ЎзА Ўзбек

15.10.2012 15:30 Чоп этиш версияси

“Ўзэкспомарказ” ярмаркага тайёр

Тошкентда 17-18 октябрь кунлари VIII Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси бўлиб ўтади

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 2005 йилдан ўтказилаётган мазкур ярмарка самарасида ўзбек пахта толасига халқаро бозорда қизиқиш тобора ортиб бораётир. Дастлабки ярмаркада дунёнинг 30 мамлакатидан 170 нафар вакил қатнашган бўлса, ўтган йили 38 давлатдан пахта ва тўқимачилик соҳасида фаолият кўрсатаётган 330 компаниянинг 660 нафардан ортиқ вакили ташриф буюрган эди. Жорий йилда уларнинг сони янада ортиши кутилмоқда.

Мамлакатимизда энг юксак талабларга жавоб берадиган пахта маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сотиш бўйича замонавий комплекс ташкил этилди. Илгари ярмаркада асосан тола сотиш бўйича шартномалар имзоланган бўлса, кейинги йилларда мамлакатимиз тўқимачилик маҳсулотлари ҳам ташқи бозорда ўз ўрнини топиб бормоқда.

“Ўзэкспомарказ” миллий кўргазма компаниясидан маълум қилишларича, VIII Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркасини юқори савияда ташкил этиш, иштирокчилар ва меҳмонлар учун барча шароитларни яратиш юзасидан қизғин тайёргарлик кўрилган. Хусусан, кўргазма зали марказида турли навли пахта толаси ва ғўза уруғи намуналарини намойиш қилиш учун махсус стенд ўрнатилган.

Пахта ва тўқимачилик тармоғи маҳсулотлари алоҳида павильонларда намойиш этилади. Пахта хомашёси кўргазмасида мамлакатимиз пахта толасининг саккиз юздан ортиқ намунасини қўйиш мўлжалланган. Улар “Сифат” Ўзбекистон пахта толасини сертификатлаш маркази сертификатига эга. Марказнинг барча ҳудудий лабораторияларида HVI замонавий тизимидан фойдаланилаётгани пахтамизнинг юқори сифатлилигини таъминланмоқда.

Тўқимачилик маҳсулотлари павильонида “Ўзбекенгилсаноат” давлат акциядорлик компаниясининг бир қатор етакчи корхоналари, хусусий тадбиркорлар ўзларининг экспортга мўлжалланган тўқимачилик маҳсулотлари билан иштирок этади. Юртимизда тайёрланаётган енгил саноат маҳсулотлари сифати ва дизайни хорижникидан қолишмайди. Шу боис уларга хорижда ҳам талаб катта.

Кўргазма стендларини жойлаштириш бўйича бадиий лойиҳа ишлаб чиқилди. Азалий қадриятларимиз, ишлаб чиқариш соҳасида эришаётган ютуқларимизни жаҳонга кўрсатиш ва уларнинг янада юксалишини таъминлаш мақсадида ярмарка доирасида миллий матолардан яратилган либослар намойишини ўтказиш ҳам режалаштирилган.

Ҳамкорлик шартномаларини тузиш, тақдимот маросимларини ўтказишга мўлжалланган конференция зали халқаро талаб ва стандартларга мос жиҳозланди.

Мазкур анжуман мамлакатимизнинг савдо-иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлаш, иқтисодиётимизни янада ривожлантириш ва халқаро майдонда рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади. 


ЎзА, Сайёра Шоева
13 694