ЎзА Ўзбек

13.07.2018 15:26 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда саноат ишлаб чиқариш ўсди

Ўзбекистонда саноат ишлаб чиқариш ўсди
Давлат статистика қўмитаси 2018 йил январь – июнь ойларида мамлакатимиздаги саноат ишлаб чиқаришнинг ўсиш ҳажми ҳақида маълумот берди.

Унга кўра, жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида мамлакатимиз корхоналари томонидан 94,0 трилион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлиб, бу ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан ўсиш суръати 110,7 фоизни ташкил этмоқда.

Ўз навбатида, саноатда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан трактор ишлаб чиқариш 5,6 мартага, акрил ва винил полимерлари асосидаги бўёқлар ва лаклар – 28,2 фоизга, автомобиль двигателлари 22,9 фоизга, енгил автомобиллар (ихтисослаштирилганларсиз) 18,4 фоизга, дизел ёқилғиси 17,9 фоизга, ўсимлик ёғи (тозаланган) 10,5 фоиз, автомобиль бензини 3,1 фоизга ҳамда пахта толаси 1,4 фоизга ошган.

Автобуслар, юк автомобиллари ва портландсемент маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан пасайганлигини кўрсатмоқда.

Республика саноат ишлаб чиқариш ҳажми таркибида энг кўп Тошкент шаҳри, Тошкент, Навоий, Андижон, Қашқадарё, Фарғона вилоятларининг ҳиссасига тўғри келмоқда. Энг кам улуш Сурхондарё, Жиззах, Сирдарё, Наманган ва Хоразм ҳисобланади.

Мамлакатимизда 52,8 мингдан ортиқ саноат корхонаси фаолият юритади. Улардан 5753 тасини янги саноат корхоналари ташкил этади. Шундан қарйиб 69 фоизи Тошкент шаҳри, Тошкент, Фарғона, Андижон, Самарқанд ҳамда Наманган вилоятларига тўғри келади.

ЎзА
5 945