ЎзА Ўзбек

18.10.2012 17:00 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда пахтачиликни ривожлантириш борасида изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак самаралар бермоқда

Тошкентда 17-18 октябрь кунлари бўлиб ўтган VIII Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркасида дунёнинг қирққа яқин мамлакатидан пахта бизнеси ва йирик тўқимачилик компаниялари вакиллари, соҳа мутахассислари, экспертлар ва олимлар иштирок этди. ЎзА мухбирлари ярмарканинг айрим иштирокчилари билан суҳбатда бўлди.

Прерна Суд хоним, Ҳиндистон Тўқимачилик вазирлиги департаменти директори:

– Ҳиндистонда тўрт миллиондан зиёд аҳоли тўқимачилик соҳасида фаолият юритади. Мазкур соҳа мамлакат иқтисодиётининг асосий даромад манбаларидан бири ҳисобланади. Экин майдонларининг аксарият қисмига пахта экилади. Ташкилотимиз пахта экспорти билан шуғулланади.

Ҳиндистонда Ўзбекистон пахта бозорига катта қизиқиш билан қаралади. Ҳар гал ушбу ярмаркага келганимизда, мамлакатингизда пахтачилик жадал ривожланиб, соҳада амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ўзининг юксак самараларини бераётганининг гувоҳи бўламиз. Тошкентда ташкил этилган VIII Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси мамлакатингизнинг жаҳон пахта бозорида етакчи ўринлардан бирида туришини яна бир бор тасдиқлади.

Президент Ислом Каримов раҳнамолигида иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг экспорт салоҳиятини ошириш, ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар Ўзбекистон тўқимачилик саноати корхоналари фаолиятида ҳам ўз самараларини бермоқда. Корхоналарда ўрнатилган замонавий технологиялар ёрдамида хомашёни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришда юқори натижаларга эришилаётир.

Тору Суэхиро, Jetro – Япония ташқи савдо ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари:

– Ташкилотимиз Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари билан ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш билан шуғулланади. Японияда Ўзбекистонга иқтисодиёти барқарор ривожланаётган мамлакат сифатида алоҳида эътибор билан қаралади. Мамлакатингизда тўқимачилик саноатини изчил тараққий эттиришга улкан эътибор қаратилмоқда. Зеро, бу соҳа иқтисодий ривожланишнинг муҳим бўғинларидан ҳисобланади. Бу борада “Ўзбекенгилсаноат” давлат-акциядорлик компанияси томонидан изчил саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистонда толаси пишиқ, юксак сифатли, барча зарур стандартларга жавоб берадиган пахта етиштирилади. Бу кўплаб давлатларни мамлакатингиз билан пахта бизнеси йўналишида фаол ҳамкорлик қилишга, Ўзбекистон пахта бозорини муттасил ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Бугун Ўзбекистон пахта экспорти бўйича дунёда учинчи ўринни эгаллаши мамлакатингизда пахта ишлаб чиқаришга қаратилаётган катта эътибор самараларидандир.

Бутун дунёда табиий маҳсулотлардан кийим кийиш кенг урфга кирмоқда. Бу соғлиқ учун ҳам фойдали. Шу боис ўзбек пахтасига талаб тобора ошаётир. Ўзбекистоннинг пахта бозорида яратилган улкан имкониятлар ва қулай шарт-шароит Япония компанияларини мамлакатингиз билан ҳамкорлик қилишга, бу ерга сармоя киритишга бўлган қизиқишини тобора оширмоқда.

Зариқ Жамил, “Farhan Cotton Merchants” компанияси президенти (Покистон):

– Компаниямиз пахта савдоси билан шуғулланади. Мазкур ярмарка жаҳон пахта бизнесини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Юксак савияда ташкил этилган ушбу анжуман Ўзбекистон пахтачилигидаги сўнгги ютуқлар, хомашёни етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш жараёни билан яқиндан танишиш имконини берганидан мамнунмиз. Ярмаркада, шунингдек, жаҳон пахтачилигидаги янгиликлар, янги анъана ва тенденциялар юзасидан фикр алмашдик.

