ЎзА Ўзбек

06.12.2018 16:48 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда пиллачилик тармоғи жадал ривожлантирилади

Ўзбекистонда пиллачилик тармоғи жадал ривожлантирилади
2019 йилдан бошлаб белгиланган миқдордан ортиқча пилла топширган ташкилотларга маҳсулот нархига қўшимча равишда устамалар берилади.

 

Бугун республикада пиллачилик тармоғини ривожлантириш, пилла етиштириш ва уни қайта ишлаш жараёнига замонавий, инновацион технологияларни жорий этиш, ипак маҳсулотлари ишлаб чиқариш, экспорт қилиш ҳажмларини ошириш ҳамда тармоққа тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республикада пиллачилик тармоғини жадал ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳада олиб борилаётган ана шу ислоҳот ва чора-тадбирларни энди янада жадаллаштиришга, мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этишга хизмат қилади. 

Тайёрланиши содда бироқ айни пайтда анча мураккаб бўлган ипак матоси ўзининг пишиқлиги, майинлиги ва лов-лов товланиши билан азал-азалдан жуда қадрлаб келинган. Қадимда мағрибдан машриққа уланган дастлабки савдо маршрутларини айнан Буюк Ипак йўли деб номланиши ҳам бу неъматнинг инсоният тарихида тутган ўрни нақадар беқиёслигини кўрсатади. Илгарилари фақат бой-бадавлат кишилар уст-боши учун ишлатиладиган ушбу ноёб матони тайёрлашда пилла қурти бир ой мобайнида ўз вазнидан 20 марта оғир бўлган тут баргини ейиши лозим бўлади. Хуллас, бу машаққатли ҳунар турини яхши ўзлаштирган Хитой, Ҳиндистон каби мамлакатлар қаторида Ўзбекистон ҳам пиллачиликни ривожлантириш йўлида анча илдам қадамларни ташламоқда. Мисол учун бугун мамлакатимиз пиллачилик тармоғида 39 та пиллани қайта ишлаш корхонаси фаолият олиб бормоқда. Пиллачиликда 14500 киши доимий ва деярли 411 минг нафари мавсумий иш билан таъминланган. Республикадаги тутзорларнинг умумий майдони 45,8 минг гектарни, тут дарахтлари сони 220 млн. тупни ташкил қилади. Бироқ бу камми ё кўп? Мутахассисларнинг сўзларига кўра, агар соҳада барча имкониятларимизни ишга соладиган бўлсак, ушбу рақамларни яна бир неча баробарга ошира оламиз. 

Бугун соҳада ҳали ҳал этилмаган айрим камчиликлар ҳам йўқ эмас. Масалан, пиллачилик тармоғининг озуқа базасида камомадлар бор. Бу эса қайта ишлаш ташкилотларини пилла хом ашёси билан тўлиқ таъминлаш имконини бермаяпти ва шу сабаб ипак қурти уруғининг аксарият қисмини импорт қилишга тўғри келмоқда. Жумладан, 2018 йилда 91% ипак қурти уруғи четдан олиб келинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республикада пиллачилик тармоғини жадал ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тармоқни юксалтиришнинг янги босқичига қадам қўйилди. 

Президент қарорига мувофиқ, 2019-2021 йилларда пиллачилик тармоғи ташкилотлари томонидан томорқа ерларида, аҳоли хонадонларида тут кўчатлари экишни ва парранда боқишни ташкил этишнинг мақсадли прогноз параметрлари ишлаб чиқилди. Унга кўра, уч йил давомида 200 минг хонадоннинг томорқа ерларига 40 млн. туп тут кўчатини экиш, пиллачиликка жалб қилишни рағбатлантириш мақсадида уларга 10 млн. бош парранда етказиб бериш режалаштирилди. Бундан ташқари, умумий қиймати 33 млн. АҚШ долларига тенг бўлган жами 2,200 та ипак қуртини парваришлаш иншоотлари ҳам барпо этиладиган бўлди. 

