Ўзбекистонда ўрта муддатли бюджет тизими жорий этилади
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида ўрта муддатли бюджет тузиш концепцияси ҳамда Наманган шаҳри мисолида бюджетни ўрта муддатга тузиш услубий қўлланмасининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида ўрта муддатли бюджет тузиш концепцияси ҳамда Наманган шаҳри мисолида бюджетни ўрта муддатга тузиш услубий қўлланмасининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Молия вазири ўринбосари Ё.Турсунов, вазирлик ўқув маркази директори Б.Нурматов ва бошқалар давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг парламентга Мурожаатномаси ҳамда Ҳаракатлар стратегиясини Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида амалга оширишга оид Давлат дастурида бюджет даромадлари ва харажатларининг халқ учун очиқ ва ошкора бўлишини таъминлаш, шунингдек, давлат молиясини бошқаришда ўрта муддатли моделга босқичма-босқич ўтиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилганини таъкидлади.
Мамлакатимизда амалдаги тартибларга мувофиқ, давлат бюджети индексацияларни қўллаш методи билан бир йиллик асосда тузилади. Чунки бюджет маблағларини тақсимловчилар ва бюджет ташкилотлари ўзларининг истиқболларини режалаштирилган йилдан узоқроқ даврга прогнозлаштира олмайди. Бунинг асосий сабаби эса келажакдаги макроиқтисодий ўзгаришларни ва уларнинг фискал кўрсаткичларга таъсирини олдиндан кўра билиш имконияти йўқлигидир.
Ўрта муддатга бюджетни режалаштириш – давлат бюджетини бир неча йилга (қоида тариқасида 3-5 йилга) тузиш жараёнидир. Ривожланган хориж мамлакатларида ушбу тизим шакллантирилган. Мамлакатимизда ҳам ушбу тизимни жорий этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда ва дастлабки шарт-шароитлар яратилмоқда.
Жумладан, валюта курси либераллаштирилди ва натижада ўзбек сўмининг курси барқарорлашди. Маъмурий ислоҳотлар концепцияси стратегик режалаштириш тизимини яратишни кўзда тутади. Унга кўра, «қисқа муддатли», «ўрта муддатли», «узоқ муддатли» каби тушунчалар киритилмоқда. 2018 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ривожланиш дастурларини молиялаштириш ва шакллантиришнинг янги тартиби жорий этилди.
Ўрта муддатли бюджет тузиш концепциясига кўра, ўрта муддатли бюджетни режалаштириш жараёни “юқоридан-пастга” ва “пастдан-юқорига” ёндашувлари асосида амалга оширилади. Яъни, “юқоридан-пастга” ёндашувида макроиқтисодий прогноз моделлари асосида 3-4 йиллик бюджетнинг юқори чегаралари аниқланади, “пастдан-юқорига” ёндашувида эса вазирлик ва идораларнинг бюджет сўрови кўринишида бюджет маблағларига 3-4 йиллик талаби аниқланади.
Тадбирда Ўзбекистонда илк бор Наманган шаҳрида 2018-2020 йиллар учун ўрта муддатли бюджет ишлаб чиқилгани ва халқ депутатлари шаҳар Кенгаши томонидан қабул қилингани таъкидланди. Услубий қўлланма Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тараққиёт дастури ва Буюк Британиянинг мамлакатимиздаги элчихонаси техник кўмагида ишлаб чиқилди. Қўлланма ўрта муддатли бюджетлаштириш жараёнини тўлиқ ёритишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
– Буюк Британия элчихонаси ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлаш имконияти мавжудлигидан жуда мамнун, – дейди Буюк Британиянинг мамлакатимиздаги элчихонаси секция мудири Жо Бидсвосу. – Халқаро тажрибадан маълум, мазкур лойиҳа давлат бюджети сектори самарадорлигини оширади ва унинг очиқлигини таъминлайди. БМТ тараққиёт дастурида кўзда тутилган лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорликни давом эттиришга тайёрмиз.
Услубий қўлланма икки қисмдан иборат. Биринчи қисмда Ўзбекистон Республикасининг бюджет тизими ва тузилмаси назарий жиҳатдан таърифланган. Иккинчи қисмда ўрта муддатли бюджетлаштириш жараёнлари акс этган. Қўлланмани яратишдан олдин мутахассислар томонидан Наманган шаҳридаги бюджет ташкилотлари ходимлари ўртасида сўров ўтказилган.
Ушбу лойиҳа илк бор кенг омма муҳокамасига қўйилди. Унда билдирилган таклиф ва тавсияларга асосан Наманган шаҳрининг маҳаллий бюджети мисолида ўрта муддатли бюджет шакллантирилди. Тақдимот жараёнида 2018-2020 йиллар учун прогноз лойиҳа намойиш этилди.