Ўзбекистон нафақат пахта экспорт қилувчи, балки уни қайта ишловчи саноат ривожланган мамлакатга айланиб бормоқда. Ярмаркада Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган тайёр тўқимачилик маҳсулотлари экспозицияси кўпчиликда катта қизиқиш уйғотгани бунинг ёрқин далилидир.

Аҳмад Ғасабий, “Electro Movaled” компанияси раиси (Эрон):

– Президент Ислом Каримов ташаббуси билан ҳар йили ўтказилаётган ушбу халқаро пахта ярмаркаси пахта етиштирувчилар билан харидорлар ўртасида савдо-иқтисодий муносабатларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда. Ушбу ярмаркада мен ҳам бир неча йилдан буён иштирок этиб келяпман. Мазкур нуфузли анжуманда барча мутахассислар ва саноатчиларнинг мамлакатингиз ишбилармонлари билан музокара олиб бориши ва шартномалар тузиши учун ҳар гал зарур қулайлик ва имкониятлар муҳайё этилади.

Ўзбекистон билан Эрон ўртасидаги ҳамкорлик пахтачилик саноати соҳасида ҳам изчил тараққий этмоқда. Жаҳон бозорида ўзбек пахтасига қизиқиш йилдан-йилга ошиб, унга харидорлар сафи кенгайиб бораётир. Ўзбекистон пахтаси дунёдаги энг сара ва аъло сифатли пахта ҳисобланади. Шу боис бошқа ишбилармонлар қатори эронлик тадбиркорлар ҳам ўзбек пахтасига катта қизиқиш билан қарайди. Ўтган йилги ярмаркада йигирма минг тонна пахта харид қилган эдик. Жорий йилда ушбу кўрсаткич янада ошади.

Лю Чан Ху, “Xingjiang Puliant” компаниясининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси директори (Хитой):

– Мазкур халқаро ярмарка Ўзбекистонда етиштирилган толани сотишнинг янги бозор механизмининг муҳим бўғинларидан бирига айланди. Бу галги анжуман ҳам Ўзбекистон иқтисодий сиёсатининг самарадорлиги, мамлакатингизда амалга оширилаётган ва давлатингизнинг иқтисодий қудратини янада мустаҳкамлашга, иқтисодиётнинг муҳим тармоқларини жадал ривожлантиришга қаратилган улкан туб ўзгаришларнинг ёрқин намойиши бўлди. Анжуманнинг йил сайин нуфузи ва иштирокчилари сони ортиб бораётганини таъкидлашни истардим.

Ташкилотимиз Ўзбекистондан Хитойга пахта толаси ва йигирилган ип етказиб бериш билан шуғулланади. Ўзбекистон пахтасининг сифати жуда юқори. Бу бутун дунёдан харидорлар сонини кўпайтиришга хизмат қилаётир.

Ҳалид Рашид, “Winco” компаниясининг бошқарувчи директори (Покистон):

– Пахта савдоси билан шуғулланувчи компаниямиз Хитой, Вьетнам, Бангладеш каби давлатларга пахта етказиб беради. Юқори сифатли ўзбек пахтасига талаб катта бўлгани боис йилига 25-30 минг тонна пахта толаси сотиб оламиз. Юртингизда етиштириладиган пахта толаси узун ва пишиқ, халқаро талабларга тўлиқ жавоб беради. Ўзбекистонда пахтачилик мажмуини ривожлантириш борасида ҳар томонлама пухта ўйланган стратегия амалга оширилмоқда. Бу ерда селекция, уруғни туманлаштириш, ҳосилни йиғиб олиш ва сақлашдан харид қилинган пахта толасини истеъмолчиларга етказиб беришгача бўлган барча жараён аниқ ишлаб чиқилган.

Президент Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган ва жаҳоннинг кўплаб мамлакатларидан вакиллар иштирок этган мазкур анъанавий халқаро ярмарка биз, тадбиркорлар учун ўзаро ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидламоқчиман.


ЎзА, Нодира Манзурова, Ирода Умарова, Мадина Умарова
9 274