Демак, Президент қарорига мувофиқ, 2019 йилдан бошлаб белгиланган миқдордан ортиқча пилла топширган ташкилотларга маҳсулот нархига қўшимча равишда устамалар бериладиган бўлди. Яъни пилла етиштирувчига энди шартномада белгиланган миқдордан 5 килограммгача ортиқ бўлган пилла ҳосили учун 15 фоиз, ундан юқори бўлган ҳосилга 25 фоиз устама тўланади. Бундан ташқари, 2019–2021 йилларда “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибига кирувчи ташкилотларнинг лойиҳаларини молиялаштиришга ажратиладиган банк кредити ставкасининг 50 фоизи лекин 10 фоизлик ставкадан ортиқ бўлмаган миқдори Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан компенсация қилинади. 

Пиллачилик билан шуғулланадиган ташкилотларнинг оёққа туриб олишига кўмаклашиш мақсадида уларга солиқ ва божхона имтиёзлари ҳам берилмоқда. Хусусан, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибига кирувчи мазкур ташкилотлар 2023 йил 1 январга қадар мол-мулк ва ер солиқларини тўлашдан озод этилиб, хусусий хорижий инвестициялар ҳисобига олиб кирадиган технологик ускуналари божхона имтиёзларига эга бўлади. Биргина шарти, ушбу ускуналарнинг ишлаб чиқарилган йили 7 йилдан ошмаган бўлиши керак холос. 

Бироқ ушбу имтиёзларга эга бўлиш учун пиллачилар ҳам ўз навбатида маълум вазифаларни бажаришлари лозим бўлади. 

Қарорга мувофиқ, 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб тармоқ ташкилотлари ходимларини олий таълим муассасаларининг сиртқи бўлимларида ўқитиш тартиби ҳам жорий этилади. Улар тўлов-контракт асосида тест синовларисиз ўқишга қабул қилинади. 

Дарвоқе, ҳар йили ўтказиладиган анъанавий тадбирларимиз сафи ҳам янада кенгаядиган бўлди. 2019 йилдан бошлаб, юртимизда энди Халқаро ипакчилик форуми ва “Ипак ва Мода” (“Silk & Fashion”) халқаро ипакчилик кўргазмаси ўтказилади. Маданий мерос объектлари ҳудудларида эса “Uz-Silk” миллий бренди остида ипак матолар ва тайёр ипак маҳсулотлари кўргазма-савдо расталари, ипакдан тикилган либослар ва ипак буюмларнинг мода кўргазмалари ташкил қилинади. 

Маълумот ўрнида, 2017 йили Сурхондарё вилоятида тажриба тариқасида 400 гектар майдонда интенсив ўрма тутзорлар барпо этилган ва орадан 4 ой ўтиб ундан озуқа қиймати юқори бўлган ҳосил олинган эди. Эътиборли томони ҳосилни бундай усулда ҳар 45 кунда ёки йилига 4 мартагача олиш мумкин экан. Таққослайдиган бўлсак, маҳаллий тут кўчати 3 йилдан кейин ҳосил беради. Президент қарорига мувофиқ, Хоразм вилоятида инновацион технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда ҳосилдорлиги юқори бўлган ана шундай интенсив тутзорларни барпо қилиш, сифатли ипак қурти уруғи етиштириш, замонавий ипак қуртини боқиш иншоотларини қуриш асосида пилла етиштириш ва уни қайта ишлашнинг намунавий тизимини жорий этиш кўзда тутилган. Бир сўз билан айтганда матоларнинг қироличаси бўлган шойининг баланд мавқеини яна тиклаш ва уни ҳақиқий маънода ўзбекнинг бренд маҳсулоти даражасига олиб чиқиши мумкин бўлган катта йўлга қадам ташланди. 

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси 
ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа 
маркази билан ҳамкорликда тайёрланди 

ЎзА
1 785