ЎзА Ўзбек

05.06.2018 18:35 Чоп этиш версияси

Жаҳон банки вакиллари билан учрашув

Жаҳон банки вакиллари билан учрашув
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, молия вазири Жамшид Қўчқоров Жаҳон банки вакиллари билан учрашди.

Учрашувда Жаҳон банкининг Иқтисодий консультантлар кенгаши консультанти Дэнни Лейпцигер, банкнинг Марказий Осиё бўйича етакчи иқтисодчиси Хулио Ревилья, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Хидеки Мори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги ходимлари иштирок этди.

Аввал хабар қилинганидек, Жаҳон банки мамлакатимиздаги иқтисодий ислоҳотларга кўмаклашаётган стратегик шериклардан биридир. Шу муносабат билан Жаҳон банки Ўзбекистон Республикаси учун Иқтисодий кенгаш ташкил этишда кўмаклашишни режалаштирган. Ушбу Иқтисодий кенгаш учун техник топшириқни ишлаб чиқш мақсадида Ўзбекистон Ҳукумати билан ишлаш учун Жаҳон банки томонидан Шарқий Осиё, Лотин Америкаси ва Кариб денгизи минтақаларида шундай кенгашларда ишлаб, бой тажриба орттирган Жаҳон банкининг собиқ вице-президенти, консультант Дэнни Лейпцигер ҳам ташриф буюрган.

Дэнни Лейпцигер – Жорж Вашингтон университетида халқаро бизнес ва халқаро муносабатлар профессори, Тараққиёт масалалари бўйича мулоқотнинг бошқарувчи директори. У 2004-2009 йилларда Жаҳон банкида қашшоқликни қисқартириш ва иқтисодий бошқарув бўйича тармоқнинг вице-президенти лавозимида ишлаган. Шунингдек, у Браун университетининг иқтисод фанлари доктори унвонига эга, иқтисодиёт ва молия, саноат сиёсати ва банк иши масалаларига доир, жумладан, Корея, Чили ва Шарқий Осиё мамлакатларида мунтазам иқтисодий мақолалар эълон қилади.

Учрашувда Жаноб Лейпцигер бундай кенгашларни ташкил этиш борасидаги халқаро тажриба ҳамда ушбу кенгаш томонидан амалга оширилиши мумкин бўлган ислоҳотлар дастури тўғрисида сўзлаб берди.

Янги ташкил этилаётган Кенгаш амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларда, масалан, солиқ ислоҳотига доир ягона ёндашувларни таъминлайди. Консультантнинг фикрича, солиқ ислоҳоти давлат бюджетига зарар етказмасдан, изчил, ислоҳот оқибатлари билан боғлиқ барча масалаларни (бюджетнинг узоқ муддатли барқарорлиги, макроиқтисодий оқибатлар, солиқ маъмурчилигининг самарадорлиги ва ҳоказо) қамраб олган ҳолда амалга оширилиши зарур.

Иқтисодий вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш, иқтисодий масалалар ва ислоҳотлар учун стратегик ва концептуал дасутриламални ишлаб чиқиш, шунингдек, миллий иқтисодий сиёсатнинг асосий параметрлари ва мўлжаллари Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш стратегияларининг ўрта ва узоқ муддатли истиқболларига мос бўлишини таъминлаш ижобий натижаларга эришишнинг асосий мақсадларидир.

Шунингдек, меҳмонлар томонидан “Тараққиёт мулоқоти – мамлакатларнинг барқарор ўсиши ва ҳар томонлама ривожланиши” мавзусида тақдимот ўтказилди.

Тараққиёт масалалари бўйича мулоқот сиёсатни ишлаб чиқувчиларга ривожланаётган мамлакатларда барқарор иқтисодий ўсиш ва фаровонликни ошириш бўйича ечимлар излаш билан шуғулланувчи экспертлар, олимлар ва арбоблар билан алоқаларни йўлга қўйиш имконини беради. Жаноб Лейпцигер шундай мутахассислар жамоасининг асосчиси ва бошқарувчи директоридир.

“Тараққиёт мулоқоти – мамлакатларнинг барқарор ўсиши ва ҳар томонлама ривожланиши” тузилмаси мамлакатлар ва уларнинг ҳукуматлари олдида турган глобал тараққиёт муаммоларини ёритишга қаратилган. У инновацион сиёсат, шаҳарларнинг барқарор ривожланиши, бандлик ва даромадларни тақсимлаш, давлатнинг ўрни каби масалаларга ихтисослашган.

Асосий вазифа – ривожланаётган мамлакатлар ва иқтисодий ривожланаётган мамлакатда сиёсатни ишлаб чиқувчиларга бошқа минтақалардан мустақил, ҳақиқий тавсиялар бериш ва уларни эмпирик тадқиқотлар натижалари билан таништириш.

Учрашувда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсишини янада жадаллаштиришнинг асосий омиллари муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, ресурсларни самарали тақсимлаш, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар, экспортни кўпайтириш (ички эҳтиёж чекланган шароитда), қишлоқ хўжалиги ва давлат корхоналарини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш, самарали солиқ тизимини яратиш Ўзбекистонда ЯИМни юқори суръатда оширишга хизмат қилиши мумкин.

ЎзА
5 444