ЎзА Ўзбек

02.04.2018 10:32 Чоп этиш версияси

“Яширин” иқтисодиёт қачон қисқаради?

Маълумотларга кўра, Марказий банк банклар, микрокредит ташкилотлари, ломбардлар ва кредит бюролари фаолиятини тартибга солади ҳамда назорат қилади. Шунингдек, улар томонидан ички назорат қоидаларига ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ ахборотни махсус ваколатли давлат органига тақдим этиш тартибига риоя этилиши устидан мониторинг олиб боради.

Шундай экан Ўзбекистонда инфляция хавфининг олдини олиш, уни тартибга солиш, пулни кафолатлашга доир ҳуқуқий ҳужжатларда Марказий банкнинг ўрни қандай?

Бу саволга эксперт, ҳуқуқшунос, иқтисодчи Адҳам Шодмонов ойдинлик киритди:

– Бу каби масалалар 1995 йил 21 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни билан тартибга солинади.

Хусусан, қонуннинг 3-моддасида марказий банкнинг бош мақсади миллий валютанинг барқарорлигини таъминлашдан иборат деб кўрсатилган. Шунингдек, мамлакат расмий олтин-валюта резервларини, келишувга биноан ҳукумат резервларини қўшган ҳолда, сақлаш ва тасарруф этиш, давлат бюджетининг касса ижросини Молия вазирлиги билан биргаликда ташкил этишга масъул ва ваколатли ҳисобланади.

Президентимизнинг 2017 йил 2 сентябрда қабул қилинган “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони корхоналар ва фуқароларга чет эл валютаси операцияларини амалга ошириш учун банкларда эркин сотиб олиши ва сотишига кафолат яратди. Бундай тарихий даврдан биз албатта ўтишимиз керак эди. Зеро, корхоналаримиз учун бозор курсида чет эл валютасини сотиб олиш имкониятининг яратилиши “яширин” иқтисодиётнинг қисқаришига ва пул маблағларини том маънода банк айланмасига жалб қилишга хизмат қилади.

Биз шу пайтгача амалдаги тизим доирасида тадбиркорлик субъектларининг жиддий бизнес лойиҳаларини амалга ошириш, хорижлик ҳамкорлар билан тенгма-тенг савдо фаолиятини бошлашда доимо нимадандир ҳайиқишини кузатардик. Уларнинг “бир мучаси” бутун эмасдек эди. Энди эса мамлакатимиз экспорт салоҳиятининг оширилишига мустаҳкам замин яратилди, хорижлик ишбилармонларнинг бизга муносабати ўзгарганлиги ва ишончи нақадар ортганлигини ўз кўзимиз билан кўряпмиз, юртимизда ишбилармонлик ва инвестиция муҳити сезиларли яхшиланди.

Қолаверса, айрим тармоқлари ва хўжалик юритувчи субъектлари учун алоҳида имтиёз ва преференциялар бекор қилинганлиги боис, тадбиркорлик субъектлари ўртасида бизнесни бир хилда тенг юритиш имкони батамом очиб берилди. Параллел чет эл валютаси бозори ва айирбошлаш курсларига барҳам берилди.

Савол: Маълумотларга кўра бундан 15-17 йил олдин Туркияда пул қадрсизланиб, одамлар кўчада сумка тўла пул олиб юрган...

– Дарҳақиқат, 2001 йил февраль ойида Туркияда шундай ҳолат юз берган. Бироқ, бу ҳолат жаҳон тарихида инфляция эмас, Туркиянинг қатор банклари инқирози деб тан олинган.

Бирваркайига бир неча молия муассасалари инқирозга юз тутишига сабаб, ўша пайтдаги жаҳон бозорларидаги турли молиявий суистеъмолликлар ва қаллобликларнинг фош этилиши туфайли жаҳон капиталлари (мулк, олтин захира, пул) миқёсида турк банкларига қарз бериш шарт-шароитлари жиддий қийинлаштирилган эди. Шу тариқа турк банкларининг касодга учраши миллий молия тизимини ағдар-тўнтар қилган эди.

Туркиядаги бундай беқарорликнинг бир қанча сабаблари бор эди. Анъанавий – қарзнинг ошиб кетиши, валюта бозоридаги турли курсларнинг бирваракайига муомалада бўлиши, банк тизимидаги муаммолар, яъни мамлакатдаги бюджет тақчиллиги шулар сирасидандир. 2000 йил охирига келиб, бюджет тақчиллиги 12 фоизга етиб, инфляция 40 фоиз, давлат қарзи эса ЯИМнинг 53 фоизини ташкил этган эди.

Оқибатда турк банкларига нисбатан ишонч йўқолиб, уларнинг хусусий капитали даражаси ва активлари миқдори пасайиб кетган. Ҳисоб-китобларга кўра, турк банкларининг капитали қўшиб ҳисобланганда, дунёда энг етакчи бўлган исталган банкнинг 20 фоизига ҳам етмасди.

Яна бир масала, банк ходимларининг касбий нолойиқлиги ва мижозлар имкониятини таҳлил қилиш малакаси йўқлиги боис банклар зиммасига олган кредитларнинг 17 фоизини қайтара олмаган. Турк банклари асосан зудлик билан даромад олишга ва давлат ғазначилик “қарзнома”ларига боғланиб фаолият юритганлиги ҳам ана шундай омиллардан биридир.

Туркия бундай вазиятдан чиқиш учун янги “регуляторлар”ларни (дунё тажрибасида асосан давлат тузилмаси) таъсис этиб, давлат банклари мажбуриятларининг салкам 25 фоизини уларнинг зиммасига юклаб қўйди. Кўплаб банклар тугатилди. Албатта бу жараён “арзон-гаровга” тушгани йўқ, бунинг учун Туркия ўз ЯИМнинг салкам учдан бирини (50 млрд. доллар) инқироздан чиқишга сарфлашга мажбур бўлган эди.

Telegram-UzA.jpg


Сайёра Шоева, ЎзА
10 017