этиш борасида салмоқли ишлар қилинмоқда. Жанубий Корея билан ҳамкорликдаги ишлар бунинг ёрқин далилидир.

Вилоят ҳокими Ш.Ғаниев бошчилигидаги делегация уч кун давомида Корея Республикасининг Сеул, Инчеон, Кванжу, Хвасонг ва Пхочхон шаҳарлари раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди. Музокаралар давомида вилоят делегацияси Инчеон шаҳридаги йирик “Инчеон” эркин иқтисодий зонасида амалга оширилаётган ишлар ва эришилган натижалар билан танишди. Фарғона вилояти ва “Инчеон” эркин иқтисодий зонаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Инчеон шаҳрида “Evergreen Motors Group” компанияси ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон – Корея бизнес марказида юртимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг доимий кўргазмаси билан танишув ҳам вилоят делегациясида катта таассурот қолдирди. Шу ерда бизнес марказ билан ҳамкорлик ўрнатиш, вилоятнинг Корея Республикасига маҳсулотлар экспортини ошириш ва Фарғонага кореялик инвесторларни жалб этиш бўйича музокаралар олиб борилди.

Гванжу шаҳри мэрияси ва Гванжу савдо-саноат палатаси раҳбарлари билан бўлиб ўтган учрашувда иқтисодий, ижтимоий, маданий соҳаларда ҳамкорлик қилиш, Фарғона вилоятини инвестицион ҳабга айлантириш юзасидан фикр алмашилди. Кўплаб йирик тадбиркорларни бирлаштирган Гванжу савдо-саноат палатаси билан ҳамкорлик шартномалари тузилди. Фарғона делегацияси ва “Гванжу бизнес технопарки” томонидан вилоятда илмий изланиш, нау-хау ва инновацияни ривожлантириш, бизнес ва илм-фан ўртасида узвийликни яратишда яқин ҳамкорлик ўрнатиш бўйича келишувга эришилди. Бундан мақсад вилоятда “Бизнес технопарк” ташкил қилишда “Гванжу бизнес технопарки” тажрибасидан фойдаланиш ва Гванжунинг илғор компанияларини Фарғонага жалб қилишдир.

Пхочхон шаҳри мэрияси билан учрашув якунларига кўра, Фарғона вилояти ва Пхочхон-Си шаҳри маъмурияти ўртасида имзоланган меморандумга асосан Қўқон ва Пхочхон-Си шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатиладиган бўлди. Икки шаҳар ўртасида иқтисодий, ижтимоий, инвестиция ва туризмни ривожлантириш ва яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйиш кўзда тутилган бу келишувлар мамлакатларимиз учун бирдек манфаатлидир.

Жанубий Кореянинг йирик компанияларидан бўлган “Korea Heating Corporation” президенти билан ўтказилган учрашувда вилоят шаҳарларида иситиш тизимини реконструкция қилиш бўйича ҳамкорликда иш олиб боришга келишиб олинди.

Фарғона шаҳрида тўрт юлдузли меҳмонхона ва замонавий кўп қаватли турар жой мажмуаларини лойиҳалаш ва қуриш бўйича “Chung Construction Design Group” компанияси билан олиб борилган музокаралар якунида тегишли меморандум имзоланди. “Sang Myong” компанияси билан тузилган келишувга асосан Учкўприк туманида 12 гектар майдонда соғломлаштириш туризм маркази ва тиббиёт клиникаси ташкил этишга тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилади. “Doori Enginering” компанияси билан Фарғона туманидаги “Баҳодир Агросаноат” МЧЖ ўртасида имзоланган келишувга кўра, 50 гектар майдонда гидропоника усулида иссиқхона ташкил этилиб, етиштирилган маҳсулотни Жанубий Кореяга экспорт қилиш йўлга қўйилади.

“Crechiko” компанияси томонидан Фарғонадa йирик паррандачилик комплекси ташкил этиш ҳисобидан йилига 10 минг тонна товуқ гўшти ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳам келишувга эришилди. “Taeho Machinery” компанияси билан Фарғона туманидаги “Баҳодир Лоғон текстиль” қўшма корхонаси ўртасида имзоланган битимга асосан трикотаж ишлаб чиқариш линияси ташкил этиш ва тайёр маҳсулотларнинг Жанубий Кореяга экспортини йўлга қўйиш бўйича шартнома тузилди. “UKO Global Light” компанияси билан имзоланган меморандумга кўра, Фарғона шаҳрида чиқиндини қайта ишлаш ва ундан энергия ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилади. 

Фарғона вилояти делегацияси сафар давомида яна қатор компаниялар билан истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича шартномалар имзолади. Мазкур келишувлар ҳаётга татбиқ этилиши натижасида вилоятга Корея инвестицияларини жалб этиш кўлами ортиб, иқтисодий барқарорлик янада яхшиланади.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА