Ўзбекистонда қора гуручнинг янги нави яратилди
Тошкентлик тадқиқотчи тадбиркор Равшан Асамитдинов бир неча йиллик изланишлари самарасида қарийб 0,7 гектарда тибет қора гуручини етиштириб, Ўзбекистон шароитида 500 килограмм ҳосил олди.
Тошкентлик тадқиқотчи тадбиркор Равшан Асамитдинов бир неча йиллик изланишлари самарасида қарийб 0,7 гектарда тибет қора гуручини етиштириб, Ўзбекистон шароитида 500 килограмм ҳосил олди. Комбайндан фойдаланганда шолининг сифатига салбий таъсир бўлгани учун шолини бандидан сифатли ажратадиган қўлбола ускуна ҳам ясалди.
Ўзбекистонда шолининг оқ, сарғиш, қизғиш рангда бўлишига кўпчилик ўрганиб қолган. Дунёда қора рангдаги гуруч борлиги ва унинг фойдали жиҳатлари ҳақида ҳамма ҳам билавермайди.
Соҳа вакилларининг маълум қилишларича, қора гуруч антоцианин (кучли антиоксидант), В витамини, ниацин, Е витамини, кальций, магний, марганец, темир ва рухга бой бўлиб, қадимда фақатгина император дастурхонига тортилган. Пиширилганда сиёҳрангга кирувчи бу гуручни истеъмол қилиш оддий халққа тақиқланган.
Оқланмаслиги сабабли, гуруч ўзида барча дармон дориларни сақлаб қолади. Шунинг учун ҳам хитойликлар қора гуручни камқонлик, кўз касалликлари, соч тўкилиши, организм қаришининг олдини олиш учун истеъмол қилишади. Бундан ташқари, мазкур навда оддий шолига нисбатан икки баробар кўп оқсил ва клетчатка бўлиб, иммунитетни кўтариш хусусиятига эга. Олиб борилган тадқиқотлар натижасига кўра, қора гуруч парҳезли маҳсулотлар сирасига кириб, у астмани келтириб чиқарувчи бактерияларни нобуд қилади, турли хил тери касалликлари, шишлар, аллергиянинг олдини олади, ичакларни тозалайди. Ҳаттоки, саратоннинг илдизини кесади деган миш-мишлар ҳам бор.
Энг қувонарлиси, тибет қора гуручи маҳаллий оқ гуруч билан чангланиши натижасида янги гуруч тури пайдо бўлди.
- Унинг 317 донаси 6 грамм бўлиб, ҳовлида экиб кўпайтиришда давом этаяпмиз, - дейди тадбиркор Равшан Асамитдинов. - Агар бу авлод ҳам қора рангини сақлаб қолса, патентга топширмоқчимиз. Номини ҳам ўйлаб қўйдим, "қора шаҳзода" - "черный принц".