ЎзА Ўзбек

18.09.2020 Чоп этиш версияси

Жамиятни рақамлаштириш – ривожланишнинг муҳим омили

Жамиятни рақамлаштириш – ривожланишнинг муҳим омили

Рақамли иқтисодиётга ўтиш замон талаби ва Ўзбекистонни яқин йилларда ривожлантиришнинг устувор йўналиши ҳисобланади. Янги авлод рақамли технологиялари – сунъий интеллект, робототехника, интернет, симсиз алоқа технологиялари ва бошқаларнинг пайдо бўлиши туфайли охирги вақтда бизнес ва ижтимоий соҳадаги фаолият моделларини ўзгартиришнинг навбатдаги тўлқини авж олмоқда.

Яқин келажакда айнан янги рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш рақамлаштириш учун инфратузилма ва ҳуқуқий муҳитни шакллантирувчи бутун мамлакатларнинг ҳам, алоҳида компанияларнинг ҳам халқаро рақобатбардошлигини белгилаб беради.

Ўзбекистон иқтисодиётини рақамлаштиришнинг муҳимлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидланди. Давлатимиз раҳбари рақамли иқтисодиётга фаол ўтишни кейинги беш йил учун асосий устувор вазифалардан бири сифатида белгилаб берди. Ҳаракатлар стратегиясини "Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили"да амалга оширишга оид Давлат дастурида фуқароларнинг турмуш сифатини яхшилаш учун барча соҳаларга инновацион ечимлар, ахборот технологиялари ва рақамли иқтисодиётни жорий этиш чора-тадбирларини изчил ва жадал амалга ошириш белгиланган.

“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан “Жамиятни рақамли жадаллаштириш: социологик нуқтаи назар” мавзусида ўтказилган халқаро илмий-амалий семинарда шулар хусусида сўз борди.

Семинар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди кўмагида ташкил этилди. Илмий-амалий семинар иштирокчилари жамиятда замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиши, АКТнинг фуқаролар ҳаётига таъсири билан боғлиқ ўзгаришини ўрганиш, рақамлаштиришнинг жамиятга ижтимоий оқибатларини ўрганиш усуллари юзасидан фикр ва тажриба алмашди.

Семинар давомида жаҳон миқёсида рақамлаштиришга бўлган ўсиб бораётган эҳтиёжларга ўз вақтида муносабат билдириш масалалари ҳамда рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш зарурлиги муҳокама қилинди.

Йиғилишда социология ва жамоатчилик фикрини ўрганиш соҳасидаги етакчи тадқиқотчилар ва амалиётчиларнинг маърузалари тақдим этилди. Жаҳон миқёсида рақамлаштиришга бўлган эҳтиёжлар, рақамли технологияларнинг аҳоли турмуш сифатини оширишга таъсири, рақамлаштириш шароитида умумий неъматдан фойдаланиш имконияти, рақамли иқтисодиётнинг социологик тадқиқотлари каби долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш ва одамлар ҳаётини осонлаштириш учун рақамли технологиялар ва инновацион ечимлар иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва жамият ҳаётига фаол жорий этилиб, қўлланилмоқда. АКТ давлат бошқаруви, банк иши, саноат, тиббиёт ва хавфсизликни таъминлашда қўлланилади. Мамлакатимиз келажаги рақамли технологияларнинг кенг жорий этилиши ва қўлланилиши билан чамбарчас боғлиқ.

Илмий-амалий семинар якунларига кўра, АКТнинг жамият ва фуқароларга таъсирини янада ўрганиш, интернет технологияларининг давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига, давлат органлари ва ташкилотларининг ишига кириб боришининг ижобий ва салбий оқибатларини аниқлашга, замонавий жамиятнинг кўлами ва тарқалиш тезлигига кўра мислсиз илмий-техник инновациялар натижаларига айланиб бораётган энг муҳим хусусиятларини аниқлашга қаратилган бир қатор тавсиялар ишлаб чиқилди.

Иштирокчилар рақамлаштиришнинг назарий ва амалий масалалари, шу жумладан, рақамли технологияларнинг аҳоли турмушининг сифатига таъсири, давлат ва жамиятда АКТ таъсири остида юзага келаётган ўзгаришлар, фуқароларнинг рақамлаштириш жараёнларига жалб этилганлиги масалалари, шунингдек, рақамли социологиянинг назарий-услубий асослари борасидаги ўз маҳоратини оширди.

8 643
